Қорақалпоқ халқи оғир жудоликка учради. Муса Ерниязовнинг Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёти, қурилиши, қонунчилиги, давлатчилиги, маданияти ва адабиёти, миллий қадриятлари ривожланиши йўлида бажарган хизматларини бутун халқимиз, мамлакатимиз эътироф этмоқда. Кичик манфаат учун бир қоп гуруч ичидан бир дона курмак қидирган номардлар ҳам Муса Тажетдинович бутун ҳаётини ҳалқ манфаати йўлида сафарбар этганини тан олишга мажбур бўлади.
2002 йилни ёши катта авлод вакиллари унутгани йўқ. Апрель ойида ҳали ариқларга сув келмаган, икки йил давом этган сув танқислиги оқибатида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёти пасайган, қишлоқ хўжалиги ночор аҳволда қолган, овул ва шаҳар кўчаларидаги дарахтлар сувсизликдан япроқларини тўкаётган бир пайтда аниқроғи 2 май куни Муса Тажетдинович Ерниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига раис бўлиб сайланган эди.
Хуллас, шундан буён ўтган 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини баён қилиш учун газета саҳифалари камлик қилади. Муса Ерниязовнинг халқ учун амалга оширган хизматлари тўғрисида Ўзбекистон Президенти шундай деди.
“— Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз”.
Дарҳақиқат, Муса Ерниязов юрт учун жуда катта ишлар қилган бўлса ҳам олдига қўйган мақсадлари ундан ҳам юксак эди.
У кам умр кўрди, демоқчи эмасмиз. Лекин, унинг ҳаёти куну-тун, бир соат ҳам бемалол, ташвишсиз кечмади, ҳаёти давомида қилган хизматларининг самарасини кўриб, Қаллибек оғага ўхшаб, ёши улуғлик, кексалик давронини сура олмагани ачинарлидир. Бандалик экан.
Муса Ерниязовнинг “Шорша баба” қабристонида қабрини зиёратлаган Президентимиз: — Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади, дея таъкидлади. Албатта, шундай бўлади. Бағри кенг халқимиз Муса Ерниязовдек фидойи азаматини мангу унутмайди.
Кенесбай Каримов,
Қорақалпоғистон халқ шоири.