ХОТИРАСИ МАНГУ ЯШАЙДИ


Шу кунларда, Қорақалпоғистон учун ҳаммамиз учун энг оғир ва синовли кунлар бўлмоқда. Юртимиз раҳбари, қорақалпоқ миллатининг катта жонкуяри, Қорақалпоғистон  Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовни сўнгги йўлга кузатар эканмиз, кўз олдимизда янгиланган озод ва обод Қорақалпоғистон гавдаланади.

Муса ака жуда инсонпарвар киши эди. Кам гапирар лекин тинимсиз ишларди. Биз ҳеч қачон унинг меҳнат таътилига чиққанини ёки қаергадир дам олишга кетганини эшитган эмасмиз. У ҳамиша юрт тақдири, халқининг омонлиги, тўла тўкис фаровон тинч осойишта ҳаётини ўйлаб яшади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам у қорақалпоқ халқининг ҳаётини яхшилаш, Қорақалпоғистонни янада равнақ топтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар инсоннинг тинч ва осойишта бекаму-кўст яшаши йўлида барча имкониятлардан фойдаланар эди.

У Қорақалпоғистон ҳаётини бутунлай янгилади. Пойтахтимиз Нукуснинг кўчаларидан бир ўтган киши бу шаҳар қорақалпоқ халқининг ойдин келажагига катта йўл эканлигини албатта англаб етади.

Давлатимиз раҳбари Муса Ерниязовни жуда қадрлар эди. Уларнинг оға-инилик дўстлиги туфайли муҳтарам Президентимиз қорақалпоқ халқининг дўсти, ғамхўри­ бўлиб келмоқда. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистон бўйича қабул қилинган ҳар бир фармон, қарор ёки дастур бўлсин М.Ерниязовга катта таянч, амалга ошириладиган ишларга очилган йўл, катта дастуриламал бўлиб хизмат қилди.

Қорақалпоғистонда энг қолоқ соҳа қишлоқ хўжалиги гуркираб ривожланди, бирорта  корхонаси йўқ юртимиз катта саноат майдонига айланди. Йирик завод ва фабрикалар фаолияти, инвестицияларнинг кириб келиши туфайли очилган, ер ости ер усти бойликларининг ­халқимиз турмуш фаровонлиги учун хизмат қилаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Орол кетиб юртимиз экологиясининг бузилиши оқибатлари, бу ин­қирозларнинг олдини олиш, Устюрт, Мўйноқ ҳаётини янгилашда М.Ерниязов Президентимиз Ш.Мирзиёевга елкадош бўлиб  бутун дунё эътиборини Орол инқирози оқибатларини бартараф қилишга қаратдилар.

 Бугунги кунда биргина Мўйноқдаги оламшумул янгиланишлар нафақат юртдошларимизни балки бутун дунё аҳлини ҳайратга солмоқда.

Ерниязов бағри кенг миллатпарвар, маънавият, маданият, адабиёт, санъат ривожланишига ҳам катта йўллар очиб бергани ҳеч кимга сир эмас.

Қорақалпоқ санъати жаҳон саҳналарига чиқди. Янги опералар, бадиий фильмлар яратилди. Қорақалпоқ халқи тарихининг янги саҳифаларини излаш, янгилаш, шу юртнинг қадим қаҳрамонларини излаб топиш сингари олийжаноб ишларга бош қош бўлди.

Президентимиз “М.Ерниязов сингари халқ қаҳрамонлари ҳеч қачон ўлмайди унинг иккинчи ҳаёти бошланаяпти” деганида катта ҳақиқат бор.

Яқинда “Қорақалпоғистон” наш­риётида “Янгиланган қорақалпоқ диёрим” деб номланган китобим нашрдан чиқди. Бу қасида Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ва қорақалпоқ элининг раҳбари М.Ерниязовларнинг 30 ва кейинги 3 йил давомидаги ишларига бағишланади. Мен бу қасидани яратиб қорақалпоқ халқи олдида фарзандлик бурчимни адо этганимга қувонаман. Бу қасидада Президентимиз М.Ерниязовга Ўзбекистон Қаҳрамони олтин юлдузини тақар экан унинг М.Ерниязовга қорақалпоқ халқига ҳурмат билан айтган қуйидаги сўзлари бор.

“Шундай эл, шундай халқ раҳбари учун

Катта мукофотлар рағбати керак

Бундай қатъиятли меҳнаткаш инсон

Халқини энг оғир синовларда ҳеч

Ташлаб қўймаган Биз бирга бўлганмиз

Мўйноқдан тортиб Шу юртнинг энг узоқ қишлоқларида

Уйларда, далада, ўтлоқларида.

Ерниязов қилган фидоий меҳнат

Рағбатга лойиқ Қаҳрамон бир халқнинг

Қаҳрамон раҳбари

Деб ҳурматлаб юрсин халойиқ”

Президентимиз Нукусда ўтган таъзия маросимида ҳам айнан шу сўзларни келтириб ўтди. Буларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг, бутун Ўзбекистон аҳлининг Қорақалпоғистон юртига, унинг Қаҳрамон раҳбарига бўлган чексиз ҳурматидир.

Мен бугун чуқур қайғу билан шу нарсани айтмоқчиманки,М.Ерниязов ўзи яратган янги кўркам кенг кўчалардан яйраб яшнаб ўта олмади, вақти йўқ эди. Ўзи обод қилган овулларнинг тўйларига бориб меҳмон бўлиб юролмади. Лекин, барибир юрагимда бир катта умид бор. Бу кўчалардан келажак ёш авлод юриб ўтади.

Ер устида яратилган барча бунёдкорликлар янги авлодни ўзининг кўркам қиёфаси билан тарбиялайди. Ёшлар янги қорақалпоқ тарихини ўрганганида  бу қадим юртни янгилаб яшнатиб кетган М.Ерниязов эканлигини билиб оладилар. Демак, М.Ерниязовнинг ҳар бир меҳнати келажак авлод учун катта ҳаёт ва тажриба мактабидир.

Мен бугун қорақалпоқ халқининг ҳақиқий қаҳрамони М.Ерниязовнинг яқин дўсти ҳамдарди, елкадоши — умр йўлдоши бўлган Омонгулга, фарзандларига, Муса акани билган ва уни қадрлаган барча инсонларга чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдираман. М.Т.Ерниязовнинг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.

Г.АННАҚИЛИЧЕВА,

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири.

Олий Мажлис Сенати аъзоси.