Шу йил 31 июль куни халқимиз оғир жудоликка учради. Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязов 73 ёшида оғир касалликдан сўнг вафот этди.
1 август куни республикамиз раҳбари сўнгги манзилга кузатилиб, Нукус шаҳридаги “Шорша баба” қабристонига дафн қилинди. Юртимизда карантин тадбирларига амал қилган ҳолда, ўн минглаб шаҳримиз аҳолиси марказий кўча бўйларида туриб, севимли раҳбари билан видолашди.
Дарҳақиқат, М.Ерниязов деярли ярим аср фаолияти давомида ўзининг катта раҳбарлик салоҳиятини, бой билим ва тажрибасини республикамиз тараққиётига бағишлади. Барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Муса Тажетдиновичнинг бевосита раҳбарлигида республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол бўйида экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг турмуш шароитини ошириш борасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Президентимиз таъкидлаганидек, у қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди.
Мана уч кундан буён шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирликлар, корхона, ташкилотлар, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва кенг жамоатчилик вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси олдидаги майдонга келиб, ўзларининг ҳақиқий етакчиси хотирасига ҳурмат кўрсатмоқда. Унинг республикамиз ривожланишидаги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдаги меҳнатлари учун таъзим қилиб, сурати тагига гулчамбарлар қўймоқда. Шу муносабат билан юртимизнинг барча ҳудудларидан ҳамдардлик билдирилмоқда.
— Бутун дунёда коронавирус пандемияси ҳукм сураётган бир пайтда Қорақалпоғистон халқи оғир мусибатни бошдан кечирмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шарап Уснатдинов. — Қорақалпоғистонга 18 йил давомида раҳбарлик қилган, аграр республикани юртимиздаги саноати ривожланган ўлкага айлантирган Муса Тажетдинович Ерниязов вафот этди. Халқимизнинг бошига оғир мусибат тушганида Президентимиз Шавкат Мирзиёев республикамизга ташриф буюриб, унинг юртимизни, экологик ҳудудни ривожлантиришдаги меҳнатларига юксак баҳо берди. Албатта, халқимиз унинг хизматларини ҳеч қачон унутмайди. У бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотларни халқимиз ҳамжиҳатликда давом эттиради.
Сўнгги йилларда Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ишларда Муса Тажетдиновичнинг меҳнатлари кўп. Буни бутун халқимиз, айниқса, мўйноқликлар жуда яхши билишади.
— Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашда республикамиз раҳбари бевосита раҳбарлик қилди, — дейди Мўйноқ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Жанабай Жусипов. — Шу боис, у туманимизга тез-тез келиб, амалга оширилаётган ишларни кўриб, қимматли маслаҳатларини бериб турарди. Натижада, қисқа вақт ичида туман марказида, чекка ҳудудларда кўпгина ишлар амалга оширилди.
— Муса Тажетдиновичнинг республикамиз ёшларига бўлган меҳр-муҳаббати, ишончи чексиз эди, — дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи ўринбосари Бийбижан Аралбаева. — Республикамиз раҳбарининг ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуси бутун юртимиз бўйлаб кенг татбиқ этилмоқда.
Барча соҳада ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, уларга етарли имкониятларни яратиб берди. Ёшлар ҳам у киши билан учрашишни орзиқиб кутар эди. Қаҳрамон раҳбаримизнинг фидойи меҳнатларини ёшларимиз унутмайди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, юртимизнинг ҳақиқий етакчиси, фидойи инсон Муса Тажетдинович Ерниязовнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади. Халқимиз унинг бошлаб берган буюк ишларини давом эттиради.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.