Ўзбекистон миллий боғи ҳудудидаги Адиблар хиёбонини зиёрат қилсангиз, миллий адабиётимизнинг очиқ осмон остидаги музейига кириб қолгандек бўласиз. Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан ташкил этилган ушбу хиёбонда миллий адабиётимиз ўзининг ниҳоятда бой хазинаси, нафис латофати, теран ҳикмати, юксак санъати, бетакрор ва баркамол қиёфаси билан намоён бўлади.
Шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг муҳташам сиймоси қад ростлаган адабиёт гулшанида бу буюк зотга руҳан яқин шоирлар ва адиблар давра қуриб, мушоира ўтказаётгандек гўё. Уларнинг ичида Алишер Навоий ижодини беҳад севган ва ардоқлаган қорақалпоқ адабиётининг уч улуғ намояндаси Бердақ, Тўлапберган Қайипберганов, Ибройим Юсупов сиймоларининг қад ростлаб тургани она Ватанимиз адабиёти илдизлари нақадар теран, шажараси нақадар улкан эканини англатиб турибди.
Бердақ, Тўлапберган Қайипберганов ва Ибройим Юсуповга қўйилган ҳайкал Ўзбекистонда Президентимиз томонидан қорақалпоқ адабиётига қўйилган муҳташам ёдгорлик тимсоли, матонатли, оқ кўнгил, азамат қорақалпоқ халқига кўрсатилган юксак эҳтиром намунасидир.
Ибройим Юсупов номининг ўзиёқ ўзбек китобхонларига ижтимоий-бадиий қиммати бебаҳо, руҳияти Устюрт кенгликларидек бепоён, оҳанги қўбиз ва дўмбира нолаларидек дилрабо шеърлар, достонларни эслатади.
Ўтган йили Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов таваллудининг 90 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланди. Нукус ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган адабиёт анжуманларида шоирлар, адабиётшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, кенг китобхонлар оммасининг улуғ шоирнинг ибратли ҳаёти ижоди ҳақидаги фикрлари, хотиралари, дил сўзлари изҳор этилди.
Халқ нима учун Ибройим Юсуповни бунчалик яхши кўради?
Бу саволга шоирнинг танланган асарлар тўпламини ўзбек тилида нашрга тайёрлаш жараёнида жавоб топдик.
Ерга хизмат қилмай пўлат пазналар,
Юзлари ялтираб очилмас зинҳор.
Элга хизмат қилмай кучли йигитлар,
Ўзни эркак санаб керилса, бекор.
Ҳикматли сўзга айланиб кетган ушбу мисраларида инсон ҳаётининг моҳияти нимадан иборат экани ёрқин ифодаланган. Омочнинг ерни шудгор қиладиган темир тиши қорақалпоқчада “пазна” дейилади. Экин экиб, деҳқончилик қилган киши яхши билади:кетмон ерни қанчалик кўп чопса, унинг темир юзи шунчалик ялтираб очилади. Пазна ҳам ерни қанчалик кўп шудгор қилса, унинг темирини тупроқ ярқиратиб юборади. Ўз навбатида ер меҳнат қилган кишидан саховатини аямайди. Ҳосил мўл бўлса, халқ тўқ бўлади. Ишлатилмай, бекор ётган меҳнат қуроли эса занглаб қолади. Пазна-омочлар, кетмону белкуракларни доимо ишлатиб турадиган заҳматкаш инсонлар керак эл-юртга. Шоир ҳаётдаги ана шу мисолдан келиб чиқиб, йигитлар қанчалик зўр ва барваста бўлмасин агар ўз эл-юртига, халқига хизмат қилмаса, улар эркак саналмайди, деган теран мазмунли фикрни ифодалайди. Ташхис, паралеллизм, истиора санъатининг ёрқин намунаси Ибройим Юсуповнинг шеърида олмосдай ялтираб жилоланади. Бу гапни эшитган ҳар қандай йигитнинг ори келиб, ўзини ва ҳамроҳларини халқ хизматига сафарбар этиши тайин.
Ана шу қанотли сўзлардан келиб чиқиб фикрласак, шоирнинг пўлат пазнаси – қалам, экинзор ери – қоғоз, меҳнатининг меваси – шеър. Ер тимсолида, она замин, Ватан деган муқаддас тушунчалар ҳам мужассам. Шоир ўз куч-қуввати, истеъдоди,бутун ҳаёти ва ижодини эл-юрт хизматига бағишлаган. Шунинг учун нафақат қорақалпоқ халқи, балки ўзбек халқи ҳам Ибройим Юсупов асарларини жону дили билан севиб ўқийди.
Ибройим Юсуповнинг Ватан, эл-юртга чексиз муҳаббат, халқ ишига камарбасталик руҳидаги шеърлари мазмунан Президентимиз: “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши деб биламиз.Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир” деб айтган сўзларга нақадар ҳамоҳанг эканини англаймиз.
Шу ўринда шеър ва шоирлик қисмати ҳақидаги “Ўқ ва қўшиқ” номли яна бир шеър ёдга тушади.
Шамолда осмонга қараб отдим ўқ, –
Тез учди, изин ҳам кўрмай қолдим, йўқ.
Кўз илғай олурми изидан бориб,
Ўқ ўзиб учганда булутни ёриб?
Шамолда ғам билан куйладим қўшиқ, –
Тез учди, изин ҳам кўрмай қолдим, йўқ.
Кўз илғай олурми изидан қувиб,
Қўшиқ қанот қоқса, дардингни ювиб?
Ўқни топдим бир йил ўтгач шу ондан –
Дарахтга санчилган олис ўрмондан.
Қўшиғимни ҳижрон битгач қувнаб кўз,
Ёрнинг юрагидан топдим сўзма-сўз.
Жаҳон адабиётининг мумтоз намояндаларидан бири, ҳиндулар ҳаётига бағишланган “Гаявата ҳақида қўшиқ” достони муаллифи Генри Лонгфеллонинг ушбу шеъри Ибройим оғанинг ҳаёти ва ижодига ҳам бевосита дахлдор. Ибройим Юсупов ҳам инсонни, унинг ғаму шодлигини, қайғую қувончини куйлагани учун одамларнинг юрагидан жой олган. Унинг юрагидан чиққан қўшиқларни халқ сўзма-сўз ёдлаб олган.
Шу кунгача Ибройим Юсуповнинг танланган асарлари, шеърлар ва достонлар китоби бир неча бор ўзбек тилида нашр этилган. “Раҳмат сенга, замоним” (1979),“Қоратол” (1988), “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” (2009), “Сўфитўрғай саломи” (2015) номли шеърлар тўпламлари шулар жумласидан. Ушбу китобларга кирган шеърлар устоз Миртемир, Зулфияхоним, Шуҳрат, Жуманиёз Жабборов, Ҳусниддин Шарипов, Борот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ойдин Ҳожиева, Маъруф Жалил, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева, Янгибой Қўчқоров ва бошқа шоирлар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Бу таржималар замонавий ўзбек шоирлари орасида Ибройим Юсуповнинг обрў-эътибори ниҳоятда баланд эканини намоён этади. Адабиёт оламида ҳар бири юксак нуфузга эга бўлган, шеъриятнинг юксак чўққиларини забт этган устоз шоирларнинг юрагидан ўтиб қоғозга тушган ва ўзбек китобхонларига ҳавола этилган Ибройим Юсуповнинг қорақалпоқча шеърлари мақоми нақадар юксаклигини ҳис этдим. Устоз шоирларнинг ҳар бирининг ўз Ибройим Юсупови мавжуд эканини, Ибройим Юсупов ҳар бир таржимонининг тилида ўзгача жаранглашини англадим. Бу ижодий меҳнат ўрганишга ва сабоқ олишга арзийдиган катта мактабдир.
Ўз навбатида Ибройим Юсупов ҳам Ўзбекистонни, ўзбек шоирларини жону дили билан яхши кўрарди. “Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам”, “Ўзбекистон”, “Мустақиллик майдонидан ўтганда”, “Алишер Навоийга”, “Ўзбек сози”, “Мирзо Улуғбек хотирасига” номли бетакрор шеърлар ёзиб, жаннатмонанд она диёримизни авж пардаларда булбулдек тараннум этган. Ўзбекистон халқ шоирлари Зулфияхоним, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповга бағишлаб шеърлар ёзиб, ўзбек шеъриятига қорақалпоқ халқининг эҳтиромини изҳор айлаган. Шоир “Ўзбекистон” сарлавҳали шеърида ёзади:
Бурканиб хилват япроққа,
Булбул билан сир сирлашдим,
Шамол билан шивирлашдим…
… Қаролилар қора кўзин
Сузганда ул қизил анор
Ишқ ўтида куйиб ёнар…
Гўзал ташбеҳларда сўзнинг бетакрор ранглари жилоланади. Юракда жўшган туйғуларнинг ҳаракати жонли, ҳароратли. Хаёл ва тасаввур суратлари нозик, нафосатли.
Чексиз даштлар, бепоён кенгликлар табиати, у ерларда яшаётган халқнинг беғубор кўнгли, мардона феъли қанотли сўзлар, кўп қатламли иборалар билан ифодаланади.
Офтоб сарғаяру кунгабоқардай,
Ёз бўйи тепангдан кетмас ёлқини.
Кўксингдан итармай беришгуси жой
Сув бўйи, толларнинг соя-салқини.
Одамнинг силласини қуритадиган иссиқ об-ҳаво, саробларни мавжлантириб, кўзни тиндириб юборадиган қуёш шоир шеъриятида чиройли, меҳрибон, сахий қиёфада тасвирланади. Юракдан чиққан сўзлар жонажон Ватанга оташин муҳаббат изҳори бўлиб янграйди. Ватанни севган одам, унинг офтобини ҳам, чўлини ҳам, бўстонини, жазирама иссиғини ҳам, қаҳратон совуғини ҳам севади.
Чумчуқдан ким қўрқса экмайди тариқ,
Иссиқ-совуғига кўникдик бутун.
Олмаси чойнакдай Тўрткўл боғлари
Кунсиз ахир қандай пишмоғи мумкин?
Иссиқ- совуқ деган сифатлар фақат физик ҳодисанигина англатмайди. Улар руҳий ҳолатни, азоб-уқубат, ғаму шодлик каби тушунчаларни ҳам билдиради.
Мана қуёшнинг яна бир сифатини шоир қандай ранглар билан беради:
Буғдой ранг болалар юзидан бу дам
Аму суви билан томар кун нури.
Бу дарёда чўмилаётган болаларнинг оддийгина сурати эмас. Амударё бўйида туғилган, ўтдан чиқиб сувга кириб, сувдан чиқиб ўтга кириб яшаётган халқнинг тимсоли чизилган бу шеърда. Она дарёда баданларидан сув томчилаб чўмилаётган буғдой ранг болалар. Қуёш нурида юзларидан тер оқиб югураётган буғдой ранг болалар. Она тупроқда зуваласи Амударё суви билан қорилиб, қуёшда пишган буғдой ранг болалар. Буғдой нондек лазиз болалар…
Бу қорақалпоқ халқи – Амударёнинг болалари.
Уларнинг Амударёга меҳри, муҳаббати қуёшдан ҳам ҳароратли, қуёшдан ҳам нурли.
Аму! Йўқ, бу сўзни, мен сизга айтсам,
Бепарво талаффуз қилолмас халқим!
Аму бўлмаганда бу ерни биз ҳам
“Қорақалпоғистон” демасдик балким.
Шоир нарсаларнинг сифатини баҳолашда биз кўникиб қолган одатий мезонларга бўйсунмайди. У иссиқнинг бағрида совуқни, совуқнинг ичида иссиқни сезади, ҳис этади. Ўқувчи қиш завқини юрагида туяр экан айни пайтда қадим боболарнинг овчилик, чавандозлик туйғуларини ҳам ҳис этади. Сўзларда оқ-қизил ранглар кумушдек, олтиндек товланади. Китобхоннинг тасаввури ҳузур қилади. Хаёл етмаган кенгликларга сўз етади.
Насибанг оқ бўлсин кишки даладай
Қизил тулки ағнар азонги қорда.
Аёзнинг шиддати акс этар нурда,
Кўнглинг той чоптириб чиққан боладай…
Инсон ўз юрагидан чуқур жой олган, руҳиятига, жисму жонига она сути каби жо бўлган туйғуларни куйлайди, тасаввур қилади. Қулочлари нигоҳлар, ўй-хаёллар етмайдиган уфқлардан ҳам нарёқдаги олисларга ошиб кетган Устюртдай бепоён далани кезганингизда қандай манзараларни кўрасиз? Нималарни ҳис этасиз? Шоир ўз тасаввур қудратини, хаёл оламини ифодалашда ана шу манзаралардан, руҳиятига сингиб кетган образлардан унумли фойдаланади.
Боқдим, шайдосидек сўнгсиз чиройнинг,
Хаёл дарёсидай Сомон йўли ҳам.
Сув ичишга келган минг-миллион тойнинг
Қашқасидай юлдуз чўнг эди – кўркам.
Отнинг қашқаси юлдузга ўхшайди. Осмон тўла юлдузларни сув ичгани келган миллионлаб тойларнинг пешонасидаги оппоқ қашқасига ўхшатиш бу ниҳоятда бетакрор ташбеҳ. Пешонасида юлдуздай қашқаси бор отлар уюрининг қанот чиқариб елиб бораётганини тасаввур қилинг. Бошқа шоир эмас, фақат Ибройим Юсупов бадиий сўзнинг ана шундай бебаҳо сифатларини кашф этган.
Ижодкорнинг назари тушган барча воқеалар бадиий ифодага, сўз санъати намунасига айланади.
Мош пайкалда гала чумчуқ чуғурлар,
Шеър ўқишиб турган ёш шоирлардай.
Чўл табиати, тунда сайрга чиққан типратиканлар, полизпалаклар ичра юмалаб ётган тарвуз-қовунлар манзарасидан одамнинг хаёлига келмаган янги бадиий тимсоллар яратади.
Тунда ҳадиксирар киши юраги,
Типратикан тисир-тисир юради.
Боласин бағрига олган онадай
Туйнакларин асрар қовун палаги.
Туйнаклар – қовуннинг янги туйган сапчалари. Халқ бодрингнинг ҳосилга кирганини “найчалади” дейди, қовунни “туйнаклади” дейди. “Туйнакларин” деган сўз “полапонларин” деган сўзга мазмундош, маънодош. Кўп шевали она тилимиз нақадар бой. Бизда ҳамма нарсанинг ўз номи бор. Шоир табиатни оилага, оддий одамлар рўзғорига ўхшатади.Чақалоғини бағрига босган она, тунда усти очилиб қолган болалар. Шоир халқнинг уйида кўрганини табиатга кўчиради. Ахир, табиат ҳам хонадон, Ватан ҳам уй.
Шамол ўйнаб устин очиб кетгандай
Қип-яланғоч ухлаб ётар тарвузлар.
Дунёдаги барча шоирлар кўп ва хўб куйлаган мавзу бу – муҳаббат. Ибройим Юсупов бу мавзуда ҳам хаёлни ҳайратлантирадиган шеърлар, юракни жумбушга келтирадиган сатрлар яратган. Қўшиққа айланиб, тилларда достон бўлган биргина “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” шеърини эсланг.
Айни тонг чоғида очилган гулдай
Қиз бўлиб чиройга тўлган экансен.
Ҳинд қўлига тушган асранди филдай
Унсиз этагингга юравердим мен.
Очиқ далада пашшахона ичида ухлаб ётган қиз ҳатто ойнинг ҳам ҳавасини келтиради. Лирик қаҳрамоннинг ҳолати қизнинг гўзаллигига суқланиб қараган ой тимсолига кўчирилиб тасвирланади.
Қора сочинг билан оқ билагинга
Пашшахона узра мўралайди ой.
Мана бундай ўхшатишни эса фақат чўлда қўй боқиб улғайган ижодкоргина топади ва халқ ҳаёти хазинасидан кашф этган ёмбидек ўқувчиларга туҳфа этиб, адабиёт дурдонасига айлантиради.
Хумор кўзинг ҳурккан эгиз қўзидай,
Жовдиради паст-баландга югуриб.
Ёрнинг ҳажрида хун бўлган интизор юракни анор гуллаганига ўхшатади. Ҳижроннинг кўп чўзилгани, кўп вақт ўтганини ишоралар, образлар билан акс эттиради.
Ўрик гуллаганда келмадинг, ёрим,
Олма гулин берсам, олмадинг, ёрим,
Бошқа мева гули қолмади, ёрим,
Ҳажру фироғингда гуллади анор.
Унинг достонлари ва шеърларида кўпроқ ўспирин боланинг беғубор ва пок муҳаббати тараннум этилади. “Булбул уяси” достони, “Деразангдан қарасам, қувма”, “Қош қорайди. Ўтлоқзордан бир тўп тўрғай учди-кетди” каби шеърларида ўзи ёш бола, лекин муҳаббатни теран ҳис қилган, ҳаёт қийинчиликлари туфайли меҳрга зор бўлган, ҳақиқий муҳаббат нима эканлигини ҳис этган болакай. Шўро замонининг қаттол қатағонлари отасидан айирган, уруш фожиаларини мурғак бошидан кечирган бола – Ибройим Юсуповнинг ўз болалиги.
Изингдан юрдим соянгдай,
Улоқдай эргашиб сенга.
Эркаладинг ўз укангдай
Топганингни ташиб менга.
Босиб юмшоқ кўкрагингга,
Ўпдинг мақтаб бўйларимни.
“Яхши бола бўл” деб яна
Силайвердинг ҳайдаримни.
Бутазор ортидан яна
От кишнади, сен ошиқдинг.
“Мени унутма!” дединг-да
Чўнтагимга олма тиқдинг.
Эсдан чиқди синиқ ойнанг,
Мен “Кетма!” деб йиғлаб ётдим.
“Керак эмас берган олманг!”
Деб ортингдан олманг отдим…
Ибройим Юсупов Иккинчи жаҳон урушининг халқ қалбидаги фожиаларини ҳаётий, жонли ва таъсирчан ифодалайди. Украина туркумидаги шеърлар, “Булбул уяси” достони, “Чеккадаги кулба” балладаси, “Халқабоддан қанча йигит қайтмади” каби шеърлар ўқувчининг юрагини зирқиратиб юборади.Тинч-осойишта кунларнинг қадрига етишга ва уни сақлашга даъват этади.
“Тан соғлик” сарлавҳали шеъри ҳам одамни кулдиради, ҳам ўйлантиради.
Миниб юрган отинг-да
Меҳр талаб этади.
Тансоғлик ҳам хотиндай,
Қарамасанг кетади…
Таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Ижод” жамоат фонди томонидан Ибройим Юсуповнинг танланган асарлари нашр этилди.
Шоирнинг ўзбек тилидаги янги китобни нашрга тайёрлаш жараёнида яна бир фикр кўнглимдан ўтди. Аввалги таржималар асосан шўро даврида амалга оширилгани учун шоирнинг қорақалпоқ халқи қайғусини, унинг оғир турмушини, Оролбўйи минтақасининг табиий офатлари тасвирлаган шеърлари ва достонлари эътибордан четда қолган. Керак бўлса, шоир ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиб, ҳукмрон тузумни аёвсиз танқид остига олиб ёзган шеърларни ўша замонда таржима қилиш ҳам, нашр этиш ҳам амри маҳол бўлган. “Тўк тоғидаги ўйлар”, “Орол элегиялари”, “Бу ер ҳали зўр бўлади” каби маҳобатли шеърий туркумлари, “Чўл армонлари” номли достонидаги қиличдан ҳам кескир сўзлари, камон ўқидан ҳам учқур бадиий фикрлари эл-юрт ҳимояси йўлида чопқир тулпорларини елдириб чопган ботирлардек хизмат қилгани ҳақиқат.
Ибройим Юсуповнинг қорақалпоқ тилида 2018 йилда нашр этилган уч жилдлик танланган асарлари ўқиб, шоир ижоди қорақалпоқ далаларидек бепоён, денгиздек чексиз ва теран эканлигини ҳис этдим. Шоирнинг “Чўл армонлари” достони билан юздан ортиқ шеърини ўзбек тилига таржима қилдим. Уларни матбуотда ўқиган шоир тенгдошларимдан бири Салим Ашур: “Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов каби устозлар асарларини ўқиганимда ўзимни юксак тоғларнинг олдида тургандек ҳис этаман ва бизнинг майда-чуйда туйғуларни куйлаб ёзиб юрган шеърларимиздан уялиб кетаман”, – деди.
Дарҳақиқат, Ватанимиз равнақи, миллий шеъриятимиз ривожи, халқимиз маънавиятининг юксалишида Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов каби устозларимизнинг хизмати ниҳоятда беқиёс.
Кимдир қайта насиб этса гар дунё,
Бундоқ яшардим деб надомат этди.
Кимгадир бу армон керакдир, аммо
Ибройим Юсупов бир келиб кетди.
Шоир ҳаётда ҳақиқатни куйлади, ҳеч қачон ўз виждонига қарши бормай мағрур яшади. Баъзида эл-юртининг шодликларидан яйраб суюнди. Бир шоирдек муҳаббатни куйлади, бир инсондек севди севилди. Баъзида халқнинг орзулари ушалишини ўйлаб армон қилди, куйди, куйинди.
Шоир ўз замонасидан бир қадам олдинда юриши керак. Келажакни ҳис этиб, замондошлари юрагида орзу умидларнинг ушалишига ишонч туйғуларини уйғотиши зарур, деган сўзларни устозларимиздан кўп эшитганмиз. Ана шундай шоирларнинг ижоди барҳаётликка дахлдор бўлади.
Ўтган асрнинг оғир фожиаларидан бири – Орол денгизи ва айни пайтда қорақалпоқ халқининг бошига тушган аянчли қисматдир. Халқнинг ризқ-насибаси қозони бўлиб қайнаб турган денгиз қуриди, энди одамларнинг куни қандай ўтади, деган фикрлар билан элнинг боши қотганда шоир замондошларига мардона далда берди. Ёрқин келажакка ишонч туйғуларини тараннум этди.
Келар унинг ўз эгаси,
Ёш, ғайратли янги авлод.
Янги даврнинг даҳоси
Бу ерларни қилар обод.
Бахт-саодат чиқар пешвоз,
Келажак манзур бўлади.
Сабр қилинг яна бир оз,
Бу ер ҳали зўр бўлади.
Бугун Президентимиз томонидан Мўйноқда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўрганингизда Ибройим Юсуповнинг орзу ҳаваслари, армонлари ушалиб, башоратли фикрлари ўнгидан келганига амин бўласиз.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Соғинтирган соғинчлар” мақоласида шоир шеъриятининг ҳамиша замонавийлиги ва умрбоқийлига ҳақида шундай ёзади: “Ҳақиқий шоирнинг сўзи ҳеч қачон эскирмайди, у эл-юрт ҳамиша жон қулоғи билан тинглайдиган ҳикматларга бой бўлади.
Айниқса, рост ва тиниқ сўзга эҳтиёж кучайган бугунги сертаҳлика дунёда Ибройим Юсуповдай шоирларнинг халқ юрагидаги гапларни топиб айтган сўзлари ниҳоятда зарур ва долзарб. Шоирнинг сўзи бизга замондош, бизга сирдош, суҳбатдош. Унинг ўзи бўлмаса ҳам сўзи шундоқ ёнгинамизда катта йўлга чиққан карвон қўнғироғидай жаранглаб тураверади”.
Улуғ шоир Ибройим Юсуповнинг ушбу “Танланган асарлар” тўпламига устоз шоирларнинг таржималари билан биргаликда Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмад ҳамда менинг янги таржималарим,илгари ўзбек тилига ўгирилмаган достонлар киритилди. Ушбу нашрда шоир шеъриятини тўлиқ қамраб олишга ҳаракат қилинди. Таржима жараёнида биз ҳам ўз Ибройим Юсуповимизни кашф этишга ҳаракат қилдик.
Янги даврда нашр этилган ушбу янги китоб мутолааси ўзбек шеърхонлари, қорақалпоқ адабиёти ихлосмандларига муносиб туҳфа бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилган ҳар бир шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳридаги Олий ўқув юртлари масъул этиб белгиланган. Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодини ўрганиш Тошкент кимё-технология институти зиммасига тушгани бежиз эмас. Шоир ижодини ўқиш-ўрганиш жараёнида профессор-ўқитувчилар ва талабалар чўлларда, тоғларда излаб топилган табиий бойликлардан, конлардан ҳам кўп маънавий-бадиий хазина кашф этишларига ишонамиз. Адабиёт дурдоналарини кашф этган ёшлар, аввало, ўзларини, сўнгра одамни ва оламни кашф этиши аниқ.
Рустам МУСУРМОН,
Қорақалпоғистон халқ шоири.