Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, одамзотнинг бошидан айнан юқумли, хавфли, кўплаб одамларни нобуд қиладиган касалликлар билан боғлиқ ниҳоятда оғир ҳолатлар кўп бора ўтганига гувоҳ бўламиз. У замонларда тиббиёт ривожланмагани боис ўлим ҳолатлари анча юқори бўлган. Лекин халқ буни оллоҳнинг иродаси деб қабул қилган ва сабр, оғир-босиқлик билан иш тутган. Шу боисдан ҳам инсоният авлоди давом этиб, бугун ер юзида бир неча миллиардлаб аҳоли ҳаёт кечирмоқда.
Афсуски, шундай оғир кунлар бизнинг замонимизга ҳам тўғри келди. Ҳақиқатан, бугун коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий. Бироқ, юртимизда бу балои-офатнинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ундан имкон қадар талофатларсиз чиқиш мақсадида барча чоралар кўрилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу бевосита давлатимиз раҳбари назоратида. Рақамларни келтириб ўтиришга хожат йўқ. Мамлактимизда қўшни ва дунёдаги бошқа мамлакатларга қараганда касалликдан соғайиш фоизи катта эканлиги, ўлим ҳолатларининг бошқа мамлакатлардагига нисбатан камлиги шу саъи ҳаракатларнинг натижасидир.
Лекин, албатта бундай оғир эпидемиологик ҳолатлардан, айниқса бедаво бўлиб турган касаллик эпидемиясидан талофатларсиз, мутлақо қурбонликсиз ўтиш мумкин эмас. Бунга тарихдаги ҳар қандай эпидемияни олиб ўргансак гувоҳ бўламиз. Инсондан оғирлик босиқлик талаб қилинадиган жойи ҳам ана шунда.
Бу жараёндаги ҳолат ва вазиятларни бошқача талқин қилиш, бўрттириш, илм фанда исботланмаган хулосаларни тарқатиш, кимнидир айблаш, бир сўз билан айтганда нохолис ахборот одамларда ваҳима, умидсизлик, ҳаётдан норозилик кайфиятини уйғотади. Шу сиз ҳам юраги таҳликада юрган соғлом одамни қасал қилади, касални оғирлаштиради. Бирор яқинини йўқотган одам учун эса ўлганнинг устига тепгандай бўлади.
Шундай экан, шу синовли кунларда айниқса биз- одамларга газета-журналлар, радио телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатаётган соҳа вакилларидан янада мулоҳазалироқ, билимлироқ, босиқроқ бўлиш талаб этилади. Айни пайтда албатта энг аввало ҳамкасбларимизнинг бугунги кун нуқтаи назаридан, таҳлилий ва асосли танқидий чиқишлари натижасида қатор хато ва камчиликлар бартараф этилаётганини эътироф этишимиз лозим. Аммо баъзида ҳис ҳаяжонга берилиб сўз айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Афсуски, хозир ҳис ҳаяжонга берилишнинг мавриди эмас. Зеро, бугун оддий халқ оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, блогерларнинг оғзига қараб турибди. Бизнинг оғзимиздан чиққан, қўлимиз билан ёзилган ҳар бир ахборотга улар ишонади, нафақат ишонади шунга қараб ўз шахсий фикри, хатти ҳаракатларини шакллантиради. Бу орқали ижтимоий фикр шаклланади. Ижтимоий фикр эса жамият барқарорлигининг асосидир.
Халқимиз учун ҳозир нима муҳим, касалликни, пандемияни енгиш, олдинги осойишта ҳаётга қайтиш. Инсонни нима ҳаётга қайтаради умидбахш сўз. Биз бугун ана шу умидбахш сўзни топиб одамларга айта олишимиз, умид бахш этишимиз керак.
Бизнинг халқимиз азалдан ақл идрокли, тафаккури кучли халқ. Шу боисдан ҳам тарих саҳнида на кўринар на кўринмас душмандан мағлуб бўлмаган. Кўринган душманни кучи, кўринмаганини илми тафаккури билан енгган. Биз эса шу донишманд, сабр матонатли халқимиз ёнида холис тура олсак бас.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати. Журналист.