ИНСОНГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР ОРТМОҚДА


Ҳар сафар Президентимизнинг янги Фармон ёки қарори эълон қилинганда ёхуд Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишлари қайси соҳага бағишланмасин, уларда энг аввало инсонга бўлган эътибор, аҳоли турмуш фаровонлигининг ортиши, халқ саломатлиги биринчи ўринга қўйиб келинмоқда.

Халқимиз пандемиянинг синовли кунларини бошидан кечираётган айни пайтда фақат ­Президентимизнинг ғамхўрлиги, унинг қўллаб-қувватлаши, иқтисодиётдаги ёки бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг бардавомлигини ҳис қилмоқда.

Яқинда эълон қилинган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ­Фармон ҳам фикримизнинг ­далилидир.

Давлатимиз раҳбари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёж­манд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини янада кучайтиришга барчамизнинг диққат эътиборимизни яна бир марта қаратмоқда.

Фармонда жорий йил  1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахс­ларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилиши бу, фуқаролар ҳаётига катта қувонч олиб киради.

 Шу кунларда Президентимизнинг ушбу Фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси,   туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – пандемия даврида ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини шакл­лантириб, уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказиш ишларини олиб бормоқдалар.

Қорақалпоғистонга ажратилган  10 миллиард сўм мутасадди ташкилотлар, айниқса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ночор, боқувчисини йўқотган, кўмакка муҳтож оилаларга уюшқоқлик билан тарқатилмоқда. Жумладан, Хўжайли туманида 6352 ночор оилага 817 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари, Мўйноқ туманида 382 оилага 289 миллион нақд пул, 31 миллион сўмлик турли озиқ-овкат маҳсулотлари етказиб берилди.

Фармонда белгиланганидек, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган, диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайр-саховат, мурувват борасида амалга оширилаёт­ган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш ишлари ҳам ҳамжиҳатлик билан олиб борилмоқда.

Шу кунларда юртимизда ҳар бир маҳалла бир оила сингари жипслашиб, карантин қоидаларига амал қилган, меҳр-оқибат, саховат сингари анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда ҳамжиҳатлик билан яшамоқда.

Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий “Ҳайрат ул-Аброр” асарида маҳаллани “Шаҳар ичидаги шаҳарча” деб таърифлаганлар. Фармонда таъкидланганидек, аҳиллик – тотувлик, етим-есирларнинг бошини силаш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш сингари ўлмас қадриятларимиз доимо ўз куч-қудратини намоён қилаверади.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.