Куз мавсуми бошланиши билан қишлоқ хўжалигида етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш ишларига киришилади. Айни кунларда республикамиз фермерлари ҳам пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга киришмоқда. Жорий йилда пахта йиғим-терими мавсуми мутлақо янгича ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳеч ким мажбурий тарзда пахта теримига чиқарилмайди.
Жорий йил 30 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «2018 йил пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда олдинлари шаклланган пахта терими тизимидан бутунлай бошқача талаблар қўйилган.
Жорий йилда қўлда терилган бир килограмм пахта учун уч босқичда пул тўланади. Биринчи босқичда — фермер контрактация шартномаси мажбуриятининг 60 фоизини бажаргунича пахтанинг бир килограммига 650 сўмдан, иккинчи босқичда — 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўмдан, учинчи босқичда — мажбурияти 80 фоиздан ошганда бир килограмм пахта учун 1000 сўмдан меҳнат ҳақи тўланади. Бу пуллардан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта тўламлари ушланмайди.
Тегишли органлар томонидан теримчиларга меҳнат ҳақлари мазкур қарорда белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар беш кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўлаш ташкил қилинади.
Пахта йиғим-терими мавсумида ихтиёрий равишда таркибида 80-100 нафар кишигача бўлган теримчилар отрядлари тузилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10 сентябрь кунги баённомаси билан тасдиқланган «2018 йилги пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиштириб олишни ташкил қилиш бўйича ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБИ»га мувофиқ, ҳар бир теримчилар отряди жамоасининг йиғилиши бўлиб ўтади. Ўша йиғилишда теримчилар ўзларига отряд раҳбарини сайлайди. Йиғилишнинг баённомаси тузилиб, унинг қарори билан отряд раҳбарига теримчилар отряди номидан фермер хўжалиги ёки уларнинг вакиллари билан меҳнат ҳақи эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш ваколати берилади. Отряд раҳбари тумандаги Фермер, деҳқон-хўжаликлари, томорқа ер эгалари Кенгаши билан «Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси”ни тузади. Отряд раҳбари хўжалик раҳбарлари билан биргаликда териладиган пахта майдонларини ҳисоблаб, пахтанинг очилишига қараб, териладиган майдонларнинг дислокациясини ишлаб чиқади. У иссиқ овқат, озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил қилади, назорат қилади. Шу билан бирга, ҳар куни терилган пахтани ҳисоб-китоб қилади, фермер вакили билан пахта пунктига бирга боради.
Отряд раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақи тўланади. Отряд раҳбарлари терилган пахта миқдоридан келиб чиққан ҳолда, меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади.
Фермер хўжалигининг давлат эҳтиёжи учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдордан ортиқча топширган пахтаси учун сотиб олиш баҳоларига 15 фоиз миқдорида устама тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат инспекцияси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан биргаликда пахта тозалаш корхоналари ва пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахтани қабул қилишда соф (жисмоний) оғирлиги билан кондицион оғирлиги ўртасидаги фарқлар ва чегирмаларнинг адолатли қўлланиши бўйича тизимли назорат ўрнатади.
Жамғарма, «Ўзпахтасаноат» акционерлик жамияти, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари етказиб берилган пахта хом ашёси учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари билан жорий йилнинг 31 декабригача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши керак. Пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китобларнинг тўғри ва ўз вақтида амалга оширилишига ҳамда ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишига «Ўзпахтасаноат» акционерлик жамияти, «Ўзтўқимачиликсаноат» бирлашмаси ва «Агробанк» АТБ раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланган.
Пахта йиғим-теримига бундай янгича ёндашувнинг белгиланиши ҳеч кимда норозилик кайфиятини уйғотмайди. Аксинча, фуқароларда терим мавсумидан моддий манфаатдор бўлишликни шакллантириб, ихтиёрий тарзда пахта далаларига чиқиш имкониятини оширади. Бу, ўз навбатида «оқ олтин»ни исроф қилмасдан тез фурсатларда сифатли йиғиб-териб олишга ижобий таъсир кўрсатади.
Мансур Холдаров,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг бўлим прокурори.