“Халқ сўзи” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ҳидоят Ахмедов 51 ёшда вафот этди.
Ҳ.Ахмедов 1969 йили Амударё туманида туғилган. 1977-1982 йилларда тумандаги Ҳамза номидаги мусиқа мактабида таълим олган. 1986-1994 йилларда тумандаги турли корхоналарда фаолият юритган. 1987-1989 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. 1994 йилдан бошлаб ҳозирги “Қорақалпоғистон тонги” (аввалги “Аму тонги”) газетасида мухбир бўлиб ишлади. Фаолияти давомида Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтини ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича тамомлади. 2004 йилдан бошлаб “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири, 2008 йилдан бошлаб “Халқ сўзи” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири сифатида фаолият олиб борди. Шу билан бир қаторда узоқ йиллар “Қорақалпоғистон тонги” газетасида бош муҳарррир ўринбосари лавозимида ишлади.
У қалами ўткир, фикри теран, истеъдодли журналист эди. Республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни батафсил ёритиб борди.
Қорақалпоқ ёзувчи-шоирларининг қатор бадиий асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
У қаерда, қайси лавозимда ишламасин ўз билими, ташкилотчилик қобилияти, жамоат аъзолари билан ҳамжиҳатликдаги фаолияти сабаб ҳурмат қозонди. У қатор ёш журналистларга касб маҳоратини ўргатди.
Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони берилди. У Мустақилликнинг 15-20-25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Ҳамкасбимиз, меҳнатсевар, камтарин инсон Ҳидоят Ахмедовнинг хотираси бизнинг ёдимизда узоқ сақланиб қолади.
«Қорақалпоғистон тонги» ва
«Қарақалпақ әдебияты» газеталари жамоаси