Юртимизда юксак салоҳиятли авлодни шакллантириш муҳим вазифа


2018 йил 27 июнь юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилган кун сифатида тарихда қолади. Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг муҳим жиҳати шундаки, у жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, ёш тадбиркорларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлашда учраётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Ушбу дастур асосида тижорат банк­лари орқали ёшларнинг ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Ушбу кредитлар фоиз ставкасининг паслиги, кафолати ва шу каби имтиёзлар тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшлар учун ҳар томонлама қулай бўлмоқда. 

Шўманой туманининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош қишлоқларининг бирида истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Бекбосин Арипов мана шундай имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб келмоқда.

— Қишлоғимизда бирорта озиқ-овқат, савдо ўрни йўқ эди, — дейди Б.Арипов. — “Yoshlar-kelajagimiz” дас­тури асосида менга ер майдони ажратилиб, озиқ-ов­қат дўконини очишимга ёрдам берилди. Яқинда овқатланиш шохобчасини ташкил этиб, тўрт нафар кишининг бандлигини таъминлаш ниятидаман.

Мана шундай олис ҳудудлардаги ёшларнинг интилишлари қўллаб-қувватланар экан, бу албатта аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

— Ёш тадбиркор Б.Арипов яқиндагина ўз фаолиятини йўлга қўйди. Филиалимиз томонидан унинг бизнес лойиҳаси ўрганиб чиқилиб, унга аукционсиз ер берилди, — дейди “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармасининг Шўманой туман филиали бошлиғи Шавкат Бобоев. — Ёшларни қўллаб-қувватлашдаги асосий мақсадимиз уларни иш билан таъминлашдир. Билдирилган ишончни оқлаб, ёш тадбиркорларимиз нафақат ўзларининг, балки, бошқаларнинг ҳам бандилигини таъминлаб, даромади ортишига ҳисса қўшмоқда.

Туман марказидаги “Шоманай-Шаменай” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳрибану Юсупбаева ҳам ушбу жамғармадан кредит олиб, ўз фаолиятини кенгайтираётган ёш тадбиркорлардан. Бу ерда бир вақтнинг ўзида тикувчилик цехи, гулчилик тўгараги ҳамда гўзаллик салони хизмат кўрсатмоқда.

— Жамиятимизнинг бундай номланиши туманимизнинг тарихи билан боғлиқ. Аҳоли орасида Шўманой атамаси Шаменай исмли гўзал қизнинг номидан келиб чиққан деган афсоналар ҳам бор, — дейди Ш.Юсупбаева.  — Туман ҳокимлиги иш бошлаш арафасида бўш турган бинони ажратиб берди. “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармасидан 200 миллион сўм имтиёзли кредит олиб иш бошладик. Ҳозир 13 нафар ҳамюртларимиз иш билан таъминланган.Жорий йилда яна 13 та янги иш ўрни яратмоқчимиз.

“Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш бошлаган ёш тадбиркорлардан яна бири Нурзада Айжанова бугунги кунда 3 нафар кишининг бандлигини таъминлади. Бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.

“Yoshlar-kelajagimiz” жамғармасидан 380 миллион сўм кредит олдим. Унинг 50 миллион сўм маблағига ускуналар сотиб олдик. Яқинда  буюртма берган ускуналаримиз келса, қўшимча 5 та иш ўрни яратилади, — дейди Н.Айжанова. — Карантин вақтида ҳам иш тўхтаб қолгани йўқ. ­Буюртмачиларнинг сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Бугунгидек мураккаб ва синовли кунларда туман бўйича мингдан ортиқ ёшларнинг бандилиги таъминлангани, албатта аҳамиятлидир. Муҳими, бу ишлар яна давом этаверади.

— Дарҳақиқат, бугунги пандемия шароитида иш топиш муаммо бўлиб қолмоқда, — дейди Шўманой тумани ҳокими ўринбосари Амирхон Қайипназаров. — Қанчадан қанча корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатди. Аммо биз туманимиздаги ҳар бир ёш учун масъул эканимизни ҳис этиб, яратилаётган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.

Бугунги кунда юртимизда ишсизликдан қийналаётган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Пандемия шароитида хорижий давлатларда ишлаёт­ган ёшлар юртимизга қайтиб, эндиликда ўзимизда иш топишга ҳаракат қилмоқда. Мана шундай ёшларни ҳукуматимиз бугун эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Давлат идоралари ҳам ушбу муаммоларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан чоралар кўрмоқда.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.