Мамлакатнинг қудрати бу унинг армияси саналади. Бугун миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотларга назар ташлаб, тарихан қисқа муддатда асрларга тенг йўлни босиб ўтганимиздан, қўлга киритилган улкан ютуқларимиздан қалбимиз ғурур-ифтихор туйғуларига тўлади. Мамлакатимизда янги Ўзбекистон давлати шаклланаётган экан мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир миллий армияни яратиш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланди.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайли барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Айниқса, дунёда ва минтақамизда сақланиб турган ҳозиргидек мураккаб, тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазиятлар, Эрон, Ироқ, Сурия давлатларидаги қонли урушлар кетаётган бир пайтда. Бундан ташқари, ён қўшнимиз Афғонистондаги йиллар давомида кузатилаётган нотинчликлар бизнинг юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликка шукроналик туйғуларини оширади.
Айни пайтда сайёрамизнинг турли нуқталарида инқироз, маҳаллий урушлар, ҳарбий қарама-қаршиликлар ва сиёсий можаролар рўй бермоқда. Террорчилик хуружи ҳамда бошқа таҳдидлар хавфи кучаймоқда. Ушбу салбий жараёнлар бизни доимо огоҳ бўлишга, бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етишга, мамлакатимиз чегараларини қўриқлаш чораларини янада кучайтиришга, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга ундайди.
Миллий армиямизни юксак профессионал тайёргарликка эга, интелектуал савияси юксак, дунёқараши кенг малакали ҳарбий кадрлар билан таъминлаш юртимизда фаолият юритаётган барча ҳарбий таълим муассасалари олдига қўйилган улкан вазифалардандир. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбари ҳарбий таълим муассасаларидаги ўқув тарбиявий жараёндаги ижобий ўзгаришларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб, замонавий ўқув ва техник таълим воситалари билан таъминлаб келмоқда. Ҳарбий ўқув даргоҳлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш услубларига асосланган замонавий техник таълим воситалари ва жанговор вазиятларга имкон қадар тўла мослашишни таъминлайдиган ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Бундан ташқари, ҳарбий таълим муассасаларида назарий ва амалий машғулотлар давомида жанговор операцияларни олиб боришнинг асосий тамойил ва услублари, жанговор тайёргарлик тадбирларини самарали ташкил этиш ва режалаштириш, гуруҳ жанговор отишини ўтказишнинг услублари, шунингдек, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан фойдаланиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқув ва тарбия режасига биноан ҳар бир ҳарбий хизматчида ватанпарварлик, фидойилик хислатларини шакллантириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватан хавфсизлиги, ҳарбий бурчга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш ҳар бир тарбиячининг бурчи ҳисобланади. Тарбия шахсни мақсадга мувофиқ такомиллаштириш учун уюштирилган педагогик жараён бўлиб, ҳарбий хизматчи шахсига мунтазам ва системали таъсир этиш имкониятини беради.
Бугун мустақил ватанимизнинг шарафли армияси ҳарбий хизмат ёшидаги ўғлонлар учун ҳақиқий маънода ҳаёт мактабига айланиб улгурди. Шунинг учун ёшлар ўз она юртига хизмат қилишни муқаддас бурч деб билади. Зеро, соғлом муҳит, тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, Ватан ҳимоячисига юксак эътибор ва эҳтиром Ўзбекистон армиясининг негизини ташкил этади.
Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ўзбекистон ва унинг бағрикенг халқи тинчликсевар сиёсат юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келмоқда. Лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, ҳалқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз”.
Мухтасар қилиб айтганда, янги Ўзбекистонда янгиланаётган ҳарбий соҳада амалга оширилган улкан ислоҳотлар самараларига назар ташлар эканмиз, миллий армиямизнинг куч-қудрати ва салоҳиятига, эртанги кунимизга ишончимиз янада ортади, қалбимизда сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаётган мард ва жасур ҳарбийларимиз билан ғурурланиш туйғуси жўш уради.
Зоҳид Эшмуродов,
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси катта ўқитувчиси, подполковник.