ЮТУҚЛАРГА ЭРИШИШ РАҲБАРГА БОҒЛИҚ


Дунёда касблар, инсонлар шуғулланадиган фаолият турлари кўп. Аммо, улар орасида шундай бир касб борки, у энг буюк кашфиётларни яратган олимларга ҳам дунёни танитиб, уларнинг онгу-шуурида дастлабки билимлар пойдеворини яратади. Бу – шубҳасиз ўқитувчилик касбидир.

Тарихдан маълумки, барча замонларда ҳам ўқитувчи, мураббийларга ҳурмат-эътибор кўрсатилган. Юртимизда сўнги бир-икки йилда ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини, халқ орасидаги обрўсини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юқори босқичга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди.

Ёш авлодга замон талаблари даражасида юқори билим бериш учун таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарур, албатта. Ҳукуматимиз томонидан бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли дастурлар асосида наинки марказий шаҳарларда, балки олис овуллардаги мактабларда ҳам таъмирлаш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари   олиб борилмоқда.

Нукус шаҳридаги 31-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг ўқитувчилар жамоаси ҳам юртимизда таълим тизимига жорий қилинаётган кенг кўламли янгиланишларни кундалик иш фаолиятига тадбиқ қилган ҳолда ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётир. 3 қаватли кўркам мактаб биноси 1 минг 568 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, таълим муассасасида ўқув хоналаридан ташқари 36х12 ўлчамдаги спорт зали ва маданият саройи ҳам мавжуд.

— Мактабимиз Нукус шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, дастлабки фаолиятини 1986 йилда бошлаган, — дейди 31-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Венера Каленова. — Ҳозирги кунда мактабимизнинг собиқ ўқувчилари юқори лавозимларда ва жамиятимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар мактабимизга ташриф буюриб, таълим-тарбия берган ўқитувчиларига рахмат айтганларида, эришган ютуқлари билан ўртоқлашганида касбимизга бўлган меҳримиз янада ортади ва ўқувчиларимиз муваффақиятидан чексиз фахрланамиз.

Эътиборлиси, бугунги кунда халқ таълими тизими модернизация қилиниши натижасида таълим жараёнида мультимедиа воситаларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу янгиланишлар  ўз навбатида ёш авлодга замон талабига мос, сифатли таълим-тарбия  бериш имкониятини янада оширмоқда.

Жорий ўқув йилида мактабимизнинг 1-синфига 241 ўқувчи қабул қилинди. Бир неча йиллик узилишлардан сўнг 11-синф қайта очилиб,  ўқув йили якунида 25 нафар ўқувчимиз мактабни битириб чиқиши кутилмоқда. Бир минг етти юз нафардан ошиқ ўқувчиларга 124 нафар ўқитувчилар жамоаси таълим-тарбия бермоқда. Педагогларнинг кўпчилиги олий ва 1-2-тоифали ўқитувчилардир.

Ҳар қандай жамоанинг юқори натижага эришишида раҳбарнинг ташаббускорлиги, ишчанлиги муҳим роль ўйнайди. Демоқчимизки, 2009 йил сентябрь ойидан  бошлаб мазкур мактабга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2014 йилдан бошлаб Халқ депутатлари Нукус шаҳар  Кенгашининг депутати ҳисобланган Венера опа Каленованинг мазкур мактаб жамоаси эришаётган ютуқларида катта ҳиссаси бор.

В.Каленованинг касбига бўлган фидойилиги, моҳир ташкилотчилиги эришган ютуқларида ўз аксини топган, албатта. У Ўзбекистон Республикаси миқёсида 2013 йил ўтказилган «Янги давр раҳбари» кўрик танловида фахрли II ўринни олган бўлса, 2013-2014 ўқув йилининг якуни бўйича у раҳбарлик қилган мактаб Ўзбекистон Республикаси миқиёсида «Энг  обод таьлим муассасаси» номинацияси ғолиби бўлди. У фаолияти давомида кўплаб юксак унвон ва мукофотлар билан тақдирланди. Жумладан, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвонлари билан мукофотланган.

Биз, байрам олдидан бежизга мазкур мактаб ҳақида мақола тайёрламадик. Негаки, ушбу мактаб ўтган ўқув

йилининг  мактаблар орасида рейтинг кўрсаткичлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси миқиёсида I ўринни эгаллаб турибди. Шундай экан, шарафли касб эгаси, янги давр раҳбари деган эътирофга лойиқ топилган педагог Венера опа Каленова раҳбарлик қилаётган ўқитувчилар жамоасига бу борадаги ишларига катта зафарлар тилаб, касб байрамлари билан самимий қутлаймиз. Шунингдек, юртимиздаги барча педагог-устозларни  “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” касб байрамлари билан табриклаймиз!

Ғ.ОТАЖОНОВ.

Суратда: Венера Каленова