Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, сенаторлар, ҳукумат аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Дастлаб депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Сессияда “Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида мужассам этган фармон, қарор ва дастурлар ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида иқтисодиётнинг барча соҳалари, жумладан, ижтимоий, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорликни ривожлантириш, экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақанинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича билдирган фикрлари, денгиз харитасини кўрсатиб, донор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратгани – бу халқимиз томонидан ҳеч қачон унутилмайдиган тарихий воқеалардан саналади. Шунингдек, 2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил этилди. Мазкур фондга шу куннинг ўзида Хитой, Норвегия, Қатар сингари бир қатор давлатлардан донорлик маблағлари келиб тушгани, буларнинг барчаси Орол муаммосининг чин маънодаги бутунжаҳон муаммоси сифатида тан олинганлигидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш ҳамда Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Қораўзак ҳамда Кегейли туманлари ҳокимларининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.
Барчамизга маълум, Орол денгизининг қуриган майдонларидан кўтарилаётган тузли қумлар учун тўсиқ сифатида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида ўтган давр мобайнида 1 миллион 167 минг гектардан ортиқ майдонга саксовул, қандим ҳамда чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Ҳар бир ташриф давомида ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратиш, бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар ва қулайлик яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Қорақалпоғистон тажрибаси”нинг яратилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан Бўзатов, Тахтакўпир, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш ҳамда бу соҳада барча туманларга берилган имтиёзлар асосида жорий йилда 490 миллиард сўмлик 236 та лойиҳани амалга ошириш ва 1582 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ёшлар билан ишлаш бўйича тасдиқланган “Манзилли режа”га киритилган 22 минг 500 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди. Бу борада, ҳар бир тумандан 1 гектарга иссиқхона қуриш ва “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар натижасида 1500 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланиб, ушбу ёшлар деҳқончилик ишларини амалга оширишда ҳар бири 2-3 нафардан ўзининг тенгдошларини жалб қилмоқда.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда чекка ҳудудлар – Мўйноқ, Қонликўл, Бўзатов, Тахтакўпир ва Элликқалъа туманларида тикувчилик корхоналари ишга туширилиб, 1150 та иш ўрни яратилди. Юқоридагилар қаторида Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 20 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида “Темир дафтар” асосида амалга оширилаётган ишлар сингари “Ёшлар дафтари”ни ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бунда бандлиги таъминланмаган ёшларнинг ҳамда хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш, уларнинг ҳар бири билан бирма-бир ишлаш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим топшириқлар берилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов Орол денгизининг қуриган тубида чўлга чидамли ўсимликларни экиб, яшил ўрмонзорлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифаларга тўхталиб ўтди. Бу ишларга юртимизнинг барча вилоятларидан, республикамизнинг шаҳар ва туманларидан ишчилар, мингга яқин турли русумдаги техника, самолётлар жалб этилганлиги таъкидланди.
Республикамиз ёшлари Орол денгизининг қуриган тубида бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишди. Бундай эзгу ишлар давом эттирилиб, жорий йилда ҳам саксовул, қандим ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экиш, ўрмон хўжаликларига қўшимча ходимларни жалб этиш, янги техника ва ускуналар олиб келиш режалаштирилмоқда.
Сессияда Орол денгизи тубини “яшил қоплама”га айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижаларни, бу эзгу ишга ёшларимизнинг қўшаётган ҳиссасини ўзида мужассам этган видеороликлар депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.
Кўрилган масала юзасидан депутатлар ва тегишли соҳа раҳбарларининг ахборотлари, фикр-таклифлари тингланди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг еттинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.