Мамлакатимизда ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, уларнинг жисмонан соғлом бўлишида спортнинг роли катта эканлигини инобатга олган ҳолда, болалар ва ўсмирлар орасида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мактабларда таълим олаётган фарзандларимизнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш ниҳоятда муҳимдир.
Нукус шаҳридаги «Таслақ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 2019 йил сентябрь ойида 2-сонли Нукус шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан 315 ўринлик умумтаълим мактабининг янги биноси қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган эди.
Жорий йил таълим масканида ўқувчиларга яратилган имкониятлар янада кенгаядиган бўлди. Сабаби, қурувчилар белгиланган лойиҳа бўйича мактаб ёнида қисқа муддатда ёпиқ спорт залини қуриб битказишди. Спорт залида ўқувчиларнинг жисмоний тарбия дарсини ўтиши учун шарт-шароитлар тўлиқ яратилган. Кийиниш, ювиниш хоналари ва ошхона ташкил қилинган.
Янги спорт залининг фойдаланишга топширилиши мактаб жамоасига янги ўқув йили олдидан муносиб совға бўлди. Энг муҳими, бундай ишлар болалар спорти ривожи учун хизмат қилади.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.