АЛВИДО, ШАРОФ ОҒА!


Атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шароф Уснатдиновнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб, азиз оғасидан айрилиб қолган ини сифатида юрагим қайғу-ўкинчга, кўзларим ёшга тўлди.

Ҳаётимда мен учун ниҳоятда қадрли бўлган бу меҳрибон ва самимий оғам билан устозим Абдулла ака Орипов туфайли танишган ва бир умр туғишгандек яқин бўлиб қолганман. Ўшанда, 2008 йилда  шоир акамиз Матназар Абдулҳаким таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Хоразм­га борган эдик. Шароф оға Уснатдинов даврада шундай гапирди-шундай гапирдики, ҳаммамизни лолу ҳайрон этди. Халқ ҳикматлари, мақоллар айтади, мумтоз шоирлар ҳаётидан қизиқарли мисоллар келтиради, шеър­лар ўқийди. Туркий халқлар ичидан чиққан чинакам аллома нотиқни кўргандек бўлдим.  Шоир дўстим Бахтиёр Генжамурод “Тили билан темир тугун ечадиган чечанлар” дегандек Шароф оға нутқ санъати билан нафақат пайвандланган темирни, балки ҳар қандай тош юракни эритиб юборадиган даражада маҳоратга эга бўлган кайвони ва донишманд зот эди. Сафардан қайтгач Шароф оға ҳақидаги таассуротларимни шеър­га солдим ва бу шеър “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Туғишганлар” сарлавҳаси билан эълон қилинди. Шеърни “Чечан” деб номлагандим.

Отга ғамлаб арпа, буғдой, пичанни,

Эл қадрлар юрт учун сув кечганни.

Қорақалпоқ ҳикматларин  сўзлайсиз,

Кўрмаганман сиз сингари чечанни.

“Иш билгунча, гап бил” деган ҳикмат бор,

Гап билганга эл ичида ҳурмат бор.

Шараф оға, қай даврада бўлсангиз,

Шул даврада теран-тиран суҳбат бор.

Бу суҳбатдан Тўлак оға хабардор,

Устоз Абдулла Ориф эрди сардор.

Матназарнинг шул тўйида косагул

Ошиқ Эркин бирла Эркин Самандар.

Қадаҳ сўзи айтилмайди шаробсиз,

Минг улфатдан яхши бир дўст тарафсиз.

Тарифлайсиз деҳқон билан чўпонни,

Қорақалпоқ кўнглидаги Шарафсиз.

Ўқ отади мерган олтин садоқдан,

Шеър ўқийсиз Ибройимдан, Бердақдан.

Кулдирасиз, дилдан ғубор кетгайдир,

Сиз сўйлаган ҳангомадан, сабоқдан.

Ёнингизда Муратбой ҳам Ўразбой,

Қалам тутган қўли узун, дарозбой.

Хоразмда меҳмон бўлиб қайтдингиз,

Қичқирмасдан овулдаги хўрозбой.

Даврада жам бўлса кўп мутафаккир,

Чақмоқ каби ярқирайди тафаккур.

Шоирларни чанғароққа чорлаган,

Султонмурод оғага минг ташаккур.

Мезбон сахий бўлса, меҳмон оромда,

Дастурхоннинг дастури бир маромда.

Кузатдилар сизни Фарҳод, Баҳодир,

Амударё устидаги паромдан.

Шарқ сўйлайди бизга қуёш ҳақинда,

Лола сўйлар тоғ ила тош ҳақинда.

Бахтиёр мадҳ этди Ўкуздарёни,

Шеър ўқиди Янгибой Шош ҳақинда.

Бу дунёнинг юмушлари кетма-кет,

Келолмади иш билан банд Улмамбет.

Жайҳун узра эсаётган шамолга,

Дедим:“Хатим олиб, Улмамбетга элт!”

Кўпайлашиб Оролга эм излайсиз,

Она ернинг ободлигини кўзлайсиз.

Айланайин, тувусқаним, бовурим,

Юртбошимнинг элга меҳрин сўзлайсиз.

Ўзбек элим еринда гард, тупроқман,

Улли шоирлар ичинда урпоқман.

Минжир, сарой, кенагасга аймоқман,

Зотим чуют, мен ҳам қорақалпоқман.

Рустам Мусурмон,

Қорақалпоғистон халқ шоири