Юрт ғамхўри керак менга Умр бўйи хизмат айла халқ учун


Янги Ўзбекистон… Янгиланаётган Ўзбекистон… Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган эзгу ишлар, жумлаи жаҳоннинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлаётган ислоҳотларни бир-бир қаламга олсак, неча-неча китоб бўлади. Биргина Адиблар хиёбони мажмуаси мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги чинакам улкан воқеадир. Шаҳри Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Адиблар хиёбонини бугун барча юртдошларимиз билишади. Бу маскан чинакамига улуғ сиймоларнинг меросини теран ўрганадиган, ул зотлар ҳақига дуо қилиниб ёдга олинадиган, инсон қалбига маънавий-маърифий руҳ бағишлайдиган табаррук манзиллардан бирига айланди. Бу манзилга келган одам халқимизнинг улуғ сиймолари билан ғойибона дийдорлашади. Улуғ сўз салафларининг нафис мажлисларида иштирок этади. Бу маънавий суҳбат киши қалбига Ватанга, миллатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларни ҳеч қачон ўчмайдиган қилиб муҳрлайди.

Мен ҳар гал бу гўшага келиш истагида бўлсам, алоҳида тараддуд билан келаман. Уларнинг бой ижодий меросига бир қур кўз ташлаб, кейин Адиблар хиёбони бўйлаб сайр қиламан. Қаршимда турган муаззам ҳайкаллар миллатнинг муаззам қалб­ли кишилари тимсоли эканлигини яна ҳам теран ҳис этаман. Ишончим комил, бошқалар ҳам худди мен сингари ажиб ва нажиб ҳолга тушишади. Бу улуғ сиймоларнинг ҳар бири ҳақида катта-катта достонлар, романлар, фильмлар ижод қилиш мумкин. Устоз шоирларимиздан бирининг ибораси билан айтадиган бўлсак, бировни Ватан юксакка кўтарса, биров Ватанни юксакларга кўтаради. Назаримда, бу ердаги сиймоларнинг барчаси ҳам ҳар икки таъриф ва тавсифга муносибдир. Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Огаҳий, Бердақ, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Ойбек… Улар ўз миллати, халқи, пировардида Ватани учун қандай улуғ хизматлар қилганлигини бир тасаввур қилиб кўринг. Ҳа, бу элнинг ана шундай жаҳон тамаддунига улкан хизмат қўшган фарзандлари кўп.

Шу қутлуғ масканда ўзбек ва қорақалпоқ халқининг бирдай севимли шои­ри Бердақнинг ҳайкали ҳам бор. Бердақнинг ёрқин сиймосига боқаман. Ул зот гўёки “Бердимурод Ҳақнинг қули, саҳронинг сариқ булбули”, “Бердимурод – Бердақ бўлди, мен ўз кўзим билан кўрдим”, “Умр бўйи хизмат айла халқ учун” деган сўзларни айтиб бизни ёруғ мақсадлар, тоза туйғулар ҳамда уйғоқ қалб билан яшашга даъват этаётгандек туюлади кишига. Бердақ ҳаёти ва ижоди ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Бироқ бу улуғ адиб ҳақида айтиш лозим бўлган сўзлар, тадқиқ этилиши зарур бўлган вазифалар ҳали жуда кўп. Бердақ бир катта баҳри уммондирким, унга такрор-такрор мурожаат қилиб дуру жавоҳирлар топаверасан. Албатта, олимлар бу борада изланишлар олиб бориб Бердақ ижодини бор бўй басти билан халққа кўрсатишади. Айни ўринда мен қорақалпоқ халқининг муҳташам ижодий меросини юракдан севган, бу улуғ сўзлар оламидан кўп баҳралар олиб шуурига нур  индирган бир ижодкор сифатида қорақалпоқ адабиётининг асосчиси – гул тожи, улкан сўз санъаткори Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақнинг кўнглим ғазнасига айланган мероси хусусида  икки оғиз сўз айтиш истагидаман.

Навоийдан савод очдим

Қўлимда ­афур ­улом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан 1978 йилда чоп этилган қизил муқовали китоб. Унга “Бердақ. Сайланма” деб ёзилган. Бу китобни устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла нашрга тайёрлаган. Қорақалпоқчадан ўзбек тилига ўгирган. Табиийки, шундан кейин Бердақ бобонинг китоби бошқа таржимон, шоир, адабиётшунос олимлар томонидан ҳам тайёрланиб бир неча бор нашр этилди. Бироқ менга айнан Миртемир домла тайёрлаган китоб жудаям қадрлидир. Бунинг боиси Бердақ деган улуғ шоирни даставвал шу китоб орқали таниганимдан бўлса керак. Сайланма дебочасида Миртемир домла шундай ёзган: “…Бердақ қардош қорақалпоқ халқининг оти ўчмас улуғ ­шоири ва қорақалпоқ адабиётининг пойдеворига ғишт қўйган улкан сиймодир.” Шу сўзларни ўқийману хаёллар мени Ҳазрат Навоий сари бошлайди:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Навоий бобомиз туркий тилли халқ­ларнинг барчаси учун севимли шоирдир. Туркий тилли халқларнинг ҳар бири Навоийни ўз шоири каби эъзозлайди. Унинг асарларидан баҳраманд бўлишга астойдил интилади. Бир вақт­нинг ўзида бир нечта миллатнинг ўз шоиридек эъзозга, муҳаббатга сазовор бўлиш ҳазил гап эмас. Бунинг учун инсон пок эътиқод, тоза иймон соҳиби бўлиши, ҳалол меҳнат қилиши зарур. Заҳмату машаққатлардан қўрқмаслиги керак. Ватанни, миллатни севиши баробарида унга садоқат билан хизмат қилиши лозим. Фикру ўйида яхшилик, хатти-ҳаракатида эзгулик бўлиши шарт. Ким ҳаётини шу қутлуғ тартибот устида бино айласа элу юрти уни қадр­лайди.

Эшитганим бор, ким бошқаларга яхшилик қилса, билингки, у ўзига яхшилик қилибди. Рост гап. Тарихда бунинг мисоллари кўп. Жаҳон адабиёти тарихига назар ташласак, ҳар бир халқ ўтмишида, унинг ижтимоий-маданий, маърифий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган улкан санъаткорлар бўлганини англаймиз. Улар ўзларининг ҳаётий ва ижодий фаолиятларини ҳамиша халқ тақдири билан бир деб ҳисоблаганлар, ҳар қандай шароитда ҳам элу халқ дарди, орзу-умидларига ҳамдарду ҳамнафас бўла олганликлари учун ҳам буюк ва мангуликка дахлдорлар. Биз буюк мутаффакир Ҳазрати Алишер Навоийни ғазал мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси дея эҳтиром кўрсатамиз. Бу зот бутун ҳаётини сўзга бахшида айлади. Шу йўл билан аввало миллатига, пировардида бутун инсониятга ҳалол хизмат қилди. Жайдари қилиб айтсак, яхшилик қилди. Мана, неча асрлар ўтса ҳамки, биз турк ­назми билан оламни якқалам этган устозу пирни бир дам бўлса-да, тилдан қўймай келаётирмиз.

Ўзбек халқи сингари турклар валий шоир Юнус Эмрони, озарлар ошиқ қалам соҳиби Фузулийни, туркманлар ҳазрат Махтумқулини, қозоқлар устоз Абайни, қорақалпоқлар эса халқпарвар, мумтоз ижодкор Бердақни севишади. Уларнинг меросини фахру ифтихор билан ўрганишади, тарғиб қилишади. Яна бир гап, мен ҳозиргина эътироф этганим – ижодкорларни ўзбек халқи ҳам ўз миллатига мансуб шоир каби севиб ўқийди. Бунинг боиси аввало туркий адабиёт илдизлари бирлиги бўлса, сўнгра улуғ сўз салафлари инсон қалбини, унинг орзу-мақсадларини куйлаб ўтганларидир.

Катта қалбли ижодкорларнинг ўзидан олдин яшаб ижод этган сўз санъаткорларига, устозларга бўлган эҳтироми, муҳаббати доим юксак бўлиб келган. Улар ўз меҳр ва садоқатларини асарлари орқали айтиб кетишган. Назаримда, уларнинг буюклиги ҳам шунда. Бердақ ҳам замонасининг улуғ сўз салафи сифатида Алишер Навоий, Фузулий, Мирзо Бедил, Фаридуддин Аттор, Махтумқули, Сўфи Аллоҳёр сингари  Шарқ мутафаккирлари ижодини мукаммал билган. Бердақнинг асарларида ана шу улуғ устозлардан олинган таълим, билим, тажрибалар хусусида сўз боради:

«Чор китоб»дан нари қочдим.

Навоийдан савод очдим.

Фузулийдан дурлар сочдим,

Доноларни излар эдим.

Махтумқулини ўқиганда,

Айтар эдим ҳар замонда,

Нуқсон борми беклар анда,

Сўзин дилда сақлар бўлдим.


       Бу Бердақнинг машҳур асари «Излар эдим» шеъридан сатрлар. Демак, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳақиқий маънода Бердақнинг адабиёт соҳасидаги илк муаллимидир. Шоирнинг чуқур маънавий эҳтиёжи уни Навоийга, Фузулийга етаклайди, Махтумқулидан баҳра олишга ундайди. Навоийдан дуру гавҳарларни терган Бердақ қорақалпоқнинг “Навоий”сига айландики, бугун унинг ижоди барча туркий халқлар адабиётида алоҳида ўрин эгаллаб турибди.

Бердақ ўзига устоз деб билган замондош шоиру оқинлар билан ҳам яқин муносабатда бўлган:

Бориб сўзимни тинглатдим,

Нуқсонларимни ўнглатдим,

Икки ой уйида ётдим,

Ўлан завқин тотган умрим.

Завқ ҳисси одамзод қалбида муайян вақтда содир бўладиган ҳодиса. Маълум бир кунда, вақтда бу ҳис юракдан тошиб чиқади. Тасаввур қилинг, ушбу сатрларда шоирнинг бутун бир умри ўлан завқига бахшида бўлганлигини англаш мумкин. Шунингдек, Бердақ замонасининг атоқли сўз салафи Кунхўжадан ҳам кўп сабоқлар олган. Кунхўжа ҳузурида шеърларини “тинглатгани”, “нуқсонларини ўнглатгани” шоирнинг сўзга масъулияти нақадар юқори эканлигига далилдир.Назаримда, унинг бу фазилати бугунги қалам аҳли учун ҳам ибрат. Ҳаётини ижод аталмиш улуғ ишга бағишлаган кишилар мумтоз ва жаҳон адабиётини билиш баробарида замондош адибу шоир­ларнинг ҳам тажрибаларидан ­хабардор бўлиш жуда муҳим. Бердақ мисралари ҳам шундан гувоҳлик бериб турибди.

Яна бир муҳим сўз, Бердақ асарларининг тили содда, тушунарли. Халқ­нинг жонли тилига ҳамоҳанг. У кўнглида туғилган мисраларни бўяб-бежаб ўтирмайди. Дарду армонлари, орзу ва изтироблари, мақсаду муддаолари кўнглида қандай акс-садо берса, шу ҳолича тақдим этади. Бу назаримда қорақалпоққа хос феълу атворидандир. Бердақ асарларидаги самимият мана шу. Демак, инсон табиатидаги софлик, ростгўйлик, ҳалоллик, ҳақиқатпарварлик, элсеварлик каби хислатлар ­табиий равишда унинг лафзига кўчади. 

Бердақнинг эл ардоғидаги улкан ижодкорга айланиши сабаби энди аён. У аввало донишманд халқнинг асрлар суронидан эсон-омон ўтиб келган ижодини, ўзидан олдин ўтган улуғ сўз салафлари меросини, замондош ижод аҳли асарларини чуқур ўрганган ва улардан ижодий фойдаланган. Айтиш мумкинки, асарларни фақат ўзига хос яъниким Бердақ бўлиб ёзган.

Бердимурод – Бердақ бўлди

Қардош қорақалпоқ адабиёти билан ўзбек адабиётини айрича тасаввур этиш, ўрганишнинг асло имкони йўқ. Ўтмиши ва бугуни бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган бу икки халқнинг шундай муҳташам ижодкорлари борки, ҳар икки миллат томонидан бир хилда эъзозланади, қадрланади. Халқларимиз Огаҳийю Машрабни, Кунхўжаю Ажиниёзни, Абдулла Орифу Эркин Воҳидни, Ибройим Юсупову Тўлепберген Қайипбергеновни бирдай эъзозлайди. Шубҳасиз, ана шу эъзозу ардоқларга сазовор муҳташам ижодкорлардан бири Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақдир.

Шохида булбул сайраган,

Боғлари гул-гул чаман,

Кун нурлари яшнаган,

Ёруғ дунё керак менга.

Тинч, хушчақчақ, фаровон турмуш бор жойдагина булбуллар хонишини тинглаш мумкин. Шу биргина сатрнинг ўзида шоирнинг тинчликка, фаровонликка бўлган эҳтиёжи сезиладики, шоир яшаган ўз даври нотинч, муҳтожликда ўтганини, юртининг ёвлар қўлига ўтаётганидан ташвишга тушаётганини анг­лаш қийин эмас. Шу биргина сатрнинг ўзиёқ дарахт шохига ўтириб, зулматни-да тобора  ваҳимага чулғаётган қора қарға каби қорақалпоқ халқининг бошига ташвиш ёғдирган ўшал қаттол замонларнинг ёвларини бир қур кўз олдимизда гавдалантиради.Бу сатр­лардан ҳам англашиладики, Бердақ элу юрт тақдирини ўз тақдири деб билган ва шундай яшаб ўтган. Халқнинг ва Ватаннинг ёруғ келажаги учун қайғурадиган одамлар бўлиши керак деб ҳисоблаган. Вақтлар ўтади, бироқ юртга ва элга бўлган муҳаббат ўзгармайди. Халқни қадрлаган қадр топади. ­Шоирнинг сатрлари ана шу жиҳати билан ҳам яшовчандир.

Оламда Ватандан азиз ер йўқ. Тақдир тақозоси билан юртдан олисда яшаган зотларнинг фикру хаёли Ватанда бўлган. Улар юрт хаёлидан бир дам айро яшамаганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг оҳу фиғони, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг доду фарёди ҳамон дилларни ўртаб келмоқда. Бироқ бандаи ожиз не чора кўрсинки, уларнинг пешоналарига битилган битик – тақдири илоҳий шундай бўлган бўлса. Бердақ Ватаннинг, элнинг азизлигини шундай содда ва теран ифодалайдики, кишининг юрту элга бўлган меҳру муҳаббати янада юксалади.

Ишни ишла туғилгансан эл учун,

Жонингни аяма одил эр учун,

Киндик қони томган азиз ер учун,

Ўлиб кетганингча хизмат яхшироқ.

Шоир Бердақ покиза эътиқод соҳибидир. Унинг сатрлари қатидаги моҳият шундан хабар беради. У ҳақ сўзни айтишни, росгўйликни улуғ фазилат деб билади. Ватан ва халқ манфаати учун доим киши ҳалол ва ростгўй бўлишини истайди. Аммо замон у ўйлагани каби бўлмай, фитнаю фасодларга дуч келаверишини изтироб билан айтади. Ундан кейин шоир адолат масаласига жиддий эътибор қаратади. Кишиларда мурувват, хайру саховат камёб бўлиб бораётгани унинг кўнглига озор беради.

Бердимурод – менинг ўзим,

Кунхўжани кўрди кўзим,

Ҳожиниёзга етган сўзим,

Улар ҳам шод бўлган эмас.

Бу сатрларни ўқиб, ўзинг кўриб-билиб турган баъзи изтиробли ҳодисалар кўз ўнгингда намоён бўлади. Бугун бутун инсоният бошида оғир мусибатли кунлар ҳукм сурмоқда. Афсуски, бу ҳолатлар бизнинг Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шу кунларда барча халқлар қатори бизнинг халқимиз ҳам иродаси тобланмоқда. Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари билан халқимиз учун кўп эзгу ишлар қилинди. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш истагида кўп хайрли ишларга қўл урилди. Бироқ ана шу кўмак ва ёрдамларга, кишиларнинг саломатлиги учун ажратилган маблағларга баъзи бир нафсига қул кишилар кўз олайтиришди. “Нафснинг ўрадай очгани, обрўйининг ҳам қочгани”, дер экан, шоир ана шундай кишиларни назарда тутган бўлса керак. Бундай кишиларнинг ­қийинчилик кунларида халқ, Ватан корига яраш ўрнига бундай ноинсофлик қилишлари қалбларга қаттиқ ботди. Ибратли сўзлардан баҳраманд бўлар экансан, дунёнинг разил иллатлари поён топармикин, деган ўйларга борасан. Бироқ шу дамда шоирнинг умидбахш сатрлари хаёлингга келган ўйларни гард ғубор сингари ҳаволарга совуриб юборади. Ва кўнглингда асл ҳақиқат қарор топади. Бердақ ­сатрлари ҳақиқий маънодаги яшаш дастурини шундоқ кўнглингга сингдириб қўяди. Энди сен биласан, ҳақиқат ғолиб, хайру саховат, муҳаббат, адолат, ҳалоллик асло мағлуб бўлмайди.

Йигит кирмас фосиқларнинг сўзига,

Асло тушмас  манманликнинг изига,

Ғайрат бериб ўлгунича ўзига,

Хизмат этар мудом  қондош халқ учун.

Бердақ улуғ салафлар ижодидан баҳраманд бўлар экан, улардан сўз санъатини, заргарлигини ўзлаштирди. Мумтоз сўз санъати унинг ижодида ­халқона тарзда намоён бўлди. Мазкур тўртликнинг биринчи ва иккинчи сатрида салбий сифатлар (фосиқ, манманлик) тилга олинса, қолганларида ижобий ҳолат муносабати билан эзгу тушунчалар(ғайрат, хизмат) тилга олинади. Ана шу қаршилантириш сифати шеърнинг таъсирчанлигига хизмат қилган.Элига, юртига хизмат қилган одам ҳеч қачон камлик кўрмайди. Ёмғир билан ер, дуо билан эл кўкаради, деган нақл бор. Шоирнинг бу мисраларида ана шу ҳақиқат бор моҳияти билан сингишиб кетган. Зотан, муқаддас китобларда, улуғ зотларнинг битикларида яхшилик қилиш ҳикмати хусусида такрор-такрор айтилгандир. Бу қутлуғ ғоялар шоир сўзларига асл моҳияти, ҳикмати билан уйғунлашиб кетган.    

Шарқ шеъриятида ҳасби ҳол яъниким, таржимаи ҳол характеридаги асарлар, манзумалар жуда кўп. Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат сингари ижодкорларнинг асарларини ўқиган китобхон буни яхши билади. Тасаввуф шеъриятининг улкан намояндаси, умр бўйи ҳикмат сўйлаган шоир Аҳмад Яссавийда шундай мисралар бор:

Мен йигирма саккиз ёшда ошиқ бўлдим,

Кеча етмай, меҳнат тортиб содиқ бўлдим,

Ондин сўнгра даргоҳига лойиқ бўлдим,

Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб  келдим мано.

Бу ҳикмат валий шоир ҳаётидан бир лавҳа. Бердақ ижодида ҳам шундай мазмундаги шеърлар бор. Улар фақат Бердаққа хос оҳангларда жаранглайди ва юракларда акс-садо беради. Шулар орасида “Умрим ва кунларим” асари чин маънода Бердақнинг умр йўлларидан ҳикоя қилади:

Оғажонлар, тинглангиз сўз,

Мен шўрлига ташлангиз кўз,

Ўтди-ку, йигирма тўққиз,

Келгинди бўлган кунларим.

Шу шеърда яна шундай мисралар бор:

Умр бўйи ёндим, куйдим,

То ўлгунча юртни суйдим,

Эл деб кўздан дарё қуйдим,

Эл ғамида ўтган умрим.

Бердақ кўп шаҳарларга саёҳат қилди. Халқ ҳаёти билан яқиндан танишди.  Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари – Урганч ва Бухорони зиёрат қилиб, қадимий ёдгорликлар билан танишди. Таассуротлар эса асарларига кўчди.

Бердақ доимо Ватан ҳурлигини ўйлади, эл ғами билан яшади. Халқнинг фаровон ҳаёт кечириши истагида ўртанди:

Чангалда қолган булбулнинг,

Чумчуқча ҳам шони бўлмас…

Шукрлар бўлсинким, бугун шоирнинг жаҳон хазинасини қўлига олиб, уни халқ йўлида сарф этишни ўйлаб, менга ҳам давлатли инсон умрин бер, дея чеккан нолалари рўёбга чиқди. Юрт обод, халқ эса фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ҳақиқий шоирларнинг эса бундан бошқа орзуси бўлмайди.

Бердақнинг“Ақимбет”, «Шажара”, «Ойдўс бобо”, «Амангелди”, «Эрназарбий”, «Хоразм” сингари  достонларининг муҳташам ижодкор эканлиги далилидир. У бу асарлари билан қорақалпоқ халқининг  XIX асрдаги  ҳаёти, турмуш тарзини кўрсатиб беролган. Ўша даврда Оролбўйидаги мавжуд сиёсий-ижтимоий, маданий муҳитни  ўрганишда Бердақ асарлари муҳим ўрин тутади. Шу боис Бердақ бутун умр инсонпарварлик, тенглик, сахийлик, адолат, ватанпарварлик, меҳр-шафқат, қаҳрамонлик ва мардлик, миллий озодлик ва ҳақиқат учун кураш, меҳр-муҳаббат каби умуминсоний ва миллий қадриятларни куйлаб ўтди.

Мен ўлмасман, ўлсам сўзим қолгуси

Бердақ, мен ўлмасман, ўлсам сўзим қолгуси, халқим мени мудом ёдга олгуси, дейди. Бу шоирнинг ўз ижодига оид нурли башоратидир. Ҳақиқий ижодкорларнинг асарлари ҳеч қачон ўлмайди. Уларнинг ёзганлари худди бугун ёки кеча ёзилгандек кишилар қалбига нури зиё таратиб тураверади. Бердақнинг “Мард йигитни агар севса элати, кундан-кунга ортар унинг қуввати”, “Қайғунг тар­қар ботир билан, мард билан”, “Султон бўлма ёт элинда, чўпон бўлгин ўз чўлингда”, “Одам боласига зийнат номус-ор” деган сўзлари ҳикматли сўз, бир мақол янглиғ ўқувчини ҳамиша огоҳликка даъват этиб тураверади.

Хушовоз хонанда Қодир Мирашуров куйлаган “Ёруғ дунё керак менга” номли  қўшиқ айнан мустақиллик йилларида сўз ва мусиқа уйғунлиги, ижро маҳорати сабабли тингловчилар юрагидан чуқур жой олди.

Кўпчилик бу қўшиқни шеър Бердақ қаламига мансуб эканини билмасданоқ севиб қолди. Бунинг сабаби нимада? Шеърда фалсафанинг теранлиги, оҳангнинг самимийлиги, юрак изҳорининг табиийлиги мужассам. ­Шеърда эл-юртга хизмат қилиш саодати юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилмоқда. Мана гап нимада? 1827-1900 йилларда яшаб ижод қилган Бердақнинг шеърларига басталанган мусиқий асар бугун навқирон ўзбек ёшларининг севимли қўшиғига айланмоқда. Менимча, бадиий асарнинг ­умрбоқийлиги шоир умрининг абадийлигига яққол мисол бўлади.

Бердақ шеърларини таржима қилиш бугун ҳам давом этмоқда. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон Бердақнинг биз юқорида мисол келтирган шеърини шундай таржима қилган:

Мард бўлиб белин бойлаган,

Жонини фидо айлаган,

Халқнинг ғамини ўйлаган

Юрт ғамхўри керак менга.

Худди Бердақ бундан юз йиллар аввал бугунги кунларни кўриб тургандай ёзгани бизни ҳайратга солади. Ҳа, Юрт ғамхўри керак! Халқининг ғамини ўйлаган йўлбошчи бўлса, эл-юрт саодатли бўлади. Бугун Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган “Саховат ва кўмак” ҳаракатини қаранг, махсус фармон билан 400 мингдан ортиқ оилага моддий ёрдам берилганини қаранг, мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини, барпо этилаётган замонавий шаҳарларни, турар-жой биноларини қаранг, Мўйноқдаги мўъжизаларни қаранг. Шоир юртнинг ана шундай ғамхўрини назарда тутган.

Демак, бугун ҳам Бердақ ижодига кўнглимиз эҳтиёжи бор. Шу маънода, Миртемир домла издошларини шоирнинг ҳали ўзбек тилига ўгирилмаган асарлари кутиб турибди.Албатта, адабиётшунослар қамишдан бел боғлаб Бердақ асарларидаги ҳаётбахш ғояларни замона руҳидан келиб чиққан ҳолда талқину тадқиқ этишларига ишонаман.Бердақ ҳайкалига бириктирилган олий ўқув юрти сифатида Тошкент педиатрия тиббиёт институти олимлари ҳам бу масъулиятли вазифаларни амалга ошириши йўлида самарали ишларни амалга оширадилар. Аслида Бердақнинг Адиблар хиёбонидаги ҳайкалида ана шу эзгу мақсадлар ҳам қад ростлаб турибди. Авлодларга йигирма минг мисрадан зиёд шеър, достонларни мерос этиб қолдирган ижодкор ҳамма даврларда эъзозланишга муносибдир. Бердақ адабий мероси фақат ўзбек ва қорақалпоқнинг эмас, балки барча туркий халқларнинг ҳам улкан маънавий хазинаси бўлиб қолаверади. Қорақалпоқ эли билан қондош, жондош эканлигимизни ҳисобга олсак, Бердақнинг ижодини теран ўрганишга ва тарғиб этишга ҳар доим масъул эканлигимизни яна бир бор англаймиз.

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари,

шоир.