Бўзатовда замонавий чорвачилик комплекслари қурилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида  Бўзатов туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг амалий ёрдами билан бугунги кунда туманда бир қатор чорвачилик комплекслари қурилиб, чет давлатлардан наслли моллар олиб келинмоқда. Жумладан, туманда умумий баҳоси 54 миллиард 755 миллион сўмлик жами 46 та лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 127 та янги иш ўрнини ташкил қилиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида жами 2575 бош, жумладан, 1845 бош наслли қора моллар, 730 бош қўй-эчкилар олиб келинади.

Қарор ижросини таъминлаш, жумладан, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага аҳолини кенг жалб этиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар бошлаб юборилди. Айниқса, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ташаббускорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Тумандаги “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Эркиндарё чорва” фермер хўжалиги томонидан 100 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ишга туширилди. Акционерлик тижорат “Халқ банки” дан олинган 1 миллиард 338 миллион сўм кредит ҳисобидан шу йилнинг май ойида 25 бош гольштейн, 28 бош симментал наслли қора моллар олиб келинди. Натижада, 15 та доимий иш ўрни яратилди. Бугунги кунга қадар 17 бош бузоқ олинди.

Германия ва Россия Федерациясидан келтирилган наслли моллар алоҳида парвариш талаб қилади. Фермер хўжалигининг ишлари билан танишар эканмиз, бунинг гувоҳи бўлдик. Хўжалик ишчиларининг бир гуруҳи моллар учун юқумли озуқа ҳисобланган силос тайёрлаётган бўлса, базилари молларнинг кундалик парвариши билан банд. Ҳар битта сигирдан 15 литр атрофида сут соғиб олинмоқда. Ушбу сут маҳсулотлари Нукус шаҳридаги ҳамда туман ҳудудидаги сутни қайта ишлаш шохобчаларига, савдо ўринларига, деҳқон бозорларига шартнома асосида етказиб берилмоқда.

Туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига жами 375 гектар экишлик ер майдони ажратилиб, шундан 20 гектарига дон учун маккажўхори, 20 гектарига силос учун маккажўхори, 60 гектарига беда экилди. Ушбу ишларга 7 дона турли русумдаги қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегати жалб этилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунга қадар 500 тоннадан ортиқ силос тайёрланган. Шунинг­дек, 15 минг дона беда преси, 95 тоннадан ортиқ маккажўхори дони йиғилган. Ҳар бир бош қора мол ветеринар шифокорлар назоратида.

Тумандаги “Қушхонатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агробизнес Бўзатов” масъулияти чекланган жамияти томонидан биринчи босқичда 96 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекси қуриб битказилиб, Германия давлатидан 33 та гольштейн ва 32 та бош симментал наслли қора моллар келтирилди.

Келажакда сутни қайта ишлаш ускуналари олиб келинади. Мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бўзатов Симментал” масъулияти чекланган жамиятига қарашли жами  500 бош қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик комплексининг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Биринчи босқичда Австрия давлатидан 300 бош қорамол олиб келинади. Кейинги босқичда Туркиядан сутни қайта ишлайдиган ускуналар келтирилади. Иккита комплекснинг ишга туширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади.

Туманда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар халқимизни арзон ва сифатли гўшт ҳамда бош­қа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Д.Абибуллаев.