ҚОРАҚАЛПОFИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ: ҲАР БИР ИНСОННИНГ ҲАЁТ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ — УСТУВОР ВАЗИФА


Кўриб ҳавасим келди

Эрта тонгда телефоним жиринг­лади. Гўшакни кўтарсам, таниш овоз эшитилди. Дўстим Қувондиқ телефон қилаётган экан. У тўрт-беш йилдан буён Қозоғистонда яшаётган эди. Салом-аликдан сўнг у кеча Нукусга келганини айтиб, вақтим бўлса, бугун шаҳарни бирга айланишни таклиф қилди. Гап орасида шаҳар жуда ўзга­риб кетганидан хабардорлигини, шу боис, бирга айланмоқчи бўлганини таъкидлади.

Бир соатдан сўнг вокзал ёнида учрашдик ва шаҳар бўйлаб сайрни бошладик.

— Чап томондаги бино “Нукус полимер” масъулияти чекланган жамияти. Корхона хориждан келти­рилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган, — дея шаҳарни таниш­тиришни бошладим мен. — Асосий хомашё полиэтилен ва полипропи­лен гранулалари Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуаларидан олиб кели­нади. Корхонада йилига диаметри 16 миллиметрдан 630 миллиметргача бўлган 12 турдаги, юқори босимга чидамли 8 минг тонна маҳсулот иш­лаб чиқарилади.

Бу эса “Нукусэлектроаппарат” қўшма корхонаси. Бу ерда Италия, Германия, Швейцария, Хитой ва Россиядаги йирик компанияларнинг инновацион технологиялари ёрда­мида замонавий турдаги юқори ва паст кучланувчи трансформатор, паст вольтли комплекс қурилма­лар, аппаратуралар ва электро­монтаж буюмлари, халқ истеъмол товарлари билан бирга металл мебеллар, шунингдек, металл конструкцияларнинг кенг тўпла­ми ишлаб чиқарилади. Хусусан, 6-10 киловатт қувватга эга транс­форматор подстанцияларига бўлган талаб халқ хўжалиги­нинг барча тармоқларида юқори. 2020 йилнинг 7 ойи давомида 59 миллиард сўмлик маҳсулот иш­лаб чиқарилди. Корхонада 231 на­фар ишчи ишлайди.

Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ке­тарканмиз, катта иморатга кўзи тушган дўстимнинг қувончини юзи­дан ­англадим.

Бу бинода “NUKUS MED TEX” масъулияти чекланган жамияти жой­лашган. Корхона йилига 146 миллион дона бир марталик тиббий шприц ва инфузион система ишлаб чиқаради. Бугун бу ерда 230 киши доимий иш билан банд.

Аллаёр Досназаров кўчаси Нукус темир йўл вокзалидан бошланади. Кўча бўйлаб сайр қилар эканмиз, дўстимни атрофда қад ростлаган ин­шоотлар билан таништиришда давом этдим:

— Мана бу муҳташам бино Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони ­Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаб-интернати, бу эса Амир Темур номидаги истироҳат боғи, ундаги турли- туман аттракционларда болаларимиз шодон ўйнаяпти. Ҳов анави бино — Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди. Ушбу масжид қайта реконструкция қили­ниб, атрофида ободонлаштириш ишла­ри олиб борилди. Масжиднинг биринчи қаватида Қорақалпоғистон мусулмон­лари қозиёти ва Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди жойлашган, иккинчи қа­ватида ахборот-ресурс маркази, икки ку­тубхона фаолият кўрсатмоқда. Масжид ёнидан минора, имом-хатиблар малака­сини ошириш ўқув маркази, ҳовуз, нов­войхона, фаввора, автомобиллар учун тўхташ жойи ўрин олган. Атрофдаги ман­зарали дарахт ва гулларни кўряпсанми, шаҳар кўркига-кўрк қўшиб турибди.

— Мана бу иморат жуда баланд ва чиройли экан, — деди дўстим ҳаяжони­ни яшира олмай.

— Бу “Мега Нукус” савдо мажмуаси. Бу томонда эса яна битта савдо мар­кази — “Медиа парк”. Ҳов анави, Нукус деҳқон бозори ёнидаги пиёдалар кўпри­ги яқинда фойдаланишга топширилади.

— Кўзларимга ишонмаяпман. Барча кўчалардаги бир қаватли уйлар ўрнига кўп қаватли замонавий турар жойлар қад ростлабди. Биринчи қаватида эса савдо дўконлари. Қойил, Нукус қисқа фурсатда шунчалик даражада ўзгариб кетибди. Мўъжиза рўй бергандек гўё. Э, бу томонда нималар қуриляпти?

— 2 та 16 қаватли уй ва IT-парк қу­рилмоқда, — дея тушунтиришда давом этдим мен. — Ахборот технологиялари паркида ёш дастурчилар янги дастур­лар ишлаб чиқади. Ўзинг биласан-ку, Нукусда шу пайт­гача 16 қаватли уйлар йўқ эди. Рос­ти, тез орада ўша уйлар фойдаланишга топширилишини кутяп­миз.

Биласанми, бизда, шунингдек, бир қатор олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳам очилди. Масалан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Навоий кон-металлургия институтининг филиалларида талаба­лар таҳсил олмоқда.

Яқинда Президент мактаби фойда­ланишга топширилди. Бу томонда қайта реконструкциядан чиққан киноконцерт зали, Қорақалпо­ғистон тиббиёт институ­тининг янги биноси, халқаро стандарт­лар асосида қайта тикланган Нукус ­хал­қаро аэропорти, ёнидаги янги хиёбон.

Хуллас, Қорақалпоғистоннинг иқти­содиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифи қорақалпоқ замини учун му­ҳим аҳамиятга эга бўляпти. Булар бари Президентимизнинг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳур­мат-эътиборидан далолат, албатта.

— Бир олам таассуротлар олдим. Кўриб ҳавасим келди. Албатта, келаси сафар дўстларимни ҳам олиб келаман. Уларга юртимиздаги янгиликларни кўр­сатаман. Илоҳим, кўз тегмасин, — дея хайрлашди мен билан дўстим.

Кундан-кунга янгича қиёфа касб этмоқда

Зерхан САИДБЕКОВА,

Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” болалар оромгоҳи директори:

— Мўйноқ тумани 1931 йили таш­кил топган. Бир вақтлар катта қисмини денгиз сувлари эгаллаган ҳудуд, чўл ва ярим даштликлардан иборат бўлган. Сўнгги маълумотларга қараганда, Мўй­ноқда айни пайтда 32 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Янги­ланаётган туманга Россия, Қозоғис­тон сингари давлатларга ишлаш учун кетган мўйноқликлар қайтиб келмоқда. Туман­да 24 та қўшма корхона, 93 та кичик са­ноат корхонаси ва 400 га яқин кичик биз­нес субъекти фаолият юритмоқда. Ўтган йили Мўйноқда салкам 11 миллион АҚШ долларлик инвестиция ўзлаштирилди.

“Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада ўзгариш бўляпти. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқнинг меҳ­нати, интилишлари мужассам. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак… Мўйноқдаги ўзга­ришларни, сизларнинг кўзларингиздаги қувончни кўриб жуда хурсанд­ман. Бу — узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижаси. Агар кимдир биз­нинг ислоҳотларимизга шубҳа қилади­ган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин”, де­ган эди Президентимиз Мўйноқ ҳақида.

Айниқса, туманимиздаги “Бўзатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган “Оқ кема” болалар соғлом­лаштириш маркази биз учун улкан совға бўлди. Ҳар томонлама пухта ўйланиб қурилган марказ катта кемани эслатади. Бунда Орол денгизига кемалар қайт­ди, ҳаёт қайта тикланди, деган рамзий маъ­но бор. 12 гектар майдонни эгаллаган соғломлаштириш марказига 42,8 мил­лиард сўм маблағ сарфланиб, барча шароитлар мужассам этилган. Бу мар­казни томоша қилар экансиз, олис бо­лалик чоғларингизга қайтиб, шу ердаги болалар қаторида бўлишни истайсиз. Инсоннинг энг катта бойлиги — руҳияти, ички дунёси бўладиган бўлса, шу ички дунё гўзаллигини қайтаргани учун дав­латимиз раҳбаридан жуда-жуда миннат­дормиз.

Президентимизнинг ҳар галги таш­рифи давомида Мўйноқ туманини ри­вожлантириш режаси алоҳида кун тартибида туради. Қисқа вақт ичида туманимиз бутунлай ўзгача қиёфага эга бўлди. Қатор объектлар фойдаланиш­га топширилди. Жумладан, 800 ўрин­ли ­амфитеатр, давлат хизматлари ва ёшлар марказлари, ҳаттоки тушимизга кирмаган маданият маркази, стадион ҳам қурилди. Мўйноқнинг қоқ марказида ёшлар учун IT марказ хизмат кўрсатса, ёнидаги “Book kafe” доим ёшлар билан гавжум.

Бундан ташқари, “Қизил жар” маҳал­ласида 1,5 гектар жойга иссиқхона қури­либ, аҳолига арзон нархдаги маҳсулот­лар сотилмоқда. Шу иссиқхона туфайли “Қизил жар”, “Шеге” ва “Порлитов” овул фуқаролар йиғинларидаги 80 нафар ёш иш билан таъминланди.

Туманимиз марказида бассейн, спорт зали, мусиқа ҳамда санъат мактаби, тиббиёт маскани ва бош­қа объектлар ҳам бунёд этилди. Шунингдек, ҳаттоки Нукусда хам бўлмаган инновацион те­летиббиёт клиникаси қурилди. Клини­ка замонавий, сўнгги русумдаги зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Беморлар ташхисини шу жойнинг ўзида тўғридан-тўғри аниқлаш имкониятига эга. Эндиликда фуқароларимиз узоққа бормай, катта харажат қилмай, бемалол шу ерда даво топади.

Бир сўз билан айтганда, ­Президентимизнинг Мўйноқни ривож­лантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар барчамиз­нинг эртанги кунга бўлган ишончи­мизни мустаҳкамламоқда.

Ушбу ишларнинг тизимли даво­ми сифатида Орол денгизи тубида­ги суви қуриган майдонларда шамол таъсирида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини ка­майтириш, қум кўчишини бартараф этиш, минтақада экологик ҳолатни ях­шилаш мақсадида ҳимоя ўрмонзорла­ри барпо этилмоқда.

Ҳозир ушбу тадбир доирасида 2 та — Қораўзак туманидан Ақпеткей ҳамда Мўйноқ туманидан Сургул-Ахантай йў­налишида саксовул экиш ишлари олиб борилмоқда.

Денгизнинг қуриган тубида чўл ўсим­ликларини экиб кўпайтириш ва янги яй­ловлар яратиш жуда ҳам муҳим масала. Албатта, ўрмонзор пайдо бўлса, бирин­чидан, тузли чанг кўтарилиши тўхтайди. Ернинг нам­лик кўрсаткичи ортади, янги яйловлар пайдо бўлади. Ўрмонзор бўл­ганидан кейин ёввойи ҳайвонлар, қуш­лар ҳам кўпая бошлайди. 10-12 йил ичи­да катта ўрмонзор яратилади.

Янги туманда янгиликлар кўп

Маҳмуд ҚАЙПАНОВ,

Бўзатов тумани ҳокими:

— Президентимизнинг ташаббуси билан қайтадан тикланган туманимизда бугунги кунда 21571 нафар аҳоли истиқо­мат қилади. Туман ҳудудида тўртта овул фуқаролар ва битта посёлка фуқаролар йиғини, битта тиббиёт бирлашмаси ҳам­да учта қишлоқ врачлик пункти бор.

Янги туман марказида сўнгги йил­ларда ёшлар маркази, 800 томошабин ўрнига эга амфитеатр, 1000 ўринли за­монавий стадион қад ­ростлади. “Бўзтех” масъулияти чекланган жамияти туман­да биринчи марта ташкил этилган йирик тўқимачилик корхонаси бўлиб, 300 та иш ўрнига мўлжалланган. Бу корхонада ҳозир 155 киши иш билан банд. Куни­га 3-4 мингта, йилига эса 1,5 миллион дона, жами 2 миллиард 250 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режа­лаштирилган.

Мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, туманни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қа­рори, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот тур­ларини кўпайтириш, ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитига хос бўлган чор­вачилик, шоличилик, балиқчилик ҳам­да қизилмия илдизини етиштириш ва чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича 2019-2021 йилларда Қорақал­поғистон Республикасининг Бўзатов туманини комплекс ривожлантириш чо­ра-тадбирлари дастури тасдиқланган эди. Туман ҳудудида қизилмия ўсим­лигини плантация усулида етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда “SAYAT ANGOR” масъулияти чекланган жамияти 140 минг долларлик 200 тон­на, “MOHAMMAD LICORICE ROOTS” масъулияти чекланган жамияти 75 минг АҚШ долларлик 150 тонна қи­зилмия маҳсулотини экспортга чиқа­ришни йўлга қўйган.

Чорвачиликни ривожлантириш бў­йича ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда кейин­ги йилларда хориждан зотдор молларни олиб келишда фермер хўжаликларига қулай имкониятлар яратилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолини арзон сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда қўл келяпти.

Туманда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш орқали ишлаб чиқа­риш, аҳолига маиший, савдо, транспорт, тиббий ва бошқа турдаги замонавий хизматларни кўрсатиш, одамлар тур­муш шароитини яхшилаш борасида катта захиралар мавжуд бўлиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари меҳ­наткаш халқимиз томонидан қўллаб- қувватланмоқда.

Тупроғи олтинга тенг, меҳмондўст Элликқалъа

Айша МАТНИЁЗОВА,

Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлими раҳбари:

— Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатидан янгиланишлар юз бермоқда. Элликқалъа тумани деҳқон­лари халқимизни озиқ-овқат маҳсулот­лари билан тўлиқ таъминлаш, дастур­хони тўкин-сочин бўлишига эришиш учун астойдил меҳ­нат қилмоқда.

Ҳозирги кунда туманда 481 та фер­мер хўжалиги бор. Пахта ва ғаллачилик йўналишида 195 та, чорвачилик йўна­лишида 91 та, паррандачилик йўнали­шида 13 та, балиқчилик йўналишида 54 та, асаларичилик йўналишида 7 та, тутчилик йўналишида 8 та, боғдорчилик йўналишида 49 та, сабзавотчилик ­йў­налишида 32 та, бошқа йўналишларда эса 30 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.

Бу йил асосий майдонларда ғалла ва пахта, 739 гектарда сабзавот, 350 гектарда картошка ва 413 гектар ерда полиз экинлари етиштирилди. Жорий йилда ғалладан бўшаган 3350 гектар майдоннинг 1770 гектарига такрорий экинлар экилди. Шундан 152,8 гектар ер кам таъминланган оилаларга 20 сотих­дан ажратиб берилди. Албатта, бу кам таъминланган оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хиз­мат қилади.

Туризмни ривожлантиришда Эллик­қалъа туманининг археологик салоҳия­ти жуда юқори. Тупроққалъа қадимги Хоразм давлатининг пойтахти бўлган.

Энг катта қалъалар мажмуаси сақланиб қолганидан фойдаланиб, бу ҳудудни алоҳида брендлаш ор­қали тарғиб қи­лиш мумкин.

Тупроққалъа, Аёзқалъа, Катта Гул­дурсун тарихий қалъаларига чет давлат­лардан сайёҳлар кўп келади. Уларнинг аксарияти Франция, Италия, Германия, Россия, Буюк Британия, Испания ва бошқа давлатлардан. Кечирмас ота ва Абдулла Норимжоний зиёратгоҳларига жорий йил бошидан республикамиз ҳу­дудларидан 48 мингдан зиёд ва қўшни давлатлардан 328 нафар сайёҳ ташриф буюрди.

Элликқалъа тумани археология ва тарих музейини жорий йилнинг биринчи ярмида 1984 киши келиб кўрган. Улар­нинг 86 нафари хорижликдир.

Сайёҳларга Элликқалъа тума­ни бўйича “Buzton Turizm” ФХ, “Ayaz yurt”, “Tuproqqal’a”, “Katqal’а tur”, “Jahongashta-tur”, “Iskander tours”, “Nitsa Nukus”, “Qiyot Turkiston” МЧЖлар хизмат кўрсатиб келмоқда. 2019 йилда биргина “Buzton Turizm” ФХ томонидан 600 дан ортиқ чет эллик сайёҳга туро­ператорлик хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, “Buston City” меҳмонхонаси маҳаллий ва чет эллик туристларни қа­бул қилмоқда.

Бугунги кунда ҳудудда 28 нафар ҳу­нарманд фаолият юритаётган бўлиб, улар, асосан, гул босилган газлама­лар, миллий либослар ва чокли буюм­лар тайёрлаш, рангли ва оддий ме­таллдан ясалган хилма-хил ашёлар, бошқа халқ ҳунармандчилиги буюмла­рини ясайди.

Аҳолининг дала ва боғлари, тари­хий қалъалар ҳудудига яқин жойларда ўтовли меҳмон уйлари ташкил қилиш орқали сайёҳларнинг шу ерда тунаб қолишларига шароит яратилмоқда. Хоразм вилоятига ташриф буюрувчи туристлар тарихий экскурсияни Эллик­қалъадан бошлаб, Хива шаҳрида давом эттиришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки ҳудуддаги Катта Гулдурсун, Катта Қаватқалъа, Аёзқалъа 1, Катта Қирққиз­қалъа, Қўрғошинқалъа, Жилдиққалъа, Тупроққалъа, Бургутқалъа, Кичик Қават­қалъа, Қумқалъа каби тарихий обида­лар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади, албатта.

Шунингдек, туман марказидаги Бо­таника боғида айни пайтда 200 тупдан ортиқ манзарали дарахт-бута, 70 тур­даги турли гуллар парваришланади. Ушбу боққа олий таълим муассасалари томонидан талабалар учун экскурсия ва саёҳатлар уюштирилади. Бу ерда, асо­сан, Қорақалпоғистонда учрамайдиган кўчатлар маҳаллий иқлимга мослашти­рилиб, сўнг бошқа ҳудудларга экиш учун етказиб берилмоқда.

* * *

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бугун Қо­рақалпоғистонда устувор вазифа этиб белгиланган. Бу вазифаларни бажариш учун қорақалпоқ халқи Президентимиз­нинг илиқ меҳрини туйган ҳолда садо­қат, фидойилик, ватанпарварлик наму­наларини кўрсатиб яшамоқда ва меҳнат қилмоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.

Мақсет ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган суратлар.

(«Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди).