САЙЁҲЛАР УЧУН МЕҲМОН УЙЛАРИ


Мамлакатимиз жуда катта туризм салоҳиятига эга бўлиб,  жами 7,4 минг маданий мерос объектлари мавжуд. Эътиборлиси, уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Сўнгги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши юртимизга ташриф буюра­ётган сайёҳлар сонининг ортишига ҳамда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, турист­лар жойлаштириладиган жойлар, овқатланиш масканлари, уларнинг ҳаракатланиши, ҳаёти ва соғлиги хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Юртимизда туризмни жадал ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, анъанавий маданий-тарихий туризм билан биргаликда туризмнинг бошқа салоҳиятли турларини – зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, ­гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик туризми ва бошқа турларини жадал ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар туризми, оилавий туризмни, кексалар учун ижтимоий туризм­ни ривожлантириш борасида муҳим амалий натижаларга эришилмоқда.

Айниқса, юртимизга кириб келаётган хорижий туристлар сонининг ошишида виза режими, Ўзбекистонда бўлиш қоидалари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш тартиби соддалаштирилгани, туризм соҳасида инфратузилманинг ривожланиши ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш чоралари кўрилгани  муҳим омиллардан биридир.

Юртимизда яратилаётган ана шундай имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда турли туристлик ташкилотлар, меҳмонхоналар ҳамда оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилиши сўзимиз исботидир. Яқинда Элликқалъа туманида 6 та ана шундай оилавий  меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди.

Қадимий тарихга эга Элликқалъа туманида бу каби оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилиши туристлик корхоналар фаолиятини янада кенгайтириш, миллий ва маданий меросларимизни кенг тарғиб этиш, айниқса, энг чекка ҳудудларда ҳам тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Бугун Элликқалъа туманида туризм соҳасини ривожлантириш, яъни, ушбу ҳудудни замонавий туристлик масканига айлантириш учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда зиёрат туризми, миллий ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, спорт, умуман, хизмат кўрсатишнинг барча турлари мавжуд. Хорижий давлатлардан ташриф буюрган сайёҳларни қабул қилишда  карантин қоидаларига қатъий амал қилинади.

 Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикасига 1000 нафар хорижий, 551 минг маҳаллий  сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45  фоизга ошган. Эътиборли жиҳати, сайёҳларнинг оилавий меҳмон уйларига қизиқиши, эътибори тобора  ортиб бормоқда. Биргина Қорақалпоғистон Республикасида жами 19 та оилавий меҳмон уйлари ташкил қилинган бўлиб, Нукус шаҳрида 4 та, Элликқалъа туманида 6 та, Мўйноқ туманида 3 таси фаолият кўрсатиб келмоқда.  

Туманда бир вақтнинг ўзида 6 оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилиши ички туризмни ривожлантириш билан бир қаторда, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ф.Нуруллаева.