Барчамизга яхши маълумки, 2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади.
Шу давргача аҳолини рўйхатга олишга оид қонун қабул қилинмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини рўйхатга олиш концепсиясини тайёрлаш вазифаси белгиланди.
Шундан сўнг 2019 йил 5 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Юртимизда аҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асослари халқаро меъёрларга мос тарзда шаклланмоқда. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 16 март куни «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Тарихий манбалардан маълумки, аҳолини дастлабки рўйхатга олиш қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Бундан кўзланган асосой мақсад одамлардан солиқ йиғиш, бож олиш ҳамда ҳарбий сафарбарлик учун уларнинг сонини аниқлаш бўлган.
Шу боисдан ҳам бу рўйхатга олишда асосан эркаклар эътиборда бўлган. Аҳолини илк бор расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, биринчи АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.
ХIХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди.
Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда 151 та давлатда, 1965-1974-йилларда 179 та давлатда аҳоли рўйхатдан ўтказилган. Ҳозирги пайтда, дунёдаги деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.
Жонажон республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ўтказилган. Бу борадаги маълумотлар ХIХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.
Рўйхатга олишнинг асосий мақсади — Ўзбекистонда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.
К.ОМАРОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари.