Деҳқончилик системасининг ривожланиш босқичлари


Дунёда қишлоқ хўжалиги амалиётининг ривожланишига назар ташласак, иқтисодий тузум босқичларига бевосита боғлиқ эканлигини тушунамиз. Мисол учун, ибтидоий одамлар ўша даврда табиат билан уйғунлашган ҳолда яшаб, фақат табиий шароитларда (ёввойи ҳолда) етишиб чиққан маҳсулотлардан фойдаланишган. Маҳсулот етиштириш, табиатдаги ҳодисалар нега ундай ёки бундайлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган.

Одамлар сони кўпайиб, яхши ҳосил бераётган унумдор ва географик жойлашуви қулай бўлган ерларга рақобат кучайиб, турли ҳарбий ва қишлоқ хўжалиги қурол-аслаҳаларини яратишга мажбур бўлинган. Бу даврда жисмонан заиф қабилалар ўзлари яшаёт­ган яхши, серҳосил ҳудудлар ерларини душманларига бериб қўйиши оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларини маълум бир чекланган ҳудудларда етиштириш муаммоси келиб чиққан.

Натижада деҳқончилик соҳаси барпо этилган. Маълумки, деҳқончилик ўша даврдаги чангалзорлар шароитида мўл ҳосил етиштириш учун катта қўл кучи талаб этилган. Оқибатда, одамларни мажбурий ишлатиш натижасида қулдорлик тузуми келиб чиққан.

Одамлар сонининг тезкорлик билан кўпайиши ҳамда саноатнинг шакллана бориши натижасида қулдорлик тузуми давр талабига жавоб бермай феодализм тузуми кириб келган. Бу даврда илм фан, техника ва қишлоқ хўжалиги учун дастлабки кимёвий воситалар хизмат қилишни бошлаши ва саноат ривожланиши натижасида буржуазия даври бошланган. Бу даврда саноат қишлоқ хўжалиги учун техника, ўғит ва бошқа кимёвий воситалар етказиб бериш вазифасини ўз зиммасига ола бошлаган. Ўз навбатида саноатга дон, лавлаги, картошка, пахта, зиғир, мойли ва бошқа техник экинлар маҳсулотини етказиб бериш қишлоқ хўжалиги зиммасига юкланган. Натижада қишлоқ хўжалиги ва саноат тезкорлик билан ривожлана бошлаган. Одамлар сонининг жадал равишда кўпайиши, ишсизлик, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолияти давр талабига жавоб беролмай қолган. Шунингдек, илм-фаннинг янги йўналишлари очилиши, жадал ривожланиши натижасида тузумга сиғмай қолган. Пировардида, капиталистик тузум кириб келган.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, инсониятнинг ривожланиш босқичларида ўз даврига мос бўлган деҳқончилик системалари қўлланилган.

Деҳқончилик системаси нима, деган савол туғилиши табиий ҳолдир.

Деҳқончилик системаси-қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишни таъминлайдиган илмий ва ташкилий усул ва технологияларни қўллаш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш тартиботидир.

Демак, инсоният ривожлана бориш босқичлари бўйича деҳқончилик системалари ҳам такомиллаштирилиб, давр талабига мослашиб борган. Шунинг натижасида мураккаблашган ва махсус қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, далалар бўйича  навбатлаб экиш схемалари келиб чиққан.

Алмашлаб экиш қишлоқ хўжалиги экинларини йиллар ва далалар бўйича илмий асосланган ҳолда навбатланишидир. Навбатлаб экиш эса, бирор-бир аниқ мақсадга эришиш учун асосан икки асосий экинларнинг йиллар давомида навбатланиши бўлиб, мисол учун дон мус­тақиллигига эришиш ҳисобланади.

Алмашлаб экиш схемаларининг энг мақбул томонлари нималардан иборат? деган саволга жавоб берсак.

Биринчидан, ҳудуднинг тупроқ ҳолати, иқлими, сув ва бош­қа ресурслар билан таъминланиши, экинлар таркибига ва саноат, бозор талабларига мос ҳамда бошқа экин турларига нисбатан юқори иқтисодий самара олиш ва тупроқ унумдорлигини яхшилаш, сақлаш имкониятларини берувчи экинларнинг назарий-амалий жиҳатидан имкониятларига эга бўлинади.

Иккинчидан, олинган маҳсулот тури, ҳажми, сифати ва уларни етиштириш муддатларини олдиндан белгилаш программалаштириш имкониятлари мавжуд.

Учинчидан, зарур ҳолларда баъзи экинлар майдонини бир ротация давомида вақтинчалик кенгайтириш ёки камайтириш мумкин.

Тўртинчидан, тупроқ унумдорлиги ва уни ҳосил бера олиш қобилия­тини илмий асосда бошқариш имконияти мавжуд.

Алмашлаб экиш схемасида энг юқори иқтисодий натижага эришиш учун экинлар тури ва навини тўғри танлаш, далалар бўйича салмоғини белгилаш ва жойлаштириш, яъни структураси жуда катта аҳамиятга эга.

Республика бўйича қишлоқ хўжалиги экинлари структурасини моҳирона ҳар бир ҳудуднинг иқлим, тупроқ, сув таъминоти ва тарихий деҳқончилик билан шуғулланиш турига, ихтисослашиш ҳолатига қараб белгиланиши жуда муҳим ҳисобланади. Бунинг натижасида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган экин турлари ва навлари, маҳсулотнинг пишиб етилиш муддатлари ҳамда ҳажмини аниқлаш имкониятлари ойдинлашади. Шунингдек, маҳсулот турларини етиштиришда малакали раҳбар ва ишчи кадрлар масаласини  асосан жойида ҳал этиш имконияти яратилади.

Мазкур ҳудудларда экспорт­боп маҳсулотлар етиштиришда инновацион технологияларни, нав, дурагай ва бошқа янгиликларни жорий этиш, уларни марказлашган ҳолда етказиб бериш, қўллаб-қувватлаш ҳамда етиштирилган махсулотни марказлашган ҳолда сотиб олиниши, экспорт қилиниши ёки сақланиши осонлашади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш, ҳудудий “ўсимликлар клиникаси” томонидан ўзаро келишилган ҳолда маҳсулот етиштирувчи томонидан жойида марказлашган ҳолда ижобий ҳал этилади. Яна бир муҳим томони, етиштирилган маҳсулотни йиғиб-териб олиш, саралаш талаб этиладиган махсус стандарт яшик, маҳсулот турига қараб турли ҳажмдаги ишларга жойлаштириш, товарнинг қўшимча занжир қийматлари бўйича ишларни амалга ошириш ҳисобига, қўшимча ишчи ўринлари яратиш ёки етиштирувчиларга қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунинг­дек, манфаатдорлик ортади ҳамда етиштирилган маҳсулот сифати ва қадоқланиши бўйича экспортга ёки ички бозорга тўлиқ кафолатланади.

Етиштирилган жами аралаш ностандарт маҳсулотлар марказлашган ҳолда сотиб олиниб, стандарт талабларига келтирилиши ёки қайта ишланиши натижасида маҳсулот нобуд бўлишининг олди олиниб, етиштирувчи ва қайта ишловчиларга қўшимча даромад келтиради.

Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш структураси ва тор йўналишда ихтисослаштириш асосида маҳаллий ёки хорижий тадбиркор тайёр маҳсулотни эмас, балки уларнинг тупроқ-иқлим шароити, етиштиришнинг босқичма-босқич технологияси, ўсимликлар ҳимояси, ҳосилни йиғиштириб олиш, ташиш транспортлари ва бошқаларни кўзгуда кўргандек кўриб бориш, турли хил маҳаллий ва хорижий стандартлар асосида назорат қилиш, сифатини баҳолаш ҳамда маҳсулотни сотиб олиш ёки олмаслик учун ҳақиқий баҳолаш имкониятлари яратилади. Бу эса фермер ва деҳқонларимизнинг малака, юридик савия, тажриба оширишига, кейинги босқичда халқаро талабларга жавоб берадиган органик маҳсулотлар етиштиришга замин яратади. Деҳқончилик системаси, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга бўлган эътибор, уларни тўғри алмашлаб, нав­батлаб экишга турли хил касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлар сонининг кескин ортиб зарар келтиришининг олди олинади ҳамда тупроқ унумдорлиги сақланиб, барқарор мўл ва сифатли ҳосил олинишига хизмат қилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ва чуқур қайта ишлаш режаларини тўғри белгиланишига олиб келади.

Демак, хулоса тариқасида таъкидлаш лозимки, республикамиз қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосланган ҳолда жойлаштирилишига жиддий эътибор талаб этилади.

Бу эса халқаро талабларга мос ҳолда аниқ деҳқончилик юритиш, худудларни маълум бир юқори иқтисодий самара берадиган экин турларига, тор йўналишига (специализация) ихтисослаштириш, ушбу соҳа бўйича давлат сиёсати ва истиқболини белгилашга ҳамда назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Неъматулла ХУДАЙБЕРГЕНОВ,

Тошкент давлат аграр университети докторанти, доцент.