МАҚСАДИМИЗ ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДИР


Маълумки, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган ҳозирги вақтда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ҳаётимизнинг барча соҳаларида чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, фикрлар хилма-хиллиги, очиқ-ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш, Мурожаатномада белгиланган муҳим вазифаларнинг бажарилиши доирасида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча бос­қичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда шу орқали партиянинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш, сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ечиш бўйича аниқ дастур ва “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш, уларни масъул органлар билан биргаликда тўлиқ амалга ошириш, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим қарорларни қабул қилишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиш, бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш сингари муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Албатта, бу сиёсий партияларнинг олдига катта масъулиятли вазифаларни юклаш билан бирга эзгу ишларга даъват этади.

Ўтган йили юртимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий Кенгашлар депутатлар корпусининг янги таркиби шаклланди.

Ушбу сайловлар якунида “Адолат” социал-демократик партиясидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган 66 депутат республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, қонун лойиҳаларини тайёрлашда ва сессияларда сайловчилар манфаатларига дахл­дор масалаларни муҳокама қилишда, қонунлар ижросини назорат қилишда самарали фаолият юритмоқда.

Ўз олдига катта эзгу мақсадларни қўйган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Жўқорғи Кенгесдаги фракция аъзолари ва шаҳар туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари асосий эътиборини партиянинг мақсад ва ғояларидан келиб чиқиб, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган қарорларни қабул қилиш, юртимиз иқтисодиётининг барқарорлигини ва халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар тотувлиги, миллатлар ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайловчиларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга қаратган.

Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида депутатлар гуруҳи томонидан “Музейлар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларининг шаҳар, туман ва республика ҳудудида ижросига оид масалалар кўриб чиқилган бўлса, “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, жамиятимизда соғ­лом турмуш тарзини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳақида” Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ҳисоботи тингланиб, бу масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан бирга “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Маданият тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонун лойиҳаларига ўз таклифларини билдириб, уларни такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.

Шунингдек, фракциямиз аъзоларининг таклифига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан 2020 йил учун ижтимоий-маданий соҳаларга жами 705,6 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, Жўқорғи Кенгеснинг тегишли қарори билан ижтимоий-маданий соҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 17,1 млрд. сўм маблағлар ажратилди.

Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўмлик дори-дармонлар ҳамда 2 миллиард сўмлик тиббиёт асбоб-ускуналари олиб келинди.

Айниқса, пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эҳтиёжманд оилаларнинг оғирини енгил қиладиган эзгу ташаббуслардан бўлди, десак муболаға бўлмайди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар бўйича Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида сектор раҳбарларининг ҳисоботлари доимий равишда ­тингланиб, вазифалар белгилаб олинмоқда.

Бугунги кунга қадар “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ёрдамга муҳтож 26 257 оилага 4,4 млрд. сўмдан зиёд моддий ва молиявий ёрдамлар кўрсатилди.

Қувонарлиси, юртимизда амалга оширилаётган бундай эзгу ишларга депутатларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Маълумки, ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг парламент билан алоқасини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қошида “Ёшлар парламенти” ташкил этилди.

Партиямиз депутатлари “Ёшлар парламенти”га сайланган ёшлар билан самарали алоқаларни йўлга қўяди.

Ким қайси партия аъзоси бўлишидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган бирдан-бир мақсад – бу халқимизнинг фаровон турмуши ҳисобланади.

Шундай экан, бу йўлда партиямиз депутатлари ва фаолларининг халқ билан мулоқотларини янада жадаллаштириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини топиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги хайрли ишларни давом эттириш сингари аҳамиятли масалалар барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиши зарур.

Бир сўз билан айтганда асосий мақсадимиз, юртимизни янада ривожлантириш ва халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Даўитбай Қурбаниязов,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси раҳбари.