Нукусда атоқли давлат ва жамоат арбоби Аллаяр Қораз ўғли Досназаровнинг бюсти очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, таниқли ёзувчи-шоирлар, Аллаяр Досназаровнинг яқинлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Нукус шаҳар ҳокими П.Турешов кириш сўзи билан очди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, йиғилганларни давлат ва жамоат арбоби Аллаяр Досназаровнинг бюсти очилиши билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклаб, юртимизда тарихимизни ўрганиш, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, айниқса, репрессия қурбони бўлган юрт азаматларининг номларини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Президентимиз шу йилнинг 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуидаги нутқида:
“Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди”, деб уларнинг меҳнатларига юксак баҳо берган эди.
Дарҳақиқат, мустабид тузум даврида юртимизда минглаб бегуноҳ инсонлар “халқ душмани” сифатида ноҳақ жазоланганини, қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолганини инкор қилиб бўлмайди.
Мана шундай ноҳақ жазоланган, халқимизнинг фидойи фарзандларидан бири Аллаяр Досназаровдир. Ўзининг қисқа умри давомида у чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчиликка кенг танилиб, эл орасида катта ҳурмат ва обрўга эришди. Айниқса, унинг Қорақалпоғистон Автоном областини тузишдаги алоҳида хизматлари, халқимизнинг ўзига хос миллий хусусиятларини руёбга чиқаришдаги ташкилотчилиги, миллий-давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек, маънавиятимизни ва маърифатимизни ривожлантириш йўлидаги фидойилиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 28 ноябрдаги йиғилиш баёнида жорий йилда А.Досназаровнинг номини абадийлаштириш, унинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилишга қаратилган бир қатор эзгу ишларни амалга ошириш белгиланган эди. Жумладан, “Аллаяр Досназаров” номли илмий китобни ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, илмий конференция ташкил этиш, ёзувчи Алписбай Султанов муаллифлигидаги тарихий драмани қайта саҳналаштириш, ҳаёти ва меҳнат йўлига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрлаш, унинг номи билан аталувчи муҳташам кўча бўйига бюстини ўрнатиш сингари эзгу ишлар улуғ бобомизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром намунасидир.
Албатта, давлат ва жамоат арбоби Аллаяр Досназаровнинг бюсти ўрнатилган бу кўркам жой барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун яқин тарихимиздан сабоқ берадиган, бобомиз кўрсатган қаҳрамонликлардан фахр туйғусини уйғотадиган, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялайдиган зиёрат масканига айланиши табиий.
Очилиш маросимида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Саният” журнали бош муҳаррири А.Султанов, Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Г.Аннақличева, Аллаяр Досназаров авлодларидан П.Досназарова сўзга чиқиб, бу улуғ инсоннинг номини абадийлаштириш бўйича кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдиришди.
— Қорақалпоқ халқининг республика бўлишида бобомизнинг меҳнати алоҳида, — дейди Патпа Досназарова. — 2018 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Султанов бир гуруҳ қорақалпоқ зиёлилари билан Россиянинг Карелия шаҳридан унинг тупроғини олиб келди. Бундай эзгу ишлар республикамизда давом этаётганидан жуда хурсандмиз.
Шундан сўнг ёдгорлик-бюст тантанали равишда очилиб, унинг иштирокчилари бобомиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва пойига гуллар қўйилди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.