Чимбой туманида Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг мақбара ва музейлари қурилиб, тантанали равишда очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирни туман ҳокими П.Ешанов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг мақбара ва музейи қуриб битказилганлиги адабиётимиз, маданиятимиз ва тарихимизга бўлган чексиз эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Бугунги кунда Президентимиз томонидан ижодкорларга алоҳида эътибор қаратилиб, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш йўлидаги эзгу ишлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрининг файзли кўчаларидан бирида Бердақ шоир хотирасига ҳайкал ўрнатилган.
Чиндан ҳам, Бердақ Қарғабой ўғли адабиёт ихлосмандлари учун бебаҳо мерос қолдирган.
Кунхўжа шоирнинг «Унутмасман», «Ўроқчилар» каби етмишдан зиёд, Бердақнинг «Халқ учун», «Яхшироқ», «Айдос бий», «Ерназар бий», «Шажара», «Амангелди» сингари юзга яқин асарлари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз халқимиз билан бўлган учрашувларда ёзувчи ва шоирларимиз ижодига юксак баҳо бериб келмоқда. Жумладан, Бердақнинг:
“Йигит деган яхши, билимдон бўлур,
Билим, ҳунар йигит учун жон бўлур,
Ақлсизлар иши кўп ёмон бўлур,
Нодонлар ҳеч хизмат қилмас халқ учун”,
деган сатрларига алоҳида тўхталади. Бундан ташқари, бевосита Президентимиз таклифи билан Бердақ шоирнинг 190 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонлангани, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда «Бердақ кунлари» ўтказилгани юксак ҳурмат ифодасидир. Шунингдек, Қорақалпоқ давлат университетига, Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрига шоир номи берилгани, Бердақ музейи ташкил этилгани, пойтахтимизнинг файзли гўшаларидан бирида шоир ҳайкали ўрнатилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тадбирда меҳнат фахрийси Қ.Камолов, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Аннақиличева, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Чимбой тумани Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Абдуллаев сўзга чиқиб, қорақалпоқ адабиётининг йирик вакиллари Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг хотирасига бўлган алоҳида эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдиришди.
Тадбир сўнгида боболар руҳига қуръон тиловат қилинди. Тадбир иштирокчилари қисқа фурсатда бунёд этилган мақбара ва музейни зиёрат қилишди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.