Бугун Қорақалпоғистон ёшлари кўп жабҳаларда бутун мамлакатимиз ёшларига намуна бўлмоқда.
Нукус шаҳри ва бошқа туманлардаги бунёдкорлик ишларидан тортиб Орол денгизининг қуриган қисмини яшил ўрмонзорлар билан қоплашга қадар барча жараёнларда ёшларимизнинг ҳиссаси катта. Улардаги бу шижоат, куч-ғайрат аввало Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор натижасидир. Дарҳақиқат, бундай шароитда ўзини юрт тараққиётига дахлдор ҳис қилмаслик мумкин эмас.
Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан бўлган учрашувида Янги Ўзбекистонни албатта ёшлар билан бирга қурамиз, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, деган эди. Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, яқинда Элликқалъа туманида янгидан барпо этилган «Ёшлар меҳнат гузари» иш бошлаган эди. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида фойдаланишга топширилган янги объект ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу ерда ўқув маркази, тикувчилик цехи, сартарошхона, гўзаллик салони, озиқ-овқат маҳсулотлари, келин либослари дўкони, компьютер хизматлари, миллий таомлар ошхонаси ва новвойхона ишга туширилиб 40 нафарга яқин ёшлар доимий иш билан таъминланди.
Тадбиркор Музаффар Алимовнинг таъкидлашича келгусида «Ёшлар меҳнат гузари» фаолиятини янада кенгайтириш ва бир қанча янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.
Бундай лойиҳалар албатта энг аввало ёшларимизнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари, иш билан банд бўлишлари, оиласи ва жамиятга фойда келтиришларида муҳим аҳамият касб этади.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.