Сиз расмда кўриб турган кўркам бинонинг ўрни бундан бир неча йил олдин ёввойи ўсимликлар билан қопланган, қум, чанг-тўзон кўтарилиб ётган ташландиқ жой эди. Айнан шундай ҳудуд обод қилиниб, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан «NUKUSELECTROAPPARAT» масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинди. Бу ерда замонавий турдаги юқори ва паст кучланувчи трансформатор, паст вольтли комплекс қурилмалар, аппаратуралар ва электромонтаж буюмлари, халқ истеъмол товарлари билан бирга металл мебеллар, шунингдек, металл конструкцияларнинг кенг тўплами ишлаб чиқарилади.
Энг замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозланган корхонада жами 230 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонада ишчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ходимларнинг ишга келиб-кетиши назоратга олинган. Ишчилар махсус кийим-кечаклар билан таъминланган ва ойлик маошлари вақтида бериляпти.
Бугинги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган трансформатор подстанциялари Ўзбекэнерго акциядорлик жамияти билан тузилган шартнома асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ўз вақтида етказиб берилаяпти.
Бундай бинолар нафақат шаҳар кўрки, балки одамларни иш билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.