Нукус шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Роза Байниязовани ҳамкасблари билимли, тажрибали, ташаббускор устоз сифатида жуда ҳурмат қилишади.
Чунки, у ўз устида тинимсиз изланиб, ҳар битта дарсни ўқувчиларга янгича педагогик методлар асосида ўтишга ҳаракат қилади. Ҳозиргидек пандемия даврида Роза Байниязова Қорақалпоғистон телеканали орқали қорақалпоқ синф ўқувчилари учун эфирга узатилаётган онлайн телевизион дарсларда фаол қатнашаяпти.
Р.Байниязова мана 25 йилдирки, ўқувчиларга биология фанидан дарс бериш баробарида уларнинг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Чунки, боланинг таълим –тарбияси нафақат ота-она, балки ўқитувчи устозларнинг масъулиятли вазифасидир.
У 2011 йили ўтказилган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг мамлакат босқичида муваффақиятли иштирок этган. Роза Байниязова биология ва зоология фанлари бўйича илмий мақолалар ёзиш, педагоглар учун методик услубий қўлланмалар тайёрлаш билан ҳам шуғилланади. Юқори синф ўқувчилари учун биология ва зоология фанлари дарсликларини тайёрлаш жараёнида фаол қатнашган.
Роза Байниязованинг шогирдлари, кўпгина иқтидорли ўқувчилари фан олимпиядаси ва билимлар беллашувининг шаҳар, республика босқичларида совриндор бўлишган. Унинг фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Бундан ташқари 2011 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони билан мукофотланган.
Р.Байниязова билан суҳбатлашар экансиз, юртимиздаги тинч ва фаровон кунларга ҳамиша шукроналик келтиради. Ёш авлод таълим-тарбияси йўлида меҳнат қилаётганидан қолаверса, фарзандлари ва шогирдларининг ютуқ ва муваффақиятларидан ғурурланади. Яқинда Р.Байниязова пандемия даврида онлайн телевизион дарсларнинг эфирга узатилишида фаол қатнашгани учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан Роза Байниязовани ҳамда барча соҳа фидойиларини табриклаб, уларга келгуси ишларида юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.