ЯНГИ РОМАН


Халқимиз мустақилликкача босиб ўтган оғир, машаққатли ҳамда шарафли йўл мавзусида, озодлик учун элим деб, юртим деб курашган йўлбошчилар, тарихий шахсларнинг  ҳаёти ҳақида асарлар ёзиш шўро замонида тақиқланган эди. Бугунги замонда адиблар учун бу борада катта йўл очилди, имкониятлар яратилди. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз!” – деган сўзлари замиридаги теран маъноларни ҳозирги ёш авлод юрагида ватанпарварлик туйғусини уйғотадиган бадиий асарлар орқали юксак маҳорат билан очиб бериш ёзувчиларимиз зиммасидаги масъулиятли ва долзарб вазифалардан биридир.

Қорақалпоқ халқининг сардорлари Эдегий, Ойдўст­бий, Маманбий, Эрназарбий ҳақидаги асарларни ўзбек ўқувчилари яхши билишади. Бироқ Оролбўйида яшаёт­ган матонатли халқнинг яна бир жасур йўлбошчиси Оғабий ҳақида шу пайтгача бирон асар битилмаган эди.

­афур ­улом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” номли роман-дилогиясининг биринчи китоби нашр этилди.

Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади.Бош қаҳрамон – Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб,  ўз халқининг эркин ва озод ҳаёти учун гоҳо қўшнилар билан дипломатик муносабатлар олиб борган, гоҳо жангу жадалларда от сурган. Унинг номи қорақалпоқ халқи юрагида баҳодир ва донишманд йўлбошчи сифатида абадий қолган.

Мутолаа давомида ўқувчилар қорақалпоқ халқининг тарихи, миллий урф-одатлари, бепоён чўлларнинг сўлим ва бешафқат табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги қизиқарли ҳамда янги маълумотларни билиб олади.

Романни қорақалпоқ тилидан Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон таржима қилган. Муҳаррир Санжар Турсунов. Китоб 2000 нусхада нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

ЙЎЛ. ЙЎЛБОШЧИ. КЎЧ

Қорақалпоқ адабиётида мустақиллик шарофати билан сифат ўзгаришлари рўй берди. Замонавий шеърият, замонавий наср янги асарлар билан бойиди. Сўз, тафаккур, хаёл ва ҳаёт эркинлиги ижодкорлар учун катта имкониятлар яратди. Қорақалпоқ адабий муҳитида улкан воқеа бўлган ана шундай асарлардан бири Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” роман-дилогиясидир. Тарихий мавзудаги ушбу роман-дилогия 2013 йил Нукусдаги “Билим” нашриётида чоп этилди.

2013 йилнинг куз ойлари эди. Кенгесбой оға хизмат сафари билан “Дўрмон” ижод уйига келган кезлари. Мен “Оғабий” романини таржима қилишга ният қилганман, аммо уни амалга ошириш учун журъатми, кайфиятми етишмаётгандай ишни бошлолмаётган эдим. Кенгесбой оға билан Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла ака Ориповнинг ҳузурига бордик. Қорақалпоқ диёри ва адабиёти ҳақида гап бўлса, Абдулла ака яйраб кетарди. Кенгесбой оғани “Оғабий” роман-дилогияси билан табриклади. Шу аснода дилимдаги сўз тилимга кўчди:

– Абдулла ака, оқ фотиҳа берсангиз, Кенгесбой оғанинг шу асарини ўзбек тилига таржима қилсам…

Абдулла ака ўйланиб қолди. Бироздан сўнг:

– Бошқа халқлар адабиётидан таржима қилгандан кўра, қардош халқлар адабиётидан таржима қилиш қийин. Айниқса, роман таржимаси… Матн жуда ҳам ўзбекчалашиб кетмаслиги керак. Миллий руҳ, миллий урф-одат ва характерлар ифодасини сақлаб қолиш керак. Таржимоннинг айби билан қорақалпоқ тилидаги ­бадиий асарнинг “шира”си, “таъми” ва “ранг”и ўзгариб, “чучмал”лашиб кетмаслиги зарур. Ҳар бир халқнинг ҳаётида фақатгина шу халққа тегишли бўлган шундай нозик ҳолатлар ва ифодалар борки, улар маҳорат билан таржима қилинмаса, ўз моҳиятини йўқотиши ёки тушунарсиз бўлиб қолиши мумкин…

Хуллас, бадиий таржима ҳақида бир қатор фикр-мулоҳазаларини билдириб, Абдулла ака роман-дилогияни таржима қилишимга оқ ­фотиҳа берди.

Илдизи кўп тармоқли ва теран, шеваларга бой туркий тилнинг бирида битилган маълум бир бадиий асарни иккинчисига фақат товушлардаги фарқларини мослаштириш ёки ўзгартириш билангина иш битмаслигини қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилиш жараёнида кўп марта ўз бошимдан кечирганман. 

“Оғабий” роман-дилогияси икки китобдан иборат. Биринчи китоб “Кўч”, иккинчи китоб “Ота юрт” деб номланади. Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади. Бош қаҳрамонлардан бири – Эрежеб Қулчибий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб, у ўз юртдошлари тинчлигию фаровонлиги ва бахту саодати учун донолик, ботирлик ва жасорат билан умри давомида кураш олиб борган. Икки китобдан иборат йирик асар композицияси Оғабий ҳаёти ва тақдирига оид воқеалар ва бадиий тасвирлар атрофида умумлашган.

Биринчи китобда Эрежеб Қулчибий ўғлининг болаликдаги ҳаёти ифодаланади. Қулчибий Айбибидан ўғил фарзанд кўрганида ражаб ойи эди. Бий ота ўғлининг номини Эрежеб қўяди. Айни шу паллада бийнинг зотдор Тўриқбияси ҳам қулунлайди. Муаллиф ушбу воқеалар юз берган санани: “Бу 1800 йиллар эди” деб ёзади. Эрежеб билан бир вақтда туғилган Тўриққашқа тойчоқнинг ҳаёти тақдир синовларида ўтдан чиқиб сувга кечиб, сувдан чиқиб ўтда ёниб тобланиши жонли ва ҳаётий воқеалар, ёзувчи фантазияси орқали маҳорат билан бадиий ифодаланади.

“Кўч” – бизнинг туркий тилимиз хазинасида мазмуни олмосдек жилоланиб турадиган кўп маъноли сўзлардан бири. У от ва феъл сўз туркумларининг турли маъноларини ифодалайди. Кўч тарихда эл-юрти ва мол-ҳоли учун чексиз ва бепоён даштларда қулай ва хавфсиз манзилу макон излаб, бола-чақасию аҳли аёли, навкарларию чўпонлари, ўтовларию қорауйлари, туяларию тулпорлари, қўй-қўзилари, содиқ ва вафодор итлари билан гоҳ ёзловдан қишловга, гоҳ қишловдан ёзловга чуваб кўчиб юрган кўчманчи ҳалқ ҳаётида жуда теран аҳамиятга эга ном ва ҳаракатдир. Кўч дегани йўлга чиқиш, сафарга отланиш деганидир. У баъзан карвон деган сўзга ҳам уйқаш. Лекин кўч карвондан кўра катта. Карвон – маълум бир йўловчилар ёки савдогарлар тоифасининг бир юртдан бошқа юртга йўл олган юк ортилган туялар, отлар, аравалар сафи бўлса, кўч – бир элнинг бутун борлиғи, мол-дунёси, аҳолисидир. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” деганларидек, кўч ва кўчишнинг жуда кўп синовлари ва машаққатлари мавжуд. Олис йўлда кўчни турли бало қазолардан, офату таҳдидлардан омон-эсон олиб ўтиш, кўзланган манзилга тўрт кўз тугал етказиш учун халққа доно, узоқни кўрадиган, ­қийинчиликлар ва хавф-хатардан қўрқмайдиган ботир ва курашчан йўл бошчи керак.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи ­Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзбек халқи деб аталмиш буюк кўчни, Ўзбекис­тон деган улуғ Ватанни донолик, ботирлик ва жасорат билан истибдод исканжасидан халос этиб, озодлик, тинчлик ва фаровонлик деган бахтли-саодатли манзилга эсон-омон олиб ўтди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов ўзининг “Президент” сарлав­ҳали шеърида халқимизнинг ушбу тарихий ютуғини ғурур ва ифтихор билан шундай ифодалаган эди:

Шумлик тўлган ушбу қалтис дунёда

Довондан йўл солиб ўтиб келяпсиз.

Эл карвонин кечуви йўқ дарёдан

Эсон-омон олиб ўтиб келяпсиз.

Мен “Кўч” романини йўл, йўлбошчи ва кўч мавзусида битилган энг яхши асарлардан бири деб ўйлайман. Адабиёт ихлосмандлари эътиборига “Оғабий” романининг “Кўч” деб аталган биринчи китоби таржимаси ҳавола этилмоқда.

“Кўч” романида Эрежебнинг отаси Қулчибий йўлбошчилигидаги катта бир кўчнинг Қизилқум саҳролари бўйлаб Бухородан Чимбойга кўчиши азоблари ва шодликлари, қайғули воқеалари ва қизиқарли саргузаштлари, қаҳрамонларнинг севги ва ҳижрон изтироблари, ўй-хаёллари, орзу-умидлари, шу билан биргаликда қорақалпоқ ­халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари, чўл табиатининг гўзал ва бетакрор манзаралари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ранг-баранг бадиий бўёқларда тасвирланади. Айниқса, ҳаёти учқур тулпорлар билан янада завқли ва фаровон бўлган халқнинг отга меҳри, сайислар ва чавандозларнинг турмуш тарзи, отни боқиш, парвариш қилиш, пойгага тайёрлаш лавҳалари романда ниҳоятда жонли ва ҳаётий тасвирлангани ўқувчининг диққатини оҳанрабодек жалб этади.

Халқ йўлбошчисининг ибратли ҳаёти, жасорати, ватанпарварлиги ва миллатпарварлиги, халқ манфаатларини ўз ҳаётидан ҳам устун қўйиши, инсон бахти-саодати учун курашлардан қайтмаслиги бадиий тимсоллар воситасида ифодаланган “Оғабий” романи мутолааси билан бошлаш ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Рустам МУСУРМОН,

Қорақалпоғистон халқ шоири.