Маданиятни ривожлантириш — тараққиётнинг энг муҳим йўналишидир


Шу йилнинг 2 октябрь санасида Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига навбатдаги ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди ва бунёдкорлик ишлари, янги корхоналар фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари сессияда нутқ сўзлар экан, қайси соҳа тилга олинмасин, албатта кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз бу галги ташрифида айниқса, маънавий соҳага, хусусан қорақалпоқ маданияти ва санъатини ривожлантиришга катта эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Нукус шаҳрида барпо этилган опера ва бахшичилик мактаб-интернати билан танишган давлатимиз раҳбари, — Бундай мактабларни ташкил этишимиздан асосий мақсад – тарихимизни, маданиятимизни чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англаш. Бахшичилик – қорақалпоқ элининг улуғ анъанаси, уни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратамиз, – деди. Қорақалпоқ халқи азалдан ўзининг бахши-жировлари билан маш­ҳур ҳисобланади. Шунингдек, қорақалпоқ опера мактаби ҳам жуда машҳур бўлиб, бир қанча опера санъаткорлари етишиб чиққан. Мазкур мактаб-интернат энг иқтидорли ёшларни етказиб беришда пойдевор вазифасини бажаради.

Шу билан бирга Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайпбергеновнинг уй музейини ташкил қилиш, Тошкентда «Қорақалпоқ дурдоналари» — қорақалпоқ адиблари ва шоир­ларининг китобларини ўзбек тилида чоп этиб, бутун Ўзбекистонга танитиш ва ­бошқа қатор ташаббуслар билдирилди.

Шунингдек, ташриф давомида ­Президентимиз томонидан ҳудудда туризм­ни ривожлантириш юзасидан бир қанча вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Элликқалъа тумани «Ақчакўл» сув ҳавзаси бўйида туристик зона барпо этиш, Нукус шаҳри «Дўстлик» канали бўйида «Саёҳатчилар» кўчасини ташкил этиш, бир вақтлари «Қорақалпоқ Швейцарияси» дея аталган Бўзатов туманида санаторий барпо этиш, Беруний тумани, «Қуйи Амударё давлат биосфера резервати» ҳудудида сайёҳлар учун ташриф маркази, музей ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, Мўйноқ туманида туристик-кўнгилочар зона ташкил қилиш каби ташаббуслар ҳудуд тараққиётида катта аҳамият касб этиши аниқ.

Айниқса, бевосита партиямиз мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг бўлган миллий анъаналар, маданият ва санъат, туризмни ривожлантириш тўғрисида билдирган фикрлари, давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳаларга қаратаётган эътибори биз партия вакиллари ва депутатларга ўзига хос дастуруламал бўлди, десам ­янглишмаган бўламан.

Президентимиз Қорақалпоғистонда айни вазифаларни амалга ошириш зарурлиги, бунинг учун ҳудудда катта имконият­лар мавжудлигини мисоллар билан келтириб ўтди. Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон ўзининг бой тарихи, санъати, ажойиб табиати, бой маданий мерос объектлари билан иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлган туримзни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларга эга.

Фахр билан айт оламанки, Президентимизнинг ташрифи халқимизни бахт-саодатнинг ойдин йўлига чорлаб, буюк келажакка бўлган юксак ишончини янада мустаҳкамлади. Биз ҳар биримиз Ватанимизни ардоқлаб севиб, инсонлар ўртасидаги дўстлик биродарликни, тинчлик-осойишталигимизни мустаҳкамлашимизга ҳисса қўшишимиз керак.

Ана шундай муҳим вазифалар ижросини таъминлашда партиямиз ташкилотлари ва депутатларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиши, ҳар қачонгиданда фаол ва ташаббускор бўлиши талаб этилади.

Тажибай Романов,

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП

фракцияси раҳбари.