1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг табриги


Қадрли ўқитувчилар ва мураббийлар!

Соҳа фидоийлари ва муҳтарам фахрийлари!

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий дунёси бой, юксак салоҳиятга эга бўлиб камол топишида фидоий меҳнат қилаётган ­касбига садоқатли, жонкуяр, ўз ҳаётини фарзанд тарбиясидек эзгу ишларга бағишлаган Сизларни 1 октябрь — ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин қутлаймиз.

Бугунги байрам муносабати билан Муҳтарам Президентимиз томонидан Сизларга йўлланган табрикда «Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир», деган чуқур мазмунли фикр алоҳида таъкидланган.

Чиндан ҳам, биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарларни, чет тилларини пухта эгаллаб, келажакка катта умид ва ишонч билан қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимиз камолида устозларимизнинг чексиз ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этамиз  ҳамда Сизларнинг ана шундай катта хизматларингизни юксак баҳолаймиз.

Зеро, ҳар бир юртнинг бугунги турмуши, унинг келажаги таълим соҳаси қай даражада ривожланганлиги билан белгиланиши дунё мамлакатлари тажрибасида кўп маротаба синовдан ўтганини барчангиз яхши биласиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларни маънавий-маърифий ва жисмоний жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичларга кўтариш, халқ таълими тизимини бошқаришда янги тамойилларни тадбиқ этиш ва соҳага оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўқитувчи ва мураббийлар турмушида, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида алоҳида ўрин эгаллайди.

Ҳозирги пайтда юртимизда замон талаблари асосида таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитувчи ва мураббийларга алоҳида эътибор қаратилиши  баробарида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион турлари ва усулларини татбиқ этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Соҳанинг моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг энг илғор усулларидан кенг фойдаланиш, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш вазифалари янги босқичларга кўтарилмоқда.

Мана, жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида 22 та мактабда қурилиш ва йирик таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари асосида 32 та мактабда реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. ­Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 81 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Энг муҳими, бундай ўзгариш ва янгиланишларни мактабгача, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари мисолида кўплаб учратиш мумкин.

Эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир муҳим масала шуки, бугунги кунда ҳаётимизга янги техника ва технологиялар кириб келаётганлиги, интернет тармоғи жадал ривожланаётгани фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятни янада кучайтириш заруратини келтириб чиқармоқда.

Чунки, юртимиз тақдирини чуқур ҳис этадиган, унинг янада гуллаб-ривожланишига улуш қўшадиган янги авлодни тарбиялаш бугунги кундаги энг асосий вазифаларимиздан биридир. Бу ўз навбатида Сиз ўқитувчи ва мураббийлардан изланувчанликни, ишни тўғри ташкил этишни, ўқув-методика базасини янада мустаҳкамлашни, дастур ва қўлланмаларни янада такомиллаштиришни талаб қилмоқда.

Мана шундай эзгу ишларнинг бошида туриб, юртимиздаги тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-мурувватни авайлаб-асрашда, ислоҳотларни самарали амалга оширишда, албатта Сиз, ўқитувчи ва мураббийларнинг, соҳа фидоийларининг билим ва малакасига суянамиз ҳамда бу борада олиб бораётган ишларингизни юксак баҳолаймиз.

Муҳтарам ўқитувчилар ва мураббийлар!

Сизларни юртимизда кенг нишонланаётган касб байрамингиз билан яна бир бор қизғин муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга омонлик, фарзанд тарбиясидек машаққатли, масъулиятли, шарафли ва хайрли ишларингизда толмас куч-ғайрат, катта зафарлар тилаймиз.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев