7 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Украина давлатининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди.
Қабулда Украина ва Қорақалпоғистон Республикаси орасидаги, иқтисодий, маданий алоқаларни янада ривожлантириш, саноат қишлоқ хўжалигидаги айниқса, чорвачилик, туризм, таълим, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тиббиёт, фармацевтика соҳалари бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Ўз навбатида элчи Н.Дорошенко Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камаловга самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек, қабулда Ўзбекистон ва Украина орасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мамлакат минтақалари орасида савдо иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, IT технологиялари бўйича кадрларни тайёрлаш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган аҳамиятли масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
— Ташрифдан кўзлаган асосий мақсад — Ўзбекистон ва Украина орасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш, — дейди Элчи Дорошенко. — Масалан, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи билан Украинадаги музейлар ва бошқа соҳалар орасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш, шунингдек маданий тадбирлар ўтказиш орқали халқларимиз орасидаги дўстликни мустаҳкамлаш бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, республиканинг иқтисодий инвестициявий ва туристик салоҳияти билан яқиндан танишиб кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида делегация аъзолари учун Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий салоҳиятини акс эттирувчи тақдимот ўтказилди.
Ташриф давомида меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейини томоша қилишди ва И.В.Савицкийнинг қабрини зиёрат қилиб унинг пойига гуллар кўйишди.
А.ЖИЕМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.