Халқимизнинг тарихий, маданий ва маърифий бойлиги бўлган ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши давлат мустақиллигини белгилашнинг дастлабки қадамларидан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Дунёда мавжуд бўлган барча тилларга ҳам давлат тили деган шарафли мақом насиб этмаган. Демак, ўзбек тилининг давлат тили сифатида эътироф этилиши халқимиз учун катта тарихий воқелик ва миллий ғурур ҳисобланади.
Давлат тили давлатнинг расмий тилидир. Давлат тилида қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тайёрланади. Давлатнинг бутун фаолиятида иш юритиш давлат тилида амалга оширилади. Расмий эълонлар, муҳрлар, штамплар, ҳар хил иш қоғозлари, давлат тилида тайёрланади. Шунингдек, мактаб, лицей ва олий ўқув юртларида таълим асосан давлат тилида олиб борилади. Эҳтиёжга қараб бошқа тилларда ҳам таълим берилади албатта.
Жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Айниқса, давлат идораларида иш юритишда, кўчалардаги ҳар хил реклама баннерлардаги эълонлар ва бошқа ёзувларда имло қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари учраб туради. Масалан, ижтимоий соҳага тегишли баннерларда кундалик ҳаётда кўп ишлатиладиган “халқ”, “конституция”, “бахт” сўзларининг “ҳалқ”, “канституция”, “баҳт” каби ёзилиши дилимизни хира қилади. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонда 21 октябрь санасини Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонлаш, Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, давлат тилининг амал қилиниши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишлари кўзда тутилган.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда фармонда таъкидлаб ўтилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, баъзи идоралар ва муассасаларда иш ҳужжатларини юритишда бу масала тўғри йўлга қўйилмаганлиги ҳали қилиниши керак ишлар борлигидан дарак беради. Мисол тариқасида давлат идоралари ва муассасаларида расмий ҳужжатлар тайёрлашни ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди.
Маълумки, расмий ҳужжатларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрни ва аҳамияти бор. Ҳозирги ривожланган жамиятда бирон бир муассаса, ташкилот ёки идоранинг фаолиятини ҳужжатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Баъзи идораларда номлари рус тилида қандай бўлса шундайлигича қолган ёки ҳар хил андозаларга эга ҳужжат турларини учратамиз. Бу ҳолат бизнинг иш юритиш, жумладан, ҳужжатларни ишлатиш ва улардан фойдаланишга бефарқлигимизни кўрсатади. Лекин ўйлаб қараганимизда ҳар бир идора ёки муассасанинг нуфузи ва обрўсини кўрсатиб берадиган ҳам унда юритиладиган ҳужжатларидир.
1995 йил 25 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 19-моддасида: «Муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари муҳрлари, тамғалари иш қоғозларининг матнлари давлат тилида бўлади», деб белгилаб қўйилганлигини инобатга олсак, бу борада кўпгина амалий ишларни бажаришга тўғри келади.
“Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилининг эркин ривожланиши, давлат ва жамоат органларида асосий иш юритиш тилига айланиши ва тилимиз муҳофазаси йўлида қилинган ҳуқуқий ҳаракат бўлиб, тилимизни давлат тили мақоми билан мустаҳкамлади. Бу қонун мамлакат мустақиллигининг мустаҳкамланишида, маданий меросимизнинг тикланишида муҳим рол ўйнади.
Қонун давлат тилининг қўлланиш доираси ва ҳуқуқ-мажбуриятларини ўзида акс эттиради. Қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларга, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади, деб кўрсатилган.
Шунингдек, 9-моддада давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш давлат тилида олиб борилиши, Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган халқаро анжуманларда давлат тили, агар зарурият бўлса қатнашчиларнинг ўзлари танлаган тиллари анжуманнинг иш тили ҳисобланиши белгиланган. Демак, биз, аввало, йирик тадбирлар ва анжуманларнинг давлат тилида ўтказилишига эътиборимизни қаратишимиз керак.
Мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясида ҳам тил масаласи ўз аксини топган. Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деган жумлаларда мустаҳкамланган.
Хуллас, ўзбек тилининг ривожи ва равнақи учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган. Мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаро, ўз она тилидан ташқари, муқаддас қадрият ҳисобланган давлат тилини ҳам зарур даражада билиши лозим. Қонун йўли билан ҳимояга олинган она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни ҳар томонлама ривожлантиришимиз, унинг расмий доирадаги нуфузини янада оширишимиз ва такомиллаштиришимиз ҳар биримиз учун фарз ва қарздир.
Жумамбет Бесинбаев,
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи в.б.