Тилни англаш — ўзликни англаш демакдир


Тил миллатимиз руҳи, унинг бебаҳо хазинасидир. Маълумки, ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва  мавқеини ошириш қонун билан мустаҳкамланган.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг улуғ тимсоли бўлган тилни асраш-авайлаш, ривожлантириш – миллат юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Бугун юртимизда турли миллат вакиллари бир бирлари билан бир мақсад йўлида тотув, ахил- иноқ, ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Юрт фаровонлиги, тинчлиги ва равнақи йўлида меҳнат қилиши баробарида, ўзбек тилига нисбатан юксак ҳурмат, эҳтиром кўрсатиб, ўзаро муомала, тарбия ва таълим олишда тилни эркин танлаш ҳуқуқига ҳам эгадир.

Бундан қарийб 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Яъни, 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

 Истиқлол йилларида ўзбек тили том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Маълумки, 2019 йил 21 октябрь куни Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. 2020 йил 10 апрель куни давлатимиз раҳбари “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Эндиликда ҳар йили 21-октябрь  умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Бугунги кунда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида  ўзбек тилида қилган нутқи барча юртдошларимизни чексиз қувонтириб, жаҳонҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлди.

Чунки, бу каби муҳим тадбирларда халқаро тил сифатида эътироф этилган саноқли тиллардагина  сўзлаш имкони бор эди. Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилидаги нутқи шу тартибга янгилик олиб кирди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда ер юзи аҳолиси уч мингга яқин тилда сўзлашар экан. Улар орасидан икки юзга яқинигина давлат тили мақомига эга. Ана шулар орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги ҳар битта юртдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.

Аммо, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда айрим йирик савдо мажмуалари, дўконлар, тўйхона ва тамаддихоналар  номи рус, инглиз ва бошқа тилларда ёзилганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўча бўйларидаги реклама ва эълонларда, ҳаттоки, айрим идора ва ташкилотлар номини ёзишда ҳам имло хатолари кузатилмоқда. Шу боис, тилнинг софлигини таъминлаш, уни ривожлантириш, келгуси авлодларга софлигича етказиб бериш шу юртда истиқомат қилаёт­ган ҳар бир инсоннинг энг асосий бурчидир. Зеро, тилни англаш, ўзликни, миллатни англаш демакдир.

Азамат Бекмуратов,

Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқармаси бошлиғи.