Мамлакатимизда кейинги уч-тўрт йилнинг ичида хотин-қизлар масаласига оид бир нечта қонунлар, Президентимизнинг қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди. Уларнинг ижроси доирасида эришилган натижалар эса жамиятимизда хотин-қизлар масаласидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.
8 октябрь куни Президентимиз раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала яна кун тартибига қўйилди.
Хусусан, йиғилишда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.
Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Энди худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.
Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
— Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, – деди Президентимиз мазкур йиғилишда.
Дарҳақиқат, уйма-уй юриб муаммоларни ўрганиш амалиёти бугун ўзини оқлади. Айниқса, бандлик масаласини ҳал этишда бу ўз самарасини беради, албатта. Шу ўринда тан олишимиз лозимки, оиладаги ҳар қандай муаммодан энг аввало аёл жабр кўради, шу муаммонинг ҳал бўлиши эса аввало аёл учун енгиллик яратади. Айниқса, ўз ишига, касбига ва даромадига эга аёл ўзини оиладаям, жамиятдаям тўлақонли инсон сифатида ҳис қилади.
Маълумотларга кўра, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз хотин-қизларнинг кўпчилиги етарли билим ва ҳунарларга эга эмас.
Шу боисдан ҳам ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш масаласи илгари сурилмоқда. Уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашиш, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал бўлишига замин яратади.
Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарурлигини таъкидлади Президент.
Қайд этилганидек, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.
Яна бир масала – Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги йиғилишда кўтарилди. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.
Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд.
Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ўз имкониятларини рўёбга чикаришлари учун шароитлар яратиш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижро этилиши албатта қорақалпоғистонлик хотин-қизлар ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими Қорақалпоғистонда қадимий, миллий ҳунармандчилик сирларини мукаммал эгаллаган аёллар жуда кўп. Қолаверса, хотин-қизларимизнинг янгиликка интилувчанлиги уларнинг замонавий касбларни тез ўзлаштириб олишлари учун замин яратади.
Бошқача айтганда, бугунги кун талаб этаётган касблар соҳа ва йўналишлар бўйича чуқур ўрганилган ҳолда, хотин-қизлар касбга тайёрланса ва бандлиги таъминласа, албатта кўзланган мақсадга эришилади.
Бу борада халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашлари, улардаги комиссиялар ва сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари, қолаверса ҳар бир депутат олдида муҳим вазифалар туради. Хусусан, бирор бир касбга эга бўлган аёлларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга эга бўлмаганларига касб ўргатиш, иқтисодиётимиз учун зарур бўлган замонавий касбларга уларни қизиқтириш борасидаги ишларимизни мақсадли ва тизимли йўлга қўйишимиз лозим бўлади.
Бу борадаги муаммоли масалаларни комиссиялар, сессиялар йиғилишлари муҳокамаларига олиб чиқиш, мансабдор шахсларнинг ахборотларини эшитиб бориш бугунги кун талабидир. Бунинг учун маҳаллий Кенгашларда ҳуқуқ ва ваколатлар ҳам етарли.
Хулоса қилиб айтганда мазкур йўналишдаги вазифалар ижросида депутатларнинг ҳам ўрни ва ҳиссаси катта бўлмоғи лозим.
Назира МАТЯКУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси депутати.