Шу йилнинг 9 октябрь куни Нукусда бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқди.
Сайлов кодексининг 78-моддасига мувофиқ қўшма йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Истамов очди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг мадҳиялари янгради. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайлов ўтказувчи 5 та, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 9 та сайлов округида бўшаб қолган ўринларга шу йилнинг 20 сентябрь куни бўлиб ўтган сайловларнинг якуни бўйича юқори баҳо берилди. Шунингдек, Сайлов кодексига мувофиқ бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича сайловни ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.
Йиғилишга раҳбарлик қилиш учун 31-сонли “Ўрта қалъа” сайлов округидан депутат А.Давлетов тавсия этилди. Бу таклиф депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шундан сўнг қўшма йиғилиш ишини таъминлаш ва юритиш учун ишчи гуруҳ таркиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши, йиғилиш котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларидан сайланган Маслаҳат кенгаши аъзоларининг бўшаган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодларни кўрсатиш бўйича йиғилиши бошқа хонада бўлиб ўтди.
Маслаҳат кенгаши раиси 56-сонли “Бердақ” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Б.Абдуллаев йиғилишда қабул қилинган қарор юзасидан ахборот берди. Сенат аъзоларини сайлаш бўйича ўтказиладиган яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун танлаб олинган икки депутатнинг номзоди қўшма йиғилиш муҳокамасига тақдим қилинди.
Қўшма йиғилишда Маслаҳат кенгаши томонидан Сенат аъзоларини сайлаш бўйича сайлов бюллетенига киритиш учун 45-«Шўманой» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов ва 63-«Қоракўл» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов номзоди тавсия этилди.
Очиқлик, ошкоралик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзодларнинг фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Очиқ овоз бериш орқали Маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган номзодларни яширин овоз бериш учун сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Сенат аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Демократик тамойиллар асосида ўтказилган сайловда ҳар бир депутатнинг ёпиқ овоз бериши таъминланди.
Ҳисоб комиссияси аъзолари белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқди ва натижалар эълон қилинди.
Натижаларга кўра 45-«Шўманой» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов ва 63-«Қоракўл» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб сайланди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма йиғилиши ўз ишини якунлади.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.