Ҳар бир инсон ўз она тили билан қадрли ва ҳар бир миллат учун бебаҳо бойлик — бу она тили ҳисобланади.
Она тилни ҳурмат қилиш, унинг нақадар бебаҳо бойлигимиз эканлигини англаган ҳолда тилни асраш, унинг софлигини таъминлаш — бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчига айланиши лозим.
Айниқса, бугунгидек ёшлар ўртасида ҳар хил жаргон сўзлардан фойдаланиш, бошқа тилдаги сўзлар билан аралаштириб гаплашиш «урф»га айланаётган бир пайтда, ҳар бир зиёли инсон бу борадаги ишларда фаол иштирок этиши талаб қилинади.
Она тилнинг софлигини сақлаш, жамиятимизда унинг юксалишига эришишда бу борада амалга оширилаётган тарғибот ишлари муҳим аҳамият касб этади.
1989 йил 21 октябрь ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий санадир.
Ўзбек тилининг ривожи, ҳуқуқий томондан ҳимоя қилинишида ушбу қонуннинг аҳамияти катта.
Тилга эътибор — элга эътибор. Она тилига ҳурмат билан яшайдиган халқ — ҳамиша қудратли бўлади. Тил — бу миллатнинг мустаҳкам қўрғони бўлиши билан бирга, авлодлар учун улкан маънавий мерос ҳисобланади. Шундай экан, она тилига кўрсатилган ҳар қандай эътибор ҳеч қачон бесамара кетмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тили ўзбек тили этиб белгиланган. Шундай экан, ҳужжатларнинг ўзбек тилида юритилишига масъулият билан ёндашилса, ҳар бир ходим давлат тилида иш юрита олса, жамиятимизда тилнинг обрўси ва аҳамияти янада ошиб боради. Чунки, ўз она тилини ҳурмат қилган халқ — ўзининг қадр-қимматини ҳам яхши англайди.
Бугунги кунда юртимизда она тилнинг равнақи, эртанги келажаги йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда.
2020 йилнинг 10 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган қонунга мувофиқ, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Бу тарихий воқеа замирида катта маъно мужассам.
Айни кунда ушбу қонун ижроси самарали таъминланмоқда. Таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда тил байрамига бағишланган тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, танловлар ташкил этилмоқда.
Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида, тилнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тарғиб қилувчи кўрсатувлар, эшиттиришлар намойиш этилиб, мақолалар ёритилмоқда. Ўтказилаётган чора-тадбирлар ҳар бир ватандошимизга она тилнинг нақадар аҳамиятли эканлигини англашларига яна бир туртки бўлмоқда.
Айни пайтда бу борадаги ишларда янада масъулиятни оширсак, она тилимиз ҳам равнақ топиб, бу борадаги долзарб масалалар ўз ечимини топади.
Руслан Джумамуратов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, МТДП фракцияси аъзоси.