Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»нинг мажлислар залида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш масалалари юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантирувчи масъул штаб аъзолари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати Ёшларга оид дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи, республика ишчи гуруҳи аъзоси Фазлиддин Баҳромов штаб аъзоларига электрон базани шакллантиришнинг осон ва қулай йўли бўйича батафсил тушунтириш берди.
Қайд этилганидек, ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллаларда учраётган муаммоларни хатловдан ўтказиш жараёнлари кўп вақт талаб қилмоқда. Белгиланган муддатгача «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш учун хонадонларда сўровномаларни тўлдирувчи ишчи гуруҳ аъзоларини янада кўпайтириш лозим. Шундагина, кўп вақтимиз тежалади.
Шунингдек, электрон базага киритувчи мутахассис ҳеч қандай хатога йўл қўймаслиги зарур. Маҳаллада анкеталар тўлдирилиши қанчалик тезлашса, хатлов шунча тез муддатда тугатилишига эришилади.
Штаб аъзолари ишларни мана шу асосда амалга оширса нафақат жараёнлар тезлашади, балки унинг шаффофлиги ҳам таъминланади. Шундагина, Қорақалпоғистон тажрибасини барча вилоятларга намуна этиб кўрсатиш мумкин.
Ушбу дафтарларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан намунали деб топилган иккита туман (шаҳар)да республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикасида эса барча шаҳар ва туманларда «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ишлари бошлаб юборилди. Албатта, ёшларнинг ушбу ташаббуси барча ҳудудларга намуна бўлиши шубҳасиз.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.