Бугун Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуров таваллудига 74 йил тўлди.
Отажон Худойшукуров миллий мусиқа санъатимиз ривожи йўлида самарали фаолият кўрсатган хонанда сифатида халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган. У бутун халқимиз ва қардош халқлар орасида танилган, тан олинган буюк санъаткордир.
Биз, ушбу мақоламиз орқали таниқли санъаткор билан бирга ишлаган ва ҳаётда ҳамқадам бўлган дўстлари, ҳамкасбларининг ҳофиз ҳақидаги хотираларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Мамматсалий Машарипов,
Тўрткўл телевидениеси директори:
— Ўзбек мумтоз наволарининг бетакрор ижрочиси, Хоразм қўшиқчилигининг буюк намояндаси Отажон Худойшукуровнинг қадим санъат дурдоналарининг сайқал топишида ўрни жуда салмоқлидир.
Ҳали 1970 йиллардаёқ “Қўш соҳил булбули” дея эътироф этилган хонанда, бетакрор соз ва овоз соҳиби сифатида машҳурлик бахтига мушарраф бўлди. Унинг Аму соҳилида Қорақалпоғистон ва Хоразмда янграган дилбар қўшиқлари жонажон мамлакатимизнинг бошқа вилоят элларигача етиб борар, дилларга бирдай завқ-шавқ бағишлар эди.
Устоз санъаткор ҳаёти ва ижоди ҳақида анча йиллар давомида кўп ва хўп айтилди ва ёзилди. Ҳозир ҳам эсга олиб ўтмоқ мақсадга мувофиқ.
Отажон Худайшукуров 1944 йил 4 октябрда Тўрткўл шаҳрида таваллуд топди. Санъатга жуда ёшлигидан қизиқди. Бунда аввало тоғаси, таниқли созанда ва ҳофиз Йўлдош аканинг бевосита таъсири бор. Тўққиз ёшида қўшиқ айта бошлаган Отажон 1958 йилда, еттинчи синфда ўқиб юрган кезлари Нукус шаҳрида ўтказилган ўқувчи-ижрочилар кўрик танловида иштирок этиб биринчи ўрин совриндори бўлади. Айнан шу йили у Ўзбекистон бўйича ўтказилган кўрик-танловда ҳам ғолиб чиқиб, биринчи даражали дипломни қўлга киритади.
1960 йилда Отажон Худойшукуров пойтахтдаги ўша пайтда Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига ўқишга киради. Аммо бир йил ўқигандан кейин бу даргоҳни тарк этади. Сабабини ҳофиз кейинчалик шундай хотирлаган: “Шўро даврида мусиқа билим юртларида ўқитиш, ўрганиш жараёнлари оврўпалашган эди. Миллий мусиқага, миллий мусиқа асбобларига иккинчи даражали деб қараларди…”
Ўз аризасига биноан ўқишни тарк этган Отажон яна ўрта мактабда машғулотларини давом қилдиради ва 1963 йилда уни тугатади. Шу йили, бирорта мусиқа даргоҳини тугатмаган ўн тўққиз яшар йигитни Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат филармониясига ишга таклиф қилишади.
Отажон Худойшукуров мазкур даргоҳда ўттиз йилдан ортиқ меҳнат қилди. Элга танилди. 1973-1990 йилларда филармониянинг “Аму тўлқини” дастасига раҳбарлик қилди.
Шу бир маълумотни қайд қилиш керак: қишлоқ туманида яшаб ижод қилиб тўртта республиканинг “Халқ артисти” унвонини олган, икки марта давлат мукофотига муносиб кўрилган ягона қўшиқчи-ҳофиз Отажон Худойшукуровдир.
Ҳофиз элга Хоразм қўшиқларининг моҳир ижрочиси сифатида танилди. Салкам 40 йиллик фаолиятида у 1000 дан зиёд қўшиқларни ижро қилди. “Феруз” туркумидаги ашулаларга ўзгача жило бахш этди. Суворалар “Якпарда”, “Қўшпарда” “Чавандози”, “Она Сувора” ҳамда “Сегоҳ”ларни қойилмақом ижро қилиб, шуҳрат қозонди. “Сувора пирлари” супасига кўтарилди, ўзига хос ижрочилик йўли билан катта мактаб яратди.
Отажон Худойшукуров ижро этган неча ўнлаб қўшиқлар маънавият хазинасидан муносиб ўрин олди. У ижоди давомида асосан Алишер Навоий, Ҳофиз Шерозий, Машраб, Огаҳий, Махтумқули, Омон Матжон, Абдулла Орипов каби улуғ ижодкорларнинг шеър ва ғазалларига куй басталаб, ижро қилди. Ҳофиз Шерозий ғазали билан айтиладиган “Шероз жонони”, Огаҳий ғазаллари, Партавнинг мухаммаслари, Мискин ғазали билан айтиладиган “Тошкент ироғи”, Омон Матжон шеърлари билан айтиладиган “Ҳаёлимда яшар бир Наргиз”, “Юрагим, уйғон”, “Табассум қил”, Абдулла Орипов шеъри билан айтиладиган “Биринчи муҳаббатим”, Эркин Самандар ғазали билан айтиладиган “Гуллола келтирибди”, Ибройим Юсупов сўзи билан “Жайҳун шамоллари”, Ошиқ Эркин сўзи билан “Муҳаббатимни”, Муҳаммадсоли сўзи билан “Қорақалпоғим” каби қўшиқлар Отажон Худойшукуровнинг қўшиқчилик хазинасига тақдим қилган ўлмас, боқий асарлари бўлди. Ва бу асарлар унинг чинакам халқ ҳофизи, элга яқин санъаткор сифатида танитди, камолга етказди.
У бир неча маротаба хорижий давлатларда бўлиб, ўзбек санъати довруғини кўкларга кўтариб, Туркия, Татаристон, Югославия, Арабистон ва бошқа хорижий мамлакатларда ўзининг дилтортар қўшиқларини куйлади.
Искандарияни лол қолдирган бўлса, Нилни тўлқинлантириб юборди.
Отажон чақмоқдек ярқ этиб, санъат майдонига кириб келди-ю қисқа умри давомида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқлари санъати бўстонига бой мерос қолдирди. У бутун ижоди давомида жўшқин ижод қилди. Бундан албатта ёш авлод баҳраманд бўлмоқда, ҳофиз анъаналари изчил давом этмоқда.
Байрам Матчанов,
Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон республикалари халқ артисти:
— Отажон Худойшукуров билан илк бор 1957 йил Нукус шаҳрида, ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган танловда танишгандик. Мен Қўнғиротдан у Тўрткўл туманидан келган эди. Ўшанда унинг ёнида яна бир киши бор эди. У ҳали энди 13-14 ёшни қарши олаётган Отажоннинг қўлига рубобни бериб, қани бошла деб, ўзи доира чаларди. Отажон торни ҳали у қадар мукаммал черта олмасада унинг овози бутун жамоани, шу жумладан мени ҳам маҳлиё қилиб, ҳайратга солганди. Унинг ёнида доира чалиб, ашула айтишида далда бўлиб турган инсон Отажон Худойшукуровни энг дастлаб ашула айтишга ўргатган тоғаси, хонанда Йўлдош ака Оллошукуров экан. У билан ҳам мазкур танлов жараёнларида танишдик.
Кейинчалик биз Отажон Худойшукуров билан бошқа кўплаб танловлар ва концерт дастурларида бирга иштирок қилдик. Иккимиз ҳам Тошкент шаҳрида таҳсил олиб қайтгач, Қорақалпоқ давлат филармониясида кўп йиллар бирга ишладик.
1964 йил Қорақалпоғистон телевидениеси иш бошлади. Ўшанда юртдошларимиз учун Отажон Худойшукуровни телевидение орқали томоша қилиш, қўшиқларини тинглаш имконияти яратилди. Телевидениедаги чиқишларидан сўнг Отажон Худойшукуров ихлосмандлари янада кўпайиб, телевидениега кўплаб хатлар кела бошлаган. Уларнинг аксарияти О.Худойшукуров қўшиқларини эфирга бериш ҳақида бўлган. Ўша вақтлари ҳозиргидек технологиялар бўлмаган ва О.Худойшукуров қўшиқларини эфирда асосан жонли ижро қилган. Мен ўқишни тугатиб келгач, кўп ўтмай мазкур филармонияга раҳбарлик қила бошладим. Шунинг учун халқимизнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, телевидениеда ва республикамиз ҳудудларида Отажон Худойшукуровнинг концерт дастурларини ташкил қилиш ишлари билан кўпроқ шуғулланганман. Шу тариқа Отажон билан жуда яқин дўст бўлиб қолганмиз.
Отажон Худойшукуров халқнинг талаби, мухлислари истакларига ҳамиша лаббай, дея жавоб берадиган, куйлашдан чарчамайдиган буюк ҳофиз эди. У филармонияда кўп йиллар яккахон хонанда сифатида ишлаб, етарли тажрибага эришди. Бир куни ўз гуруҳини ташкил қилиш, ансамбл тузиш ҳақида гапириб қолди. Мен унинг бу фикрига қўшилган ҳолда филармониянинг директори сифатида зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли ташкилотларга тавсия қилдим. Қорақалпоғистон ҳукумати ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа адашмасам, 1976 йилда Отажон Худойшукуров ташаббуси билан «Аму тўлқини» ансамбли ташкил этилди ва унга ўзи раҳбарлик қила бошлади.
Альбина Матчанова,
Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси:
— Мен ҳам Отажон Худойшукуров билан Қорақалпоқ давлат филармониясида бирга ишлаганман. Ҳозир айтсам, кўпчилик ҳайрон қолади. Мен дастлабки меҳнат фаолиятимни санъат, қўшиқчиликдан бошлаганман. Ҳар доим турмуш ўртоғим Байрам Матчанов билан бирга юрардик, бирга концерт дастурларида иштирок қилардик. Ана шу жараёнларда Отажон Худойшукуров билан кўп бор учрашганмиз ва у киши оиламизнинг жуда яқин дўсти бўлиб қолган эди.
Менинг репертуаримда 30 та лапар бор эди. Катта ўғлим Алишер туғилганидан кейин ҳам вилоятлар ва туманлардаги концертларда иштирок қилганман. Мен ҳам, Байрам оғангиз ҳам концертнинг олди ва ўрталарида чиқардик. Отажон эса деярли ҳар доим концертнинг охирида чиқарди. Биз ўз номеримизни ижро қилиб бўлгунимизча ўғлимизга Отажон қараб, ўйнатиб ўтирарди. Бу катта ўғлим Алишер ҳозирда актриса сифатида элимизга танилган неварам Шаҳзода Матчанованинг дадаси бўлади. Демоқчиманки, Отажон Худойшукуров катталар билан ҳам, болалар билан ҳам тез тил топишадиган, очиқ кўнгил инсон эди.
Кейинчалик, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб, ўқитувчилик қилдим. Ўша пайтларда ҳам Отажон Худойшукуров хонадонимизга тез-тез келиб турарди. Санъат соҳасидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида Байрам оғангиз билан узоқ суҳбатлар қиларди. Келиши билан “янга, бир палов қилинг”, — дерди. Паловни жуда хуш кўрарди.
У янги техника-технологиялар билан ҳам қизиқарди. Бир куни “Байрам оға, янги фотоаппарат чиқибди, суратга олсанг, шу заҳоти чиқариб бераркан”, — деб уни ўзи билан олиб келибди. Кейин шу янги фотоаппаратда мана шу уйимизнинг боғида биргаликда суратга тушдик. Ҳар гал ушбу суратни кўрганимизда Отажон Худойшукуровни эслаймиз.
Гулпаршин Сиримбетова,
Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон республикалари халқ артисти:
— Аввало, биз санъат соҳасидаги фаолиятимизни бошлаган ва ишлаган даврларимиз ҳақида гапириб ўтсам. Ўша даврларда қўшиқчи ва санъаткорлар Қорақалпоқ давлат филармониясида фаолият олиб борардик. Филармонияга ишга қабул қилинган санъаткорлар белгиланган режа бўйича республикамиз ва ўша даврдаги иттифоқ давлатининг барча ҳудудларида концерт дастурлари билан иштирок қилар эди.
Мен ҳам дастлаб 1961 йилда филармонияга ишга кирдимда, кейин Тошкент шаҳрига ўқишга кетдим. 1966 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, яна шу даргоҳга ишга келдим. Ўшанда 2-3 йил олдин филармонияда яккахон хонанда сифатидаги фаолиятини бошлаган бир йигит ҳамманинг оғзидан тушмасди. Мен ҳам унинг қўшиқ ижро этганини илк бор кўрганимда ҳақиқатдан ҳам ўзига хос истеъдод ва овоз соҳиби экан, дегандим. Бу йигит Отажон Худойшукуров эди.
Ўша йили Тошкентда “Қорақалпоғистон кунлари” ўтказиладиган бўлди. Ўшанда Отажон Худойшукуров ҳам иштирок қилди. Мана шундан кейин Отажон бутун Ўзбекистон бўйлаб танила бошлади. Биз Отажон билан дастлаб республикамиз бўйлаб гастрол концертларида иштирок қилдик. Кейинчалик собиқ иттифоқ давлатларида ҳам концерт дастурларимизни намойиш қиладиган бўлдик.
Бу йўналишда қўшиқ ижро қиладиган санъаткорлар бор. Лекин, Отажон барибир бошқача. Унинг ижроси, овози, қўшиқнинг авж пардаларини ушлаб, ижро қилиш маҳорати жуда юксак эди.
Дастурлаштирилган концертларда Отажонни охирида юборардик. Отажон куйлаган сари овози очилиб, жўшиб куйлар ва халқ, тингловчилар ҳам шуни кутар эди. Бунақанги эркин концертларда камида бир соат қўшиқ куйлайдиган Отажонни тингловчилар ҳамиша ўзига хос юқори кайфиятда, олқишлар билан кутиб оларди.
Ажабланарлиси шундаки, ўша концертларнинг кўпчилигида микрофонсиз қўшиқ куйланар эди. Кейинчалик ижрочига битта микрофон бўладиган бўлди. Отажон созни ҳам жуда яхши чаларди ва ўзининг қўшиқларига куй ҳам басталар эди. Унинг ўзи басталаб, ижро этган қўшиқларини санъат мутахассислари ҳам мумтоз мақом даражасига етган қўшиқлар қаторига қўшарди. Бир сўз билан айтганда Отажон Худойшукуровда худо берган истеъдод бор эди ва у куйлашдан чарчамасди. Бир неча кунлаб, ҳафталаб концертларда иштирок қилсада, чарчоқ нималигини билмас эди.
Отажон Худойшукуров ёшлигидан жуда таниқли, машҳур бўлиб улгурган бўлсада, барча билан инсон сифатида жуда яхши муносабат ўрнатар, хушмуомала ва очиқ кўнгил инсон эди. Кўпчилик эшитиб, ҳайрон қоладиган бир воқеа эсимга тушди. У вафотидан бир кун олдин барча танишларига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашиб чиққан. Шу қаторда менга ҳам қўнғироқ қилган эди. Анча гаплашдик… Эртаси куни эса ўша совуқ хабар келди.
Албатта, Отажон Худойшукуров ҳам халқимизнинг яхши кунларида, тўйларида хизмат қилган. Кўп тўйларда у билан бирга хизмат қилганмиз. Шу ўринда унинг юксак инсоний фазилат соҳиби эканлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Негаки, Отажон Худойшукуров жуда машҳур санъаткор ва уни тўйга таклиф қилувчилар, хизмати эвазига катта пул беришга тайёрлар ҳам кўп эди. Аммо, Отажон тўйларда хизмат қилишда ҳеч қачон ўзининг моддий манфаатини, яъни ундан қанча пул тушишини ўйламасди. Имкони, вақти бўлса оддий инсонлар хонадонидаги тўйда ҳам хизмат қилаверар ва ҳаттоки, тўйда тушган маблағни ҳам шу тўй соҳибларига тўёна сифатида совға қилиб кетарди. Шунинг учун ҳам Отажон Худойшукуровни халқимиз фақат ноёб истеъдод соҳиби эмас, қўли очиқ, сахий инсон бўлганини ҳам жуда яхши билишади, хотирлашади.
Ҳофиз куйлаган мақом йўлидаги ашулалар, атоқли шоирларимиз ғазаллари билан ижро этиладиган қўшиқлар санъат ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланган. Унинг қўшиқлари ҳали узоқ йиллар ёш авлод онгига ватанпарварлик, умрбоқий анъаналаримизга эҳтиром туйғуларини чуқур сингдиришга хизмат қилади.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ
тайёрлади.