ДОЛЗАРБ ТАКЛИФЛАР БИЛДИРИЛМОҚДА


Шарқ донишмандлари “Илм-маърифатсиз нажот йўқ ва бўлмагай ҳам” деганларида нечоғлик ҳақ эканликларини бугунги кун мисолида англаш мумкин.

Бугун кенг жамоатчилик айниқса, фан-таълим соҳаси вакиллари томонидан кенг муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси аҳоли томонидан жуда илиқ кутиб олинмоқда.

Чунки, фармон лойиҳасида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни олиб бориш кўрсатилган.

Шунингдек, тизимни янгидан ислоҳ қилиш, мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат эътиборни янада ошириш, таълим олувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, тизимда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш каби эзгу мақсадлар акс эттирилган.

Фармон лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, жойларда қатор тарғибот ишлари амалга оширилди.

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши сессиясида ва тумандаги мактаб раҳбарлари билан учрашувларда бу масала муҳокама қилинди.

Жумладан, Амударё туманидаги 20 ва 46-сонли ­мактаб жамоалари ва аҳоли билан фармон лойиҳасини муҳокама қилганимизда қатор таклифлар ­билдирилди.

Масалан, фармон лойиҳасининг 8-бандида ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган умумтаълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифасини бериш белгиланган бўлиб, бунга қўшимча фан олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичида ғолибликни қўлга киритган фан ўқитувчиларининг малака тоифаларини бир поғонага кўтариш таклифини киритдик.

Энг муҳими, Президент фармони лойиҳасининг муҳокамага қўйилиши жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир.

С.Хожамуратова,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати.

Амударё тумани 40-сонли умумтаълиммактаби директори.