Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида сектор раҳбарларига вазифалар юкланди


Халқ депутатлари Хўжайли тумани Кенгашининг 12 сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Кенгаш депутатлари, секторлар, корхона, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида шу йилнинг 16 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини сақлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Жумладан, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, баҳоларнинг барқарорлигини сақлаш, бунда, ҳар бир ҳудуд бўйича аҳолининг кейинги йилнинг май ойига қадар талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, ушбу маҳсулотларни қачон, қаердан олиши ва бу бўйича махсус қарор қабул қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Сессияда шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида туман ҳокими Ж.Ермашев ахборот берди. Таъкидланганидек, туман ҳокимлигининг ушбу масалалар юзасидан шу йил 19 октябрь кунги махсус қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ 2020-2021 йиллар давомида аҳолини узликсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ва бу борада амалга ошириладиган ишларни ташкил этиб бориш мақсадида туман ҳокими раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган. Унинг таркибига тумандаги сектор раҳбарлари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, статистика бўлими ва тижорат банкларининг туман филиаллари раҳбарлари киритилган ҳамда уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Ҳозирги вақтда туманда 123 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тиббий меъёрларга асосланадиган бўлса, шу йилнинг ноябрь ойидан келаси йилнинг май ойигача туман аҳолиси эҳтиёжлари учун 27422 минг тонна, шундан 1727 тонна мол ва қўй гўшти, 913 тонна парранда гўшти, 438 тонна балиқ, 3245 тонна картошка, 604 тонна гуруч, 4800 тонна ун, 679 тонна шакар, 12 миллион 833 дона тухум, 561 тонна ўсимлик ёғи, 413 тонна пиёз, 1209 тонна сабзи талаб этилади.

Ушбу талаб этиладиган 27422 тонна озиқ-овқат маҳсулотларининг 25327 тоннаси туманнинг ички ишлаб чиқариш имкониятлари ҳисобидан қопланади, қолган 2095 тоннаси бошқа вилоятлардан олиб келинади. Ушбу маҳсулотларнинг олиб келинишини таъминлаш учун таъминотчи корхоналарнинг ўз маблағлари билан бирга 3 миллиард 48 миллион сўмлик кредит маблағларини ўзлаштириш назарда тутилмоқда. Барча бўғинлардаги масъул ходимлар ўз вазифаларини тўлиқ бажарса Хўжайли тумани ўзини-ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш имкониятига эга бўлади.

Сессияда бу борада амалга ошириладиган ишларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Сессияда кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан  фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар сектор раҳбарларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Сессияда кўриб чиқилган шу ва бошқа масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.