“Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”.
Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари бугун судьялар фаолиятида муҳим дастуриламалдир.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида одил судлов соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мазкур анжуманда судьялар жорий йилнинг ўтган ойлари давомида одил судловни амалга ошириш юзасидан бажарилган ишлар бўйича ахборот берди.
Г.Базарбаева,
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси:
— Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз “Асосий мақсадимиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”, деган эдилар. Дарҳақиқат, бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди томонидан ҳисобот даврида 954 нафар шахсга нисбатан 735 та иш кўриб чиқилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 4,6 фоизга ошган бўлса, ишлар бўйича 1,2 фоизга камайганини кўрсатади. Айрим ҳудудлар, жумладан, Нукус шаҳри, Беруний, Кегейли, Қонликўл, Қораўзак, Қўнғирот, Тахтакўпир ва Тўрткўл туманларида ошган. Шунингдек, ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар 32 нафарни ташкил этиб, 20 фоизга камайган бўлса, оғир жиноятларни содир этиб судланган шахслар 182 нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоизга ошган. Кўрилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 9 та, ёшлар иттифоқи томонидан 8 та ҳамда хотин-қизлар қўмитаси томонидан 2 та кафолат хатлари асосида судланганларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки бошқа турдаги енгилроқ жазо чоралари қўлланилди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш чораларини янада кучайтириш, ишларни дастлабки тергов даврида ва судда кўришда йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида суд амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш юзасидан суд фаолияти тизими ва жиноят ишларнинг категориялари бўйича 115 та умумлаштириш ўтказилди. Натижада аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли давлат муассасаси, корхона ва ташкилотларига 93 та таклифлар киритилди. Шунингдек, умумлаштиришлар барча судьялар ва суд ходимлари иштирокида муҳокама этилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Маълумки, бугунги кунда сайёр суд мажлисларини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. 155 та жиноят иши мана шундай сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Судлар томонидан жиноятнинг асл сабаблари ва уни келтириб чиқараётган омиллар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида судда кўрилган ишларнинг 70,7 фоизини ташкил этган 520 та иш бўйича алоҳида ажрим чиқарилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан корхона, ташкилот ва идораларда, шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, фуқароларимизда Конституция ва қонунларимизга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, миллий қадриятларимизга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибатларини тушунтириш, ҳар бир жабҳада қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.
К.Тарихов,
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш каби бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Жорий йилнинг 24 июль санасида “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш назарда тутилган.
Бу каби ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шунингдек, ўтган йилдан қолдиқ сифатида жами 7.179 та иш келиб тушди. Шундан 5.498 та иш кўрилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 201 тага яъни 3,8 фоизга кўпдир. 1.874 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўрилди.
4.227 та иш бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, шундан 3.633 та иш бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган. 594 та иш бўйича даъво аризалари рад этилган. 512 иш бўйича аризалар ишлаб чиқаришдан қисқартирилиб, 759 та ариза кўрилмаган.
Шунингдек, жами 2.655 та аризалар бўйича суд буйруғи чиқарилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 574 тага камайганини кўрсатади. Айниқса, алимент ундириш борасида 178 тага, солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги буйруқлар сони 69 тага камайган.Ҳисобот даврида кўрилган ишлар ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бузиш ҳақидаги ишлар 879 тага, битимлар билан боғлиқ ишлар 122 тага, никоҳни бекор қилиш 42 тага, ишга тиклаш 99 тага, ер билан боғлиқ 11 тага, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш 2 тага ошган бўлса, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар 553 тага, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бузиш билан боғлиқ бўлмаган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ ишлар136 тага, оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар 26 тага, уй-жой билан боғлиқ ишлар 19 тага, иш ҳақини ундиришга оид ишлар 12 тага, мулкни хатловдан чиқариш ҳақидаги ишлар 12 тага камайган. Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича рақамларга эътибор қаратсак, жорий йилнинг 9 ойи давомида шу мазмунда жами 1.870 та иш қўзғатилган, 503 та иш бўйича оилалар сақлаб қолинган бўлса, 753 та никоҳни бекор қилиш юзасидан қарор қабул қилинган.
Ҳар хил категориядаги ишлар бўйича жами 20 марта суд амалиётини умумлаштириш ўтказилди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳамда аҳоли ўртасида бир қатор тарғибот, тушунтириш ишлари юритилиб келинмоқда.
А.Адилов,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий ишлар бўйича суди раиси:
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий ишлар бўйича судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган 2019 йилнинг 9 ойи давомида судлар томонидан 17.084 шахсга нисбатан 15.051 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг шу даврида 13.110 шахсга нисбатан 11.360 та ишни ташкил этиб, якунланган ишлар сони 3.691 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони 3.974 нафарга камайган. 2019 йилнинг 9 ойи давомида 11.114 шахсга нисбатан 9.965 та маъмурий иш бўйича ҳуқуқбузарларга жазо қўлланиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса, шу йилнинг 9 ойида 9.469 шахсга нисбатан 8.339 та иш бўйича ҳуқуқбузарларга жазо қўлланилган.
Шунингдек, 2020 йилнинг ўтган ойлари давомида биринчи босқич судлари томонидан жами 1.394 та иш кўриб чиқилиб, шундан 1.234 иш бўйича илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, 160 та илтимоснома рад этилган.
Бундан ташқари карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 720 нафар шахсга нисбатан 583 та иш кўрилди. Шундан маъмурий жавобгарликка тортилган жами 698 шахсдан 397 нафари ёки 56,8 фоизи жарима, 301 шахсга ёки 43,1 фоизига маъмурий қамоқ жазо чоралари қўлланилган. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан тегишли идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг масъул шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан жами 520 та иш кўрилган бўлса, шундан 365 та иш бўйича фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Умуман олганда, маъмурий ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу эса жамиятимизда тинчлик, осойишталикни сақлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Г.Зарипова,
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси:
Ишимиз самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастурил амал бўлиб хизмат қилмоқда. Маълумки, жорий йилнинг ўтган ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан 3.029 та иш кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2.106 ишга яъни, 41,1 фоизга камайган. Шундан суд ҳукми тартибида 17 та, соддалаштирилган тартибда 192 та иш кўрилди. Жами 178 даъво аризаси электрон шаклда келиб тушган. Кўрилган ишлар таҳлил қилинганида, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ 2166 та, маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга оид 643 та, корхоналар ва фуқароларнинг инқирозига доир 210 та, корпоратив муносабатлар билан боғлиқ 10 та иш кўриб чиқилган.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар даъвогарлигида жами 502 та иш, деҳқон ва фермерлар даъвогарлигида 116 та иш кўрилди.
Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида судьялар томонидн 1.536 та иш, яъни кўрилган ишларнинг 50,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Шунингдек, республика бюджетига 4 млрд. 351 млн. сўм давлат божи ундирилди. Тарафлар томонидан 793.7 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланди.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида кўплаб тарғибот, тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Зеро, ҳар бир ишда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир судья фаолиятининг муҳим омилларидан биридир.
Феруза НУРУЛЛАЕВА.