Маҳалла тизимидаги ишлар муҳокама этилди


Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари А.Икрамов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ республикамизга ташриф буюриб, маҳалла тизимидаги ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли орасида учраётган муаммолар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари, ўринбосарлари, мутахассислари ва Ёшлар агентлиги ходимлари иштирок этди. Йиғилишда Президентимиз томонидан маҳалла тизимининг жамиятдаги нуфузини ошириш, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари ва ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Вазирлик фаолиятини тўғри йўлга қўйишда уларнинг олдида турган вазифалар бўйича фикр-таклифлар билдирилди. Ушбу тизимда фаолият юритаётган айрим ходимлар, жумладан, фуқаролар йиғинларининг раислари ва уларнинг ўринбосарлари ҳалигача масъулиятни ҳис қилмаётгани, ишга янгича ёндашмаётгани ва фуқаролар муаммоларининг асосий қисми жойида ҳал этилмаётгани кескин тан­қид остига олинди.

Шунингдек, тадбир доирасида, Хўжайли, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда фуқаролар йиғинлари, ички ишлар органлари ва бошқа тегишли идораларнинг ҳамкорликдаги профилактик тадбирларини кучайтириш натижасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти ўрганилиб, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар қайд этилди. Келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.