Қорақалпоқ матбуоти, журналистикаси оғир жудоликка учради. Шу йилнинг 7 ноябрь куни интилувчан, фидойи журналист, болаларнинг ягона севимли нашри — “Жеткиншек” газетаси Бош муҳаррири, касбдошимиз Абдулла Ембергеновни 48 ёшни қаршилаётганида чуқур қайғу билан сўнгги манзилга кузатдик.
А.Ембергенов 1973 йили 30 мартда Чимбой туманида туғилган. Ўрта мактабни муваффақиятли тугатгандан сўнг, 1991 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика мутахассислиги бўйича ўқишга киради. 1996 йилдан дастлабки иш фаолиятини ёшлик шижоати билан республика ёшларининг “Қарақалпақстан жаслары” газетасида адабий ходимликдан бошлади. Ҳар хил жанрда ёзган мақолалари, ёритган ҳаётий муаммолари билан ёш иқтидор эгаси тажрибали устоз журналистлар назарига тушиб, икки йилдан сўнг республикамизнинг етакчи нашри-“Еркин Қарақалпақстан” газетасига ишга ўтди.
Катта шижоат билан нуфузли газетанинг агросаноат таҳририятида ижодий фаолият бошлаган у, кейинчалик газетанинг жанубий туманлари бўйича мухбири сифатида фидойилик билан меҳнат қилди. Ёзган мақола, очерклари, лавҳалари билан ўқувчилар эътиборини қозониб, талантли журналист сифатида танилди. Доимо ўз устида изланишда юрадиган касбдошимиз “Еркин…”нинг масъул котиби лавозимида фаолият юритиб, газета дизайнини янгилаб, чиройли ва мазмунли ёритилишида муносиб ҳисса қўшди.
Ҳақиқий ижодкор А.Ембергенов 2010 йилда болаларнинг ягона нашри-республика “Жеткиншек” газетаси етакчиси сифатида тайинланиб, бугунги кунга қадар ушбу газетанинг қизиқарли, мазмунли ёритилишида бор билим ва иш тажрибасини сафарбар этди.
Иқтидорли касбдошимиз қисқа умри давомида қорақалпоқ матбуотида, журналистика соҳасида ўз ўрнини топган, обрўли инсон эди. Жамоада юксак инсоний фазилати, касбига бўлган садоқати натижасида халқаро, шунингдек, қатор республика танловлари ғолиби бўлди. Мутасадди ташкилотларнинг Фахрий ёрлиқлари, мустақиллигимизнинг юбилей кўкрак нишонлари билан тақдирланди, бир қатор шогирдлар тайёрлади.
Самимий инсон, ардоқли ота, талантли журналист Абдулла Ембергеновнинг ёрқин хотираси ёдимизда узоқ сақланиб қолади.
“Қорақалпоғистон тонги” ва “Қорақалпоқ адабиёти” газеталари таҳририяти жамоаси.