Давлатимиз тараққиёти, унинг келажаги, халқимизнинг маънавий бойлиги, куч-қудрати албатта ёшларимизнинг интеллектуал билим даражаси билан бевосита боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига берилаётган катта эътибор натижасида олий маълумотли бўлишга интилиш ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага чиқди.
Бугунги кун ўқувчиси, абитуриенти аввалгилардан анча илғор. Чунки, бу давр тақозоси. Бугуннинг абитуриенти ҳеч қандай ташқи таъсирларга берилмаслиги керак. Таваккал қилиб кўраман, омадим келса кираман, деб юрган ўқувчи фақат вақтдан ютқазади.
Жорий йилда Қорақалпоғистондаги 9 та олий таълим муассасаларига жами 82 минг 397 нафар абитуриентлар ўз ҳужжатларини онлайн рўйхатдан ўтказди. Шундан 70 минг 482 нафари тест синовлари орқали, 11 минг 915 нафари ижодий имтиҳонлар орқали ўз билимларини синовдан ўтказишлари белгиланди. 2020 йил 2-13 сентябрь кунлари оралиғида тест синовлари ўтказилган 4 та сектор (бино)да кириш тест синовлари белгиланган қоидалар асосида ўтказилди. Белгиланган тартиб асосида тўлиқ рўйхатдан ўтган 67 минг 470 нафар абитуриентлар тест синовларида иштирок этиши белгиланди ва шулардан 65 минг 680 нафар (97,4%) абитуриентлар синовларда иштирок этди. 1790 нафар абитуриент тест синовларида сабабсиз қатнашмади. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ва секторларга киришда 9 нафар (0,55%) абитуриентлар таъқиқланган воситаларни олиб киришга, бошқа абитуриентнинг ўрнига киришга уринганлиги учун четлаштирилди.
Тест жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш учун 360қ га айланувчи, назорат қилувчи камералари орқали доимий видеокузатув ўрнатилди, шахсни идентификациялаш воситалари орқали абитуриентлар объектларга киритилди. Жараён онлайн режимда test2020.uz сайти ҳамда test2020 мобиль иловаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Жорий ўқув йили учун ўтказилган кириш тест синовларида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириши ва кириш кўрсаткичлари қуйидагича.
Жорий ўқув йилида таълим муассасаларини 35 минг 598 нафар ўқувчилар битирган бўлса, шулардан умумтаълим мактабларини 24 минг 929 нафар, касб-ҳунар коллежларини 9 минг 959 нафар ва академик лицейларни 710 нафар ўқувчилар битирди. Шундан 27 минг 755 нафар битирувчилар олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, тест синовларида иштирок этди (жорий йил битирувчиларининг 78%и). Тест синовларида иштирок этганлардан 4451 нафари (16%) талабаликка тавсия этилди. Шундан 18 минг 920 нафари жорий йилда умумтаълим мактабларининг битирувчилари бўлиб, 2990 нафари (16%) ўқишга тавсия этилди.
2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун ўтказилган тест синовлари натижасига кўра 65 минг 920 нафар абитуриентлар талабаликка тавсия этилмади (рақамлар фақат тест синовида иштирок этиши белгиланганлар ҳисобидан олинган). Тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган 8872 нафар абитуриентлардан ташқари ҳисобланганда 57 минг 048 нафар ёшлар ўқишга тавсия этилмади.
Бугун тез суръатлар билан ривожланиш, янгиланиш даврида таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тест синовини такомиллаштириш асосий вазифалардан саналади. Шу асосда 2020 йил 12 октябрда “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор асосида умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш жорий этилмоқда. Қарорга кўра, 2020 йил 1 декабрдан (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМ бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилади. Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан кимё ва биология фанлари бўйича, 2022-2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича сертификат жорий этилиши назарда тутилган.
Кўриниб турганидек, олий маълумотли бўлиш истагида бўлган талабгор шу асосда ўз билимини синаб кўриши ва миллий сертификатга эга бўлиши, унинг келажакда ўзи хоҳлаган таълим йўналиши бўйича таълим олиши учун имконият яратади.
М.АБДУЛЛАЕВ,
Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими бошлиғи.