Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов иштирокида ўтказилган тадбирда бугунги кундаги пандемия шароитида соҳа вакилларининг фаолияти ҳаётимизда қанчалик муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 1,9 миллион нафар аҳолига 38 стационар шифохона ва 146 та амбулатория-поликлиника муассасалари хизмат кўрсатиб, улардан 35 та қишлоқ врачлик пункти, 69 та қишлоқ оилавий поликлиника, 17 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та шаҳар оилавий поликлиника ҳамда 16 та туман ва битта шаҳар тиббиёт бирлашмалари аҳоли саломатлиги йўлида фаолият юритмоқда.
Ҳудудда аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида бунёд қилинган 69 та қишлоқ оилавий поликлиникаларида аёллар маслаҳатхонаси, қизлар саломатлиги хонаси, тез ёрдам шохобчаси ва ижтимоий дорихона очилди.
Аҳоли энг кўп мурожаат қилинган «тез ёрдам» фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилди. 2017-2019 йилларда тез тиббий ёрдам соҳасига 84 та янги «Дамас» маркали, 18 та замонавий реанимобил келтирилди ва уларнинг умумий сони 167 тага етди.
Сўнгги уч йил ичида дори-дармон ва тиббий буюмларни етказиб беришда бир қатор ижобий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, ушбу мақсадлар учун 2017 йилда давлат бюджетидан 19,7 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2020 йилда 52,2 миллиардга ошди, бу 2017 йилга нисбатан 3 карра кўпроқ дегани.
Жорий йилда Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасининг очилиши ва ўқув биносини реконструкция қилиш ишлари якунланди. Йил охирига қадар ускуналар ҳам етказиб берилади.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон тиббиёт институти Санкт-Петербург давлат педиатрия университети ва Кореянинг Корея университети билан ҳамкорликда халқаро факультет очишни режалаштирган бўлиб, 2019-2020 ўқув йилидан Санкт-Петербург давлат педиатрия университети билан қўшма факультетга талабалар қабул қилинди.
Е.Қаноатов.
М.Ҳабибуллаев олган сурат.