Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 июлдаги “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамият саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, унинг ҳудудий муассасалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамият саломатлиги бошқармаси ўз иш фаолиятини бошлади.
— Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида маҳаллий мутасадди идоралар, корхона ва ташкилотлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорликни таъминлаш бошқарманинг асосий вазифаси саналади, — дейди бошқарма бошлиғи Баҳадир Қутлимуратов.
Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг амалдаги санитария қоидаларига, меъёрларига ва гигиена қоидаларига амал қилиши юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ва санитария — эпидемиологик осойишталик соҳасида қонунбузарликлар бўйича белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чораларини қўлланиш, озиқ-овқат, хомашё ва истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланадиган субъектлар фаолиятида асосланган меъёр ва стандартлар талабларига амал қилиш устидан тасдиқланган методологиялар асосида назоратни амалга оширади ва мувофиқлаштириб боради.
Хизмат кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талаблар юзасидан махсус экспертизалар ўтказади. Юқумли, паразитар, шунингдек, юқумли бўлмаган касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган санитария-гигиена тадбирларни ташкил қилиб, амалга оширади. Санитария-гигиена, радиация ва физик омиллар, бактериология, вирусология, паразиталогия ва жуда хавфли касалликлар лабораторияларининг фаолиятини йўлга қўяди.
Инсон саломатлигига таъсир қилувчи факторлар бўйича тизимли мониторинг ташкил этиб, амалга оширади ва таҳлил қилиб, тегишли ҳисоботларни юритади. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган ўчоқли дизенфекция, дизенсекция, дератизация тадбирлари ўтказилишини таъминлайди ва бошқа соҳага оид вазифалар белгиланган.
Санитария-эпидемиологик хизмати ташкил қилинаётганлиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлимлари фаолияти тўхтатилди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.