Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи, республикамизда саноат ва қурилишни ривожлантиришда катта ҳисса қўшган меҳнат фахрийси Жанабай Алламуратов 83 ёшида вафот этди.
Ж. Алламуратов 1937 йилнинг 4 майида Шўманой туманида туғилган. 1960 йилда Марказий Осиё политехника институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1960-1961 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги жамоат хўжаликларида қишлоқ хўжалиги қурилиши бошқармаси техника ёрдами бюросининг катта инженери ва бош инженери сифатида бошлаган. 1961-1964 йилларда 166-сонли қурилиш трести, 1-сонли қурилиш бошқармасининг қурувчи устаси, 1964-1968 йилларда 166-сонли қурилиш трести прораби, катта прораби, бўлим бошлиғи, 2-сонли қурилиш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.
1970 йилда “Ўзтрансмахсусқурилиш” трести 129-сонли ҚМҚ бошлиғи,1970-1973 йилларда Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси инструктори бўлиб ишлаган. Ж.Алламуратов 1973 йилдан 2003 йилга қадар “Қарақалпақгаз” бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Республикамизнинг энг чекка ҳудудларидаги аҳолига табиий газ етказиб беришда фаоллик кўрсатди. У ўзининг чуқур билими, ташкилотчилик қобилияти, самимийлиги билан ҳурмат-эътибор қозонди, қатор шогирдлар тайёрлади. Бир неча бор Қорақалпоғистон Республикаси Олий Советига депутат бўлди.
Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1979 йилда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи”, 2000 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” давлат мукофотлари ва биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ж.Алламуратов ўзининг деярли 60 йиллик меҳнат фаолияти давомида бой билими ва тажрибаси, юксак инсоний фазилатлари билан халқимизга фидойи хизмат қилди.
Халқимизнинг фидойи фарзанди, камтарин ва ардоқли инсон Ж.Алламуратовнинг ёрқин хотираси ёдимизда узоқ сақланиб қолади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги.