Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни дунё миқёсида кенг нишонланади. Аслида ногирон ва имконияти чекланган инсонларнинг ҳолидан нафақат ушбу кунда, балки доимий равишда хабар олиб туриш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Кўрсатилган озгина ғамхўрлик ва эътибор ҳам уларнинг кўнглини тоғдек кўтаради.
Мамлакатимизда имконияти чекланганлар, улар парваришланаётган оилалар учун кенг имкониятлар яратилган. Ногирон фарзандлари бор оилаларга ғамхўрлик кўрсатилиб, бундай болаларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Беруний тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 72 та умумтаълим мактабларида уй шароитида таълим олувчи имконияти чекланган ўқувчилар сони 116 нафарни ташкил қилиб, уларнинг ҳолидан доимий равишда хабар олиб турилади.
Бу борада туман прокуратураси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳисобланган имконияти чекланган болаларнинг 5 нафарига ногиронлик аравачалари, 3 нафарига қишги кийим-кечак, 10 нафарига зарур дори-дармонлар, 5 нафарига ўқув қуроллари ва китоблар, 8 нафарига зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Бу эътибордан болажонлар ва уларнинг ота-оналари кўзидаги қувонч, уларнинг эртанги кунга бўлган умид ва ишончларини кўриш – биз учун энг катта бахтдир.
Расул Халмуратов,
Беруний тумани прокурори.