Тил — миллат тараққиётининг маънавий пойдевори


Бирор тил ҳеч қачон шунчаки тарих саҳнасига кириб қолмайди. Бунда миллий руҳ мустаҳкамлиги, мақсадда собитлик, зиёлиларнинг саъй-ҳаракати асосий омил бўлади.

Ўзбек ва қорақалпоқ тилини чинакамига давлат тили мақомига кўтариш йўлидаги ҳаракатлар натижасида 1989 йил 21 октябрь ва 1 декабрь қутлуғ сана сифатида тарихимиз саҳифаларига муҳрланган. Яъни 21 октябрь — ўзбек тилига, 1 декабрь — қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кунлар байрам тарзида нишонланадиган бўлди. Ҳа, маърифатимиз дарғалари бўлган Беҳбудий, Авлоний, Абдулла Қодирий, Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақлар орзу қилган «Тил озодлиги — дил озодлиги»  рўёбга чиқди.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бениҳоя холис тил сиёсати шаклланган. Унинг талабларига кўра, юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатларнинг тили ва маданияти ҳурмат қилиниши, ривожи учун барча шароит яратилган.

Бизларнинг олдимиздаги муҳим вазифалардан бири, тилимизнинг софлигини сақлаш, уни келажак авлодга соф ҳолича етказиб беришдир.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди”.

Таъкидлаш лозимки, 1 декабрь — қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Тўрткўл туманида ҳам қатор илмий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилди. Уларда Ажиниёз, Бердақ, И.Юсуповларнинг она тилига бағишланган шеърлари ўқилди. Қорақалпоқ тилининг ўзига хос хусусиятлари эътироф этилди.

Албатта «Тил — миллат кўзгуси» деган иборага қалбимиздан жой берсак, тилга муҳаббатимиз абадий бўлади.

Ўз она тилини билмай қориштириб сўзлаётганлар, хар икки жумланинг бирида “так,что”, “значит”, “кароче” деб тил хазинасини пайҳонлаётганлар бор.

Шундай экан, асосий мақсад кимнидир жазолаш эмас, балки ўз она  тилига ҳурмат-эҳтиром ҳиссини оширишдир.

Абу Райхон Берунийнинг фикрича, тил — сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимонидир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ҳам айни ҳақиқатдир: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Демак, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун энг аввало тилга ҳурмат ва эҳтиром ила ёндашишни тўла англаб етсак баркамоллик сари қадам ташлаган бўламиз.

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.