Кўнгил — Каъба


Кўнглим, кўрганларинг ўзингга аён,

Фойдаси қайсидир, қайдадир зиён,

Хулоса шу бўлди: йўл олсанг қаён,

Олду — орқа, ўнгу — сўлинга қара.

Дўстликни мустаҳкам қилайин десанг,

Бир сирдош дилафрўз тилайин десанг,

Кимнинг кимлигини билайин десанг,

Дунё, молигамас дилига қара.

Кузат. Бино қўйса кимки ўзига,

Яширолмас сирин ойна — кўзига,

Боқма ўзин мақтаб айтган сўзига,

Ҳурмат-иззат этган элига қара.

Кўргил, аҳли аёл, хеш, фарзанд қадрин,

Баҳолайман десанг одамнинг мардин,

Хол-аҳвол сўрайди айтмай ўз дардин,

Оллоҳ синаб суйган қулига қара.

«Тош тушган ерига оғир» — ҳикмат бу,

Ҳаёт синов берса, қодир қудрат бу,

Аюб алайҳиссаломдан мерос фитрат бу —

Бардош, сабр, шукр йўлига қара.

Берган ўзи, ўзи олгай балосин,

Баттардан сақла деб тила дуосин,

Мушкулнинг кушодин,дарднинг шифосин,

Каримнинг карамин мўлига қара.

Мансаб, амал — бари ўткинчи — рўё,

Ювсанг кетар қўлнинг киридир гўё,

Яхшилик касб этган умр — дарё,

Мартаба — эл меҳри мўлига қара.

Эл учун хизматинг ҳар недан аъло,

Ҳурматинг юксалар, йўламас бало,

Саломчи, бировнинг қўлига асло —

Қарама,

Каъбаси — Кўнглига қара!

Турсунбай Абдуллаев.