Нукусда Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташаббуси билан брифинг ўтказилди. Брифингда Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мутасаддилари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусига кўра, Бош Вазир қабулхонаси қошида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди.
Жорий йилнинг ноябр ойида иш бошлаган мазкур клиника Агентлик томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда Давлат хизматлари маркази, Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхоналари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келмоқда.
Маълумки, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни ривожлантириш – сифат, унумдорлик ва тараққиётнинг муҳим омили саналади.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва корхоналарнинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда клиника фаолиятига “ягона дарча” тамойили асосида Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, тижорат банклари, бошқа мутассадди ташкилотларнинг масъул ходимлари жалб этилган.
Хусусийлаштириш жараёнларини очиқ ва шаффоф ёритиш, хусусийлаштирилаётган объектлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, санация тартиботларини қўллаш бўйича тавсиялар бериш, кўмакка муҳтож корхоналарга “консилиум” асосида амалий ёрдам кўрсатиш, бизнесни юритиш ва корпоратив бошқарувни йўлга қўйишда амалий ёрдам бериш, юридик ва молиявий-иқтисодий маслаҳатлар бериш клиниканинг асосий вазифаларидандир. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятидаги ҳар қандай масалалар бўйича беғараз амалий ёрдам, иқтисодий-молиявий, юридик маслаҳатлар ва ахборот хизматларини кўрсатиш белгиланган.
Бугунги кунга қадар клиникага юридик ва жисмоний шахслардан жами 66 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 53 таси ҳал этилган. Қолган 13 та мурожаат назоратга олинган ва айни дамда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Мурожаатларни таҳлил қилганимизда 40 таси бўш бино ва ижара масаласи, 10 таси хусусийлаштириш, корпоратив ва мулк масаласи,1 таси ер ва аукцион масаласи, 4 таси кредит масаласи ҳамда 11 таси тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган масалалар билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди.
— Клиникамизга мурожаат қилган тадбиркорларнинг муаммолари манфаатдор идоралар вакиллари иштирокида бир иш куни ичида ўрганиб чиқилади, — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ажинияз Мнажов. — Кўтарилган масалага ташхис қўйилади ва масаланинг ечими бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Агар мурожаатчи клиникага келолмаса, бу ҳолатда видео ёки аудиоконференцалоқа орқали тушунтириш имконияти мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айнан ана шу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Фармонга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат улушларини хусусийлаштириш ва давлат улуши мавжуд корхоналарга бепул бериш белгиланган.
Мазкур фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашига берилган ваколатлар доирасида жорий йилнинг 1 декабрига қадар 51 та давлат кўчмас мулки объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши таъминланди.
Тадбирда тадбиркорлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мутасаддилар билан фикр алмашишди. ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Ф.Нуруллаева.